Тарихга Қуръоний назар. 1- қисм.  

Тарихга Қуръоний назар. 1- қисм.  

Маҳмуд Усмон

Темур билан Боязид бир-бирларига қарши жанг қилганлар. Боязид мағлуб бўлган.

Темур уни саройига олиб келиб, ўлгунича ўша ерда сақлаган.

Саройда унга нима бўлгани, унинг кейинги тақдири ҳақида икки хил қарама-қарши ривоят бор.

Баъзи темурий тарихчилар Амир Темур уни иззат-ҳурматда меҳмондек сақлаган, дейдилар.

Бошқа кўплаб араб, турк ва ғарб тарихчилари эса Темур уни кичик қафасда ҳайвондек ёнида сақлаган, унга ўзидан ортган овқатларни бериб, ейишини томоша қилган, уни азоблашдан шунчалик роҳатланганки, ўлиб қолганида қаттиқ хафа бўлган дейишади.

Мен иккала версиядан бирини таржеҳ қилиш ниятида эмасман. Темур унинг баъзи аёлларини хотин ва хизматчи қилиб олгани ва унинг ўз салтанатига қайтолмай, Темур саройида асир ҳолда ўлиб кетгани иккала томоннинг версиясида ҳам тасдиғини топади. Ва шунинг ўзи Боязиднинг дунёдаги оқибати жуда ҳунук бўлганига етарлича далил. Зеро, бир умр қудратли султоннинг ўғли бўлган, сўнгра ўзи қудратли султонга айланган одам учун энг ашаддий душмани қўлида асирликда ўлимига қадар қолиб кетиши, аёллари ўша душманига хотин ва хизматчи бўлиши қандай қилиб чексиз қайғу ва битмас алам бўлмасин?!

Мен кўп ўйлайман, у ўша бахтсиз кунлари нималарни ўйлади экан? Бошида ўғиллари уни қутқаришига умид қилгандир. Кейин ўғилларидан бири (Маҳмуд Чалабий) Темур ёрдамида султон бўлгани ва Темурга асло қарши юрмаслигини англаб етгач, нега бошимга бундай хорликлар келди деб ўйлаганмикан?

Албатта, озроқ раҳм-шафқати бор одам Боязидга ачинади.... Агар тарихни ўқимаган бўлса.

Боязиднинг отаси Мурод буюк фотиҳ, мужоҳид, Аллоҳнинг раҳмати, Қуръоннинг ҳидояти ва исломнинг адолатини кўплаб кофирлар зулмати ва қабоҳати остидаги ерларга етказган, ҳаётини эзгу ишларга сарфлаган зот эди.

У буюк саркарда ва султон Ўрҳоннинг ўғли, Усмоннинг невараси эди.

Унинг жасорати ва муқаддас кураши остида греклар, венгерлар, серблар, болгарларнинг кўплаб шаҳарлари фатҳ этилган, Рум империяси, Серб подшоҳлиги ва бошқалар унга йиллик ўлпон тўлаб турганлар.

Унинг салтанат ворислигига эҳтимолий номзод Ёқуб Чалабий исмли ўғли бўлиб, Ёқуб диёнатли, фаросатли, кучли, чиройли юзли, кўпчилик ҳурмат қиладиган мард йигит эди.

Яна бир ўғли Боязид эса ғилай кўзли, ҳунук башарали, Ёқубдан кўп жиҳатлардан ортда қолувчи йигит эди.

Султон Мурод серблар шаҳзодаси Лазарга қарши Косовани фатҳ этиш учун жангга киради. Жангда ўз одатига кўра мардонавор курашиб, кофирлар устидан ғалаба қилади. Лазар қочаркан, бир гуруҳ қўшин билан уни таъқиб қилиш учун ўғли Ёқубни юборади.

Ўзи эса ғолиб томон саркардаларига хос урфга кўра жанг майдонини кеза бошлайди. Афсуски, у ўзини кутиб турган тузоқдан бехабар эди.

Гап шундаки, Милош исмли серб саркардаси Муроднинг фатҳларидан насроний дунёсини халос қилиш учун бир режа тузганди. У бир гуруҳ аскарлари билан ўзини ўлганга солиб, жанг майдонида ётиб, фотиҳ султон Мурод яқинлашиши пойларди. Султон Мурод оз сонли соқчилари билан улар томон яқинлашганда Милош ва одамлари номардларча тўсатдан султонга ҳужум қилади. Султоннинг хос қўриқчилари етиб келгунларича жангларда ҳеч янгилмаган мард султонни шундай макр билан шаҳид қилади. Ўзи ҳам ўша ерда қатл қилинади.

Султон Муроднинг буюклиги, бу қотилликнинг аҳамиятини билмоқчи бўлсангиз, Милошга насронийлар муносабатини кўринг. Улар уни муқаддас авлиё, илоҳ даражасига чиқариб, ҳозиргача унга ибодат қиладилар.

Боязид бу ҳодисалар устига биринчи бўлиб етиб келади. Акаси Ёқуб шаҳзода Лазарни таъқиб қилиб, кофирлар билан кураш қилар экан, Боязид Иблисдан ваҳий олиб, ёнидаги хоинлар билан ҳаётида энг пасткаш иш учун режа тузади.

Акасига одам юбориб, отаси зудлик билан келишини буюрганини айтади. Ҳеч нарсадан бехабар шаҳзода Ёқуб Чалабий отасининг амрига итоат қилиб, етиб келади. Бироқ уни отаси эмас, бузуқ ниятли укаси ва шериклари кутаётган эди. Келиши билан улар ёш шаҳзодага ҳужум қиладилар, ҳеч нарсани тушунмай, ҳайратда қолган Ёқубни номардларча хоинлик билан қатл этадилар.

Шундай қилиб, мусулмонлар ғалаба қозонган Косова жангида буюк саркарда Султон Мурод маккор кофирлар, унинг жангчи ўғли шаҳзода Ёқуб маккор мунофиқлар томонидан номардларча ҳийла найранглар билан шаҳид қилинадилар.

Боязид эса султон бўлади.

Мен Боязиднинг ҳунук оқибати ҳақида ўқир эканман, негадир у Темурнинг қафасида хорликда ётганда шу машъум кунни ва акасига қарши қилган жиноятини минглаб марта эслаган бўлса керак деб ўйлайман. Бир ота- онадан бўлган биродарини бундай йўллар билан ўлдириб юбориш ортидан қўлга киритгани султонлик унинг бошига олиб келган хорлик ва надомат Одам алайҳиссалом ўғилларидан бири иккинчисини ўлдирганида унга унга ваъда қилинган хорлик ва надомат каби эди. Қобил ва Ҳобил исмлари билан машҳур бўлган Одам ўғиллари қиссасида Аллоҳ таоло айтади:

{فَطَوَّعَتْ لَهُ نَفْسُهُ قَتْلَ أَخِيهِ فَقَتَلَهُ فَأَصْبَحَ مِنَ الْخَاسِرِينَ} [الماائدة: 30]

Оят тафсири:

Нафси унга биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатди. Оқибатда уни ўлдирди. Шу сабабдан мағлублардан бўлди.

Сўнгра кейинги оятда айтади:

{فَأَصْبَحَ مِنَ النَّادِمِينَ} [المائدة: 31]

“…Оқибатда у надомат қилувчилардан бўлди.”

Боязиднинг тақдири ҳам ҳудди шундай бўлди. У акасини ўлдириш билан эришган султонлигини сақлаб қололмади. Мағлублардан бўлди. Надомат ичида хорликда ўлиб кетди. Унинг учун нажот Қуръонда бор эди, бироқ у Қуръонга эмас, нафси ва макрига суянди. Акаси Аллоҳнинг динини олий қилиш учун чиққан жангида ғолиб бўлиб, сўнгра мазлумларча шаҳид бўлди. У эса нафси учун чиққан жангида мағлуб бўлиб, асирликда ўлиб кетди.

Қиёматда эса ҳар бир ишнинг жавоби бор. Бу дунёда берилган уқубат Охират азоблари олдида ҳеч нарса эмас.

Аллоҳ таоло бизларни Қуръондан ва тарихдан ибрат олишга муваффақ қилсин! Зеро, Роббимиз қуйидаги ояти каримада бизларни ўзимиз яшаб турган юртларда ўтган золимлар оқибатларига боқиб, ундан ибрат олишга чақириб, дейди:

{ وَسَكَنْتُمْ فِي مَسَاكِنِ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَنْفُسَهُمْ وَتَبَيَّنَ لَكُمْ كَيْفَ فَعَلْنَا بِهِمْ وَضَرَبْنَا لَكُمُ الْأَمْثَالَ (45) وَقَدْ مَكَرُوا مَكْرَهُمْ وَعِنْدَ اللَّهِ مَكْرُهُمْ وَإِنْ كَانَ مَكْرُهُمْ لِتَزُولَ مِنْهُ الْجِبَالُ (46) فَلَا تَحْسَبَنَّ اللَّهَ مُخْلِفَ وَعْدِهِ رُسُلَهُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ ذُو انْتِقَامٍ} [إبراهيم: 45 - 4–]

Тафсири:

"Сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига жойлашган эдингизлар, яъни бу каби ҳодисалар сизлар яшаб юрган юртларда содир бўлди. Уларни қандай қилиб жазолаганимиз ҳам сизларга аниқ равшан бўлди. Биз сизларга ибрат бўлиши учун мисоллар келтирдик. Сиз ҳаргиз Аллоҳни ўз пайғамбарларига берган ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Аллоҳ - интиқом олувчи, ғолибдир.”

Маҳмуд Усмон

https://t.me/MahmudUsmon

Report Page