Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича 100 дан ортиқ мутахассислар тайёрланди

Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича 100 дан ортиқ мутахассислар тайёрланди

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мамлакатимизда қонунчилик ҳужжатларининг сифати ва самарадорлигини ошириш, чуқур ўйланган ҳамда ҳисоб-китоб қилинган қарорлар қабул қилиш имконини берувчи “ақлли тартибга солиш”, хусусан қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш усулларини жорий этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қонунчилик ҳужжатлари қабул қилиниши натижасида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий оқибатларни аниқлаш ва баҳолашни амалга оширадиган мутахассисларни ўқитиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 мартдаги ПҚ–5025-сон қарори билан Адлия вазирлигига вазирлик ва идораларнинг, шунингдек, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича масъул ходимларини малака ва кўникмаларини ошириб бориш вазифаси юклатилган.

Шу боис, жорий йилнинг август-сентябрь ойларида Адлия вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича махсус ўқув курслари вазирлик ва идораларнинг, шунингдек маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ходимлари учун ташкил этилди. Ўқув курсларини сифатли ва юқори савияда ташкил этиш мақсадида мазкур соҳада бой амалий тажрибага эга бўлган миллий ва халқаро экспертлар, жумладан, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Академияси профессорлари жалб этилди.

Мазкур ўқув курсларида 60 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашга масъул бўлган 112 нафар ходимлари зарур малака ва кўникмаларга эга бўлди.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 28 октябрь куни ўқув курсларини муваффақиялти тамомлаган тингловчиларга сертификатлар Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А. Дракинос ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А. Каримов томонидан тантанали равишда топширилди.

 Тадбир иштирокчилари ўқув курсларининг юқори даражада ташкил этилганлиги ва маърузачиларнинг салоҳиятли ва тажрибали эканлигини алоҳида эътироф этишди. Шунингдек, келгусида норма ижодкорлиги жараёнида таъсирни баҳолаш каби таҳлилий усуллардан кенг фойдаланишларини билдиришди.

Тадбир сўнгида бу каби ихтисослаштирилган ўқув курсларини мунтазам равишда ўтказиш, хорижий экспертлар иштирокидаги анъанавий ва онлайн шаклдаги ўқув машғулотларини ташкил этиб бориш, пировардида, республикамизда қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича мутахассислар сонини ва сифатини янада ошириш белгилаб олинди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Report Page