Тасаввуф нима? (Тасаввуфни инкор қилувчиларга раддия)

Тасаввуф нима? (Тасаввуфни инкор қилувчиларга раддия)

Amirkuloluz

 Тасаввуф илми бошқа шаръий илмлар (қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, ) қатори Пайғамбармиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи вассалам, у кишидан кейин келган саҳобалар, тобеъин ва табаъ тобеъинлар даврида шакилланиб, ривожланиб борди. 2-ҳижрий йил охирларида аҳли суннат таълимотида, қалбалрини ғофилликдан қуртқариб ва нафсларини Аллоҳ итоат қилдириш бахтига эриша олган инсонлар ўзларини “сўфийлар”, ушбу таълимотга “тасаввуф” деб ном бердилар.

  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг бандалари орасида шундай инсонлар борки, улар пайғамбар ҳам шаҳид ҳам эмаслар. Қиёмат куни Аллоҳ уларга берган макон-манзилаларига пайғамбар ва шаҳидлар ҳавас билан қарайдилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулаллоҳ, бизга хабар беринг улар кимлар?,”, дедилар. Айтдилар: “Улар Аллоҳни муҳаббатига қалб билан боғланганлар. Уларни боғлабган нарса қариндошлик ва ўзаро мол-мулк ҳам эмас. Аллоҳга қасамки уларнинг юзларида нур бор. Ва улар нур узрадирлар. Инсонлар қўрққанда улар қўрқмаслар. Улар маҳзун бўлганда улар ҳаргиз маҳзун бўлмаслар. Ҳамда ушбу оятни ўқидилар: “Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар” (Юнус сураси, 62- оят)”, деб марҳамат қилдилар. (Абу Довуд ривояти) 

  Тасаввуф назария асосчиси бухоролик аллома Абу Бакр Калободий (ваф.990й) раҳтиаҳуллоҳ Бишр ибн Ҳорис ал-Ҳофийдан келтириб: “Сўфий қалбини Аллоҳ учун мусаффо қилган кишидир” дедилар. (“Ат-таърруф ли мазҳаби ахли ат-тасаввуф” Абу Бакр Калободий 5-саҳифа)

   Миср қориларининг пешвоси, барча Миср қориларининг санади у кишига бориб тақалган етти қироат илмининг устозларидан Қози Шайх ул-Ислом Закариё ал-Ансорий (823-926.йй) раҳимаҳуллоҳ тасаввуф таърифида айтадилар:

“Тасаввуф- нафсни тозалаш, хулқни поклаш, абадий саодатга етмоқлик учун зоҳирни ва ботинни қайта тиклаш ҳолини ўргатадиган илмдир. (“Рисолат ул-қушайрия” 7–саҳифа Али Ҳомиш).

 Тасаввуф илми пешқадам олимлардан саналган Имом Жунайд Боғдодий (843-919й.) раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Тасаввуф- барча сунний хулқларни фойдаланиб, даний (ёмон) сифатларни тарк қилиш. (“Ан-Нусрат ан-Набавий” 22- саҳифа, Мустафо Маданий.). Баъзилар: “Тасаввуф-унинг барчаси хулқдир. Ҳар вақт ахлоқинг ошса тасаввуфинг ҳам ошади” (“Ан-Нусрат ан-Набавий” 22- саҳифа, Мустафо Маданий. ) Имом Ғаззолий (1058-1111 й)раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Бу йўлни илм ва амал эканини бунинг натижаси нафс оқибатларини узиб, ёмон ахлоқлардан, нопок сифатлардан покланиб, қалбни Аллоҳдан ғофил бўлиб қолишдан, Аллоҳни зикри билан безанишга олиб борадиган илм деб билдим” дейдилар. (“Ал-мунқиз минзолал”, Имом Ғаззолий).

   Демак, бу йўл илм ва амалдан иборат экан. Илмсиз амал наф бермагани каби амалсиз илмда ҳам ўз соҳибига ҳеч қандай фойда бермайди. Банда ҳар икки сифатни ўзида жамлашлик билан, нафсидаги барча ёмонликларни чиқариб ташлаб, гўзал хулқ, чиройли ахлоқ билан зийнатланиб қалбни бир лаҳза бўлсада, Аллоҳ ва унинг зикридан ғофил қолишдан сақласагина мақсадга мақсадга эриша олади. 

  Имом Абдураҳмон ибн Муҳаммад ас-Саққоф (1361-1441й)айтганларидек:

“Ҳар бир илм амалсиз ботилдир. Ҳар бир илм ва амал ниятсиз ҳавога учган чанг кабидир. Ҳар бир Ҳар бир илм, амал/ ният, суннатга мувофиқ бўлмаса рад қилингандир. Ҳар бир илм , амал, ният ва суннат тақвосиз бўлса, йўқотишдир. Бу амал вазни қолмагандан соҳиби зарарига бўлишидан қўрқилади. (“Моҳият ут-тасаввуф ва симату аҳлиҳ” Ҳабиб Умар ибн Ҳафиз)

  Олимлар бу таърифлардан келиб чиқиб, тасаввуф инсонни ички оламини поклашга инсонга “эҳсон”(Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қилишлигиинг агар уни кўриб турмаган бўлсанг у сени кўриб турибди) рутбасини юксалтиришга қаратилдаган илмдир. Фиқҳ илми бандаларни тоат-ибодатларни тўғрилашга , ақида илми эътиқодларидаги нуқсонларни кетказиш, наҳв (грамматика) илми тилларидаги адашишни тузатиш учун фан сифатида шаклланган бўлса, худди шундай ҳижратнинг иикинчи аср охирларига келиб бошқа илмлар қатори тасаввуф мустаққил илм- сифатида эътироф этила бошлаган.

  Тасаввуф таърифига тўхталадиган бўлсак, унга олимлар мингдан ортиқ таъриф берганлар, жумладан; “сифат” сўзидан олинган, яъни: “улар барча яхши сифатларни олиб, койилган барча ёмон сифатларни тарк қилиган” дедилар. Баъзилар “софо” поклик сўзидан иштиқоқ қилинган дедилар. Баъзида “Аҳли суффа” (Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига туташ жойда, усти ёпилган суффа бўлиб, улар шу ерда яшаганлар) зоҳид саҳобалар бўлишган учун уларга нисбат берилган. (“Ийқоз ал-ҳимам фий шаръил ҳикам”, Ибн Ажийба 6-саҳифа). Бу таърифларни чексиз давом эттирса бўлади, аммо бу шу келтирилгна таърифлар билан кифояланмиз. Бу таърифларнинг барчасинг мажмуъ шундаки, тасаввуф нафс поклиги, қалб софлиги, хулқни тузатиб, эҳсон даражасига еетказишни тасаввуф деб таърифлашган. Абул Ҳасан Нурийдан (840-907й): “Тасавуф нима?, деб сўрашди. У зот: “нафс улушини тарк қилмоқдир”, дедилар.( (“Ат-таърруф ли мазҳаби ахли ат-тасаввуф”, Абу Бакр Калободий 9-саҳифа)

  Баъзилар тасаввуф Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар даврида бўлмаган деган даъволарни қилишган. Тўғри, у замонда кўп нарса бўлмаган.Улар бу илмни бошқа илмлар қатори ҳадис, фиқҳ, ақида, номлар билан номламаган бўлсаларда табиатларида тасаввуф –ихлос, зуҳд, тавозеъ, пастфеъллик, каби сифатлар сийратларида жо бўлган эди.

Тасаввуф тарихи тўғрисида Мағриблик олим, ориф, Имом Ҳофиз Саййид Муҳаммад Сиддиқ ал-Ғуморий раҳимаҳуллоҳдан: “Тасаввуфга ким асос солган” деб сўрашди. Бас у киши: “ бу йўлга самовий ваҳий орқали Муҳаммадий динда асос солинган деб билишимиш керак. Шубҳа йўқки, бу йўл Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бирма-бир баён қилиб берган дин аркондларидан саналаган эҳсон моқомидир. Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб ислом, иймон, эҳсон мақомларни баён қилиб бергандан сўнг Пайғамбармиз алайҳиссалом: “Бу Жаброил алайиссалом сизларга дийнигизни ўргатмоқлик учун келди” дедилар. (Муслим ривояти).

  Имом Қушайрий(ҳиж.346-465-й) раҳимаҳуллоҳ “Рисолойи Қушайрия” асри муаллифи айтадилар: Шуни билингки, мусулмонлар Пайғамбар салаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўз замонларида Расулуллоҳни ёнларида юрганларни “саҳоба” деб энг афзал ном билан номлашди. Чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг суҳбатларига бўлишдек афзалроқ бахт йўқ эди. Шу сабаб улар саҳоба деб аталди. Ундан сўнг инсонлар арлашиб, хилма-хил бўлиб кетдилар. Айтилдики, дин йўлини маҳкам тутган хос инсонлар зоҳид ва обид деб номланди. Сўнгра бидъатлар юзага чиқди. Турли хил фирқалар ўртасида бузилишлар содир бўлгандан кейин ҳар бир тараф ўзларига “зоҳидликни” даъво қилдилар. Мана шунда нафсларини муроотини қилиб Аллоҳ учун сақлаганлар, қалбларни турли хил ғафлат йўлларидан асровчи аҳли суннатнинг хос кишларидан  бир тоифа ўзларини “тасаввуф” номи билан номлашди. Бу ном у улуғлар ўртасида ҳижратдан икки юз йил аввал машҳур бўлди. (“Кашфуз-зунун ан- асмаил кутуби ва фунун” Ҳожи Халифа 1-жуз 414 саҳифа). Мана шу тарзда, ҳар асрда ананавий давом этиб келятган тасавуф илмини ботилга чиқарган Аллоҳнинг авлиёларини инкор қилиб, валийлик ва кароматни ҳамма оддий бир иш деб қарайдиган бемазҳаб тоифалар ҳам чиқди. Тасавуфни мутаассиблик дейишди, бунинг сабаби, “тасаввуфдаман, “тариқатда юрибман” деб баъзи чаласаквод кишиларнинг шариъат ва тариқатга зид иш қилганлари боис, тасаввуфга бу сулук йўлига маломат тоши отадиганлар кўпайиб қолди. Тасаввуф ўзларини “пир” ва “мурид” каби номларни қўйиб олиб, унга хилоф қиладиган тоифа тутган йўлдан покиза бир таълимотдир. Бу тоифаларнинг айнан тасаввуфга зарба беришларига сабаби, амалнинг маҳияти тасаввуфдир. Амал моҳиятдан айиргандан кейин аслият ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Аслида тасавуф қуръон ва суннатдан ташқари таълимот эмас. Жунайд ал-Боғдодий раҳимаҳуллоҳ ўз сўзларида бир неча маротаба: “Бизнинг илмимиз (тасаввуф) қуръон ва суннатга асослангандир. Ким қуръон ёдламаса, ҳадис ўқимаса , фиқҳни билмаса унга эргашилмайди” дедилар. (“Тарих Боғдод” Хатиб Боғдодий 7-жуз, 251-саҳифа, Тарих ал-ислом вафойот ал-машаҳир валъалам”, Имом Заҳабий).   Ҳатто бемазҳабалар ўзларига йўлбошчи деб билан Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳам тасаввуф аҳлини таърифлаб: “Бу машойихларки, улуғлар йўлидан аҳли сунна вал жамоа усулидан ташқари чиқмадилар. Балки улар аҳли сунна йўлини тарғиб қилишди, унга чақиришди, унинг ёйилишини қаттиқ исташди. Унга хилоф қилганларга қарши турар эдилар. Ишонч, фазл ва тақводорлик билан Аллоҳ уларни қадрларини кўтарди. Машъали нурларини баланд қилди....” (“Мажмаъ ул-фатво”, Ибн Таймия 3-жуз,377-саҳифа). Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ тасаввуф пешволаридан саналаган Жунайд ал-Боғдодийни таърифлаб: “Жунайд Китоб ва суннатга эргашаган аҳли маърифат шайхларидан эди” деб зикр қилади. (“МАжмуъ ал-фатво” Ибн Таймия 5-жуз,126-саҳифа). 

  Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бизнинг юртдан ҳам кўплаб тасаввуф намоёндалари, пиру муршидлар етишиб чиққанлар. Уларнинг инсон камолоти, руҳий оламини поклаш йўлида қолдириб кетган бебаҳо бой мерослари ҳозирги кунга қадар сақланиб, ўргнилиб келинмоқда. Бунга мисол Муҳтарам юртбошимизнинг  буюк олим ва авлиё зотларнинг қадамжолари обод қилиш баробарида уларнинг қолдирган таълимотларни ўргниш бўйча қарорларини имзолаганлари яққол далил бўла олади.  



Жалолиддин Сабуров

«Саййид Амир Кулол» жомеъ масжиди имом хатиби.

Тошкент Халқаро Ислом Академияси магистранти.

Report Page