Tarix

Tarix

Yakkabog‘ 24

Яккабоғдаги “Барлослар мақбараси”

2021 йилнинг 28 август куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимлигининг ташаббуси ва Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Яккабоғ туман муассасаси вакилининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти “Қадимги давр тарихи” бўлими илмий ходимлари ва Ўзбекистон Миллий университети “Археология” кафедраси ўқитувчиларидан иборат гуруҳ туманнинг Учтепа МФЙ ҳудудидаги боғ майдонида сақланиб келган ер ости иншоотини кўздан кечирди. Ўрганишлар натижасида кириш эшиги жанубда бўлган бу ер ости иншооти 25х25х5 см ўлчамдаги пишиқ ғиштлардан тарҳи 12 қиррали қилиб қурилган, энига ва бўйига 4,75 метр, баландлиги 2 метр бўлган мақбара эканлиги аниқланди. Иншоотнинг ғиштларини теришда улар орасига 1-2 см қалинликдаги қир қоришмасидан фойдаланилган.

Ер ости иншоотининг ичидан ва сиртидан мовий рангдаги қопламалар ёпиштирилган пишиқ ғишт бўлаклари ҳам топилди. Олинган ашёлар хусусан, қурилишда ишлатилган ғиштларнинг ўлчамлари бизга янги маълумотларни берди. Кузатишларга кўра, ушбу ер ости иншооти Шаҳрисабзда жойлашган “Дор ус-саодат” мажмуаси таркибидаги Соҳибқирон Амир Темур ўзи учун қурдирган ва унга дафн этилмаган мақбарасининг тузилишига айнан ўхшаш. Шу жиҳатларга қараганда, кўздан кечирилган иншоотнинг қурилиш даврини 14-15 асрлар билан белгилаш мумкин. Ёдгорлик эса кўзга кўринган барлос бекларидан бирининг мақбараси бўлганлигини ҳақидаги фаразни илгари суришга имкон беради. Қолаверса, келгусидаги тадқиқотларда бу масалага аниқ ечим топилади, деган умиддамиз. Бунинг учун эса бу мақбарани давлат муҳофазасига олиш, ёдгорликни панжара билан ўраб, устини ёпиш ва археологик тадқиқот ишларини ўтказиб, туризм инфратузилмасига киритиш тавсия қилинади.

 

Тарих институти бўлим бошлиғи Дилмурод Нормуродов

Report Page