Tanlov
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги
Тиббиёт ходимлари фаолияти ва соҳадаги ислоҳотлар мавзусида турли жанрлар бўйича бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли фильмлар ҳамда сериалларга мўлжалланган адабий сценарийлар учун
танлов эълон қилади!
Танловга тақдим этиладиган лойиҳаларда қуйидаги ғоялар ишонарли ва юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:
- юртимизда сўнгги йилларида тиббиёт соҳасидаги қўлга киритилган ютуқлар, амалга оширилаётган улуғвор ўзгаришлар;
- тез тиббий ёрдам тизимининг аҳоли саломатлиги йўлидаги фаолиятини ёритиш;
- Пандемия шароитида мамлакатимиз аҳолиси саломатлиги учун фидокорона меҳнат қилган тиббиёт ходимлари фаолиятини акс эттириш;
- машҳур шифокорларнинг тиббиёт мактабларининг яратилиши ва соҳага қўшган ҳиссасини (Восит Воҳидов, Ўктам Орипов, Ёлқин Тўрақулов) ёритиш;
- тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган она Ватан ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, адолат ва эзгуликни мардона ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга муросасиз, эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд тиббиёт ходимлари образи ўз ифодасини топиши лозим.
Шунингдек:
- миллатимизга хос эзгу фазилатлар, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;
- ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчаларини, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран англаб етиши учун хизмат қиладиган ибратли ва фидоий шифокорларнинг ҳаётий сабоқлари;
- азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оиланинг ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини эканлиги;
- ёшлар тарбияси ва уларнинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги ролини оширувчи, оила маънавияти ва маданияти ҳамда гўзал миллий анъаналаримизни мадҳ этувчи, замонавий ёшлар аудиториясини ўзига жалб этиши лозим.
Танловга тақдим этиладиган сценарий лойиҳаларида қуйидагилар акс этган бўлиши лозим. Яъни,
а) муаллифнинг исми-шарифи ва у ҳақида қисқача маълумот;
б) фильмнинг ишчи номи;
в) формати ва умумий ҳажми;
г) жанри;
д) аудиторияси;
е) асосий ғояси;
ё) қисқача мазмуни (қисқача сюжетда образлар, тимсоллар ҳам акс этган бўлиши мумкин. Унда асосий сюжет линияси, асосий персонажлар ва асосий воқеалар, кульминацияси ҳамда ечими аниқ кўрсатилиши лозим.);
ж) лойиҳалар ўзбек тилида (истисно тариқасида рус тилида), адабий тил ва имло қоидаларига риоя қилинган ҳолда ёзилган, компьютерда А-4 форматда, 1,5 интервалда кўчирилган бўлиб, ҳажми белгиланган ҳажмдан ошмаслиги керак.
Танловда кинодраматурглар, ёзувчи-шоирлар билан биргаликда сценарий ёзиш борасида етарлича тажрибага эга бўлган барча хоҳловчи ижодкорлар иштирок этишлари мумкин.
Танлов 2022 йил 10 апрелдан 10 майгача қадар давом этади. Ғолиб деб топилган сценарий лойиҳалари Агентликнинг 2022 йил мавзулар режасига киритилади ва улар асосида бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли фильмлар ҳамда сериаллар ишлаб чиқаришга туширилади.
Лойиҳалар Танлов комиссиясига деб қайд этилган ҳолда, Агентлик манзилига юборилиши лозим.
Танловга тақдим этилган сценарий лойиҳалари тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.
Қўшимча маълумот учун телефонлар: 71-277-81-49, 71-277-82-09.
Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор кўчаси-1А. Инд.: 100115. www.uzbekkino.uz