Тарғибот яхши, аммо...

Тарғибот яхши, аммо...


Ҳар бир фуқаро сайловларда ўзи ишонган номзодга овоз берар экан, унинг танлови асосида сайланган депутат ҳукуматни шакллантиришда, тегишли қонунларни қабул қилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Унга бундай шарафли ва масъулиятли ваколатни сайловчилар адолатли сайлов орқали ўз ихтиёрлари билан топширадилар.


Бу йилги сайловлар ҳар қачонгидан бошқача, янги демократик руҳда ўтиши кутилмоқда. Шу боис жамиятдаги ҳар бир қатлам сайловлар бориши жараёнини диққат билан кузатмоқда. Хоҳ у сайловларга жалб қилинган комиссия аъзоси, хоҳ сиёсий партия электорати, хоҳ жамоат ташкилоти ёки оммавий ахборот воситаси вакили бўлсин, бу йилги сайловдан ягиланиш ва ўзгаришларни кутмоқда.

– “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтадиган бу йилги сайловларга ҳар қачонгидан ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда, – дейди вилоят сайлов кимиссияси раиси Муҳаммадқосим Олимов. – Хусусан, вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларни ўтказувчи жами 1038 та сайлов комиссиялари тузилди. Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига 12590 нафар номзодлар тасдиқланди. Комиссия аъзоларининг 75 фоизини олий маълумотлилар ва 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бундан ташқари, сайловда 1197655 нафар сайловчи иштирок этиши бўйича дастлабки ягона электрон рўйхатлар шакллантирилди.


Маълумот ўрнида айтиш лозимки, вилоят сайлов комиссияси Бухоро шаҳри, Ислом Каримов кўчаси 2-уй манзилида, Халқаро матбуот маркази вилоят бўлими билан бир бинода жойлашган. Комиссия аъзолари учун алоҳида хоналар ажратилиб, йиғилишлар ва матбуот анжуманлари ўтказиш, чет элдан ташриф буюрадиган меҳмон ва кузатувчиларни кутиб олиш, тезкор ахборот алмашиниш учун барча шароитлар яратилган. Комиссия фаолияти тўғрисида ҳар бир сайловчини хабардор қилиш мақсадида “Инфокиоск” ҳамда сайловларга тайёргарликнинг бориши жараёнларини кенг оммага тезкорлик билан етказиш мақсадида веб-сайт ишга туширилган. Бугунги кунга келиб, вилоятда округлар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ барча ишлар ниҳоясига етказилди ва участка сайлов комиссияларини тузиш ҳамда жиҳозлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Сайлов нафақат сиёсий жараён, балки жамиятимиз, халқимизнинг ҳуқуқий онгини юксалтиришга хизмат қилувчи ўзига хос тажриба мактаби ҳамдир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 20 октябридан 20 ноябригача “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги қарори асосида турли тарғибот тадбирлари, акциялар ўтказилаётгани кенг аҳоли қатламлари, хусусан, навқирон авлод вакилларининг ўз ҳуқуқларидан бохабарлик даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Ойлик доирасида вилоят корхона ва ташкилотларида, таълим муассасаларида “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар”, “Мен шахсан ўзим овоз бераман”, “Менинг овозим – Ватаним келажаги”, “Мен ҳам келажакда овоз бераман!”  мавзуида учрашув ва давра суҳбатлари, тарғибот тадбирлари, мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар ва расмлар танловларини ташкил этилмоқда. Сайлов қонунчилиги тарғиботи йўналишида сиёсатшунослар, партиялар вакиллари иштирокида 400 дан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва митинглар ўтказилди.

– Университетимизда ташкил этилаётган “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар”, “Менинг овозим – Ватаним келажаги” мавзуларидаги тарғибот тадбирлари биз, талаба-ёшларнинг сайлов қонунчилиги тўғрисидаги тасаввурларимизни кенгайтиришга хизмат қиляпти, – дейди Бухоро давлат университети талабаси Отабек Жалолов. – Айниқса, мутахассислар томонидан миллий сайлов қонунчилиги мазмун-моҳияти тўғрисида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари илк бор муҳим конституцион ҳуқуқидан фойдаланаётган ёшларни ушбу сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга руҳлантирмоқда. Қолаверса, биз, ёшларнинг сайловлардаги овозимиз Ватанимиз келажаги ва тақдирига дахлдор эканини чуқурроқ англашимизга туртки бўлмоқда.


Бу йилги сайловларга сиёсий партиялар ўзгача тайёргарлик кўраётганини уларнинг ахборот маконидаги жиддий рақобатидан ҳам сезиш қийин эмас. Бироқ йиллар мобайнида аҳолининг партияларга ишончи сезиларли даражада сусайганини ижтимоий тармоқларда, ён-атрофимизда билдирилаётган танқидий фикр-мулоҳазалардан англаш мумкин.

Шундай экан, партиялар ахборот маконида бир-бири билан гап талашишни бас қилиб, ушбу жараёнга янада жиддий тайёргарлик кўриши, чуқур ўйланган янги ғоя ва мақсадлар, дастурлар билан майдонга чиқиши ниҳоятда муҳим. Зеро, сайловга юқори даражадаги тайёргарликнинг ўзи билангина натижага эришиш мушкул.

Дилдора ИБРОҲИМОВА,

“Бухоронома” мухбири


Report Page