Тараққиёт стратегияси ва аҳоли мурожаатлари
https://t.me/aoka_uzСудларга икки хил тоифада, яъни процессуал ва умумий мазмундаги шикоят аризаси билан мурожаат қилинади:
- умумий мазмундаги мурожаатлар — хат, ариза, таклиф ва шикоят;
- процессуал мазмундаги мурожаатлар — муайян низо ёки суд қарори билан боғлиқ бўлган ариза, даъво ариза, илтимоснома, апелляция ё кассация тартибидаги шикоятлар.
Барча фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Умумий мазмундаги мурожаатлар, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунда белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан бошлиб 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Ариза ва шикоят муддати узайтирилган ҳолларда, бу ҳақда мурожаат қилувчига хабар берилади.
Фуқаролик, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича процессуал мазмунда берилган шикоятлар процессуал қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
Кейинги вақтда суд органларига мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ортмоқда. Жумладан, 2021 йилда жами 159 минг 258 та мурожаат келиб тушган. Шундан:
Олий судга — 54 минг 397 та;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали — 84 минг 49 та;
вилоят ва унга тенглаштирилган судларга — 17 минг 826 та;
маъмурий судларга — 2 минг 623 та;
ҳарбий судларга — 363 та мурожаат келиб тушган.
Олий судга келган 54 минг 397 та мурожаатнинг 26 минг 671 таси ёки 49 фоизи умумий мазмундадир. Қолган 27 минг 726 таси ёки 51 фоизи эса, кассация тартибидаги шикоятларни ташкил қилган.
2021 йил давомида умумий мазмунда келиб тушган мурожаатлар 2020 йилга нисбатан 28,6 фоизга, кассация тартибидаги мурожаатлар 25 фоизга кўпайган. Мурожаатларнинг кўпайишига:
биринчидан, Олий суд раҳбарияти томонидан 2021 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида икки мартадан оммавий сайёр қабуллар ташкил этилгани;
иккинчидан, сайёр қабулда топширилган ва Олий судда кирим қилинган мурожаатларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали ҳам келиб тушгани;
учинчидан, айрим фуқароларнинг мурожаатларни йўллаш соҳасида етарли даражада ҳуқуқий билимга эга эмаслиги;
тўртинчидан, Олий суд ваколатига таалуқли бўлмаган мурожаатларнинг келиб тушаётгани;
бешинчидан, аҳолининг суд тизимига нисбатан ишончи ортиб бораётгани сабаб бўлмоқда.
2021 йил мобайнида Олий суд томонидан 2 минг 418 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқиш учун бошқа идораларга юборилган.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 499-моддасида биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят қилишга маҳкум, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари биринчи ва апелляция инстанцияси суди ҳукми, ажримининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан шикоят беришга ҳақли, деб кўрсатилган.
Лекин иш бўйича шикоят беришга ваколати бўлмаган фуқаролар — судланувчи, маҳкум, даъвогар ёки жавобгарнинг қариндошлари мурожаатни юқори идораларга юбормоқда.
Олий судга 2021 йил мобайнида ана шундай давлат идораларидан 6 минг 744 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 597 таси бошқа идораларга, 1 минг 84 таси қуйи судларга юборилган. 3 минг 498 та ҳолатда эса мурожаатчига судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилган.
Мурожаат қилиш бўйича қонун талабига риоя этмаслик ёки тартибни билмаслик, биринчидан, суд тизимига алоқаси бўлмаган идораларга қўшимча иш, иккинчидан, суд қарорлари устидан шикоят бериш муддатининг ўтиб кетишига сабаб бўлади. Натижада муддатни тиклаш ҳақида ариза бериш талаб этилиб, фуқароларнинг яна ортиқча овора бўлиш ҳолатлари юз беради.
Бундан ташқари, 2021 йилда шикоятга суд қарорлари ва бошқа ҳужжатлар илова қилинмаганлиги туфайли Олий суд томонидан 3 минг 498 та мурожаат кўрилмасдан қайтарилган.
Яна бир муҳим натижа: 2021 йил 16 сентябрда қабул қилинган "Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, иш бўйича ваколатли шахслар ва тарафларнинг шикоятга суд қарорларини илова қилиш талаби бекор қилинди. Бу орқали фуқароларнинг шикоят беришида енгиллик ва қулайлик яратилди.
Шунингдек, Олий суд раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахс вакилларининг қабули ҳам изчил тартибда амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021 йилда 18 минг 658 нафар жисмоний ва юридик шахснинг вакиллари қабул қилинди.
Кейинги йилларда аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини судлар фаолиятида кенг жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Фуқароларнинг Олий судга мурожаат қилиши учун қулайликлар ва кенг имкониятлар яратилмоқда.
Бугунги кунда Олий суднинг электрон почтаси — info@supcourt.uz, веб-сайти — www.sud/my.sud.uz, интерактив хизматлар орқали Олий суд раиси қабулига рўйхатдан ўтиш учун qabul.sud.uz ва @SUDUZBOT Telegram-бот ишга туширилган. Telegram-бот орқали фуқаролик, иқтисодий, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича фуқаролар мурожаат қилиш ва қисқа вақт ичида жавоб олиш имконига эга.