Таълимда янгича ёндашув : Масофавий таълимнинг самараси. 

Таълимда янгича ёндашув : Масофавий таълимнинг самараси. 

Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси

Бугун мамлакатимизда кечаётган синовли даврда азиз устозларимизнинг меҳнати уларнинг машаққати ва фидойилиги яна бир бор намоён бўлмоқда . 

Мен раҳбар сифатида масофадан туриб ишлаш жараёнида яна бир марта устозларнинг меҳнатини нақадар оғир эканлигини ҳис қилдим. Уларга меҳрим ва ҳурматим ортди. Бирон- бир вазифа юклашда ўйлаб, кўнглига озор етказмасдан буюришни ўзимга мақсад қилдим, сабаби бўлаётган масофавий таълим жараёнида мактабда мавжуд 55 та синфда 2124 нафар ўқувчилар билан синфлар ва фанлар кесимида масофавий таълим олиш учун интернетда алоқа гуруҳлари очилган, ўқитувчилар эса бу гуруҳларда мунтазам фаолият олиб боришмоқда. Ўқувчиларнинг уй топшириқларини текшириб , тушунмаган саволлари , мисол ва машқларини бажартириш , уларни баҳолаш ва рағбатлантириб бориш масалалари енгил кечаётгани йўқ. 

Ота-оналарнинг раҳматларини ва миннатдорчиликларини ҳар куни ўқиб бораяпман. 

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси билан курашиш ва уни олдини олиш мақсадида барчага карантин эълон қилинганда “Таълим жараёни нима бўлади?" деган савол ҳаммани ўйлантирди. Шукурлар бўлсинки, давлатимиз бунга ҳам имкон топди. Халқ таълими вазири Ш.Шерматов ташаббуси билан ўқувчиларга имконият яратиб берилди . Республика телевиденияси орқали ҳар бир синф учун онлайн дарслар берила бошланди. Бундан барчамиз, шу жумладан, ота-оналар ва ўқувчилар жуда хурсанд бўлди. Ҳозирда ҳеч қандай муаммо йўқ . Фанлар бўйича онлайн дарсларни кузатиш орқали ўқувчилар мавзуларни ўзлаштириб олишмоқда. Телевизион дарсларни тайёрлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун катта куч, илмий салоҳият ва фидойилик керак бўлади. Ўқувчиларга шундай имкониятларни яратиб берган Халқ таълими вазири Ш.Шерматовга ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан.  

Карантин даврида ўқувчиларимизнинг билим олишига ҳеч қандай тўсиқ ва муаммо йўқ. Ўқувчиларимиз масофавий таълим жараёнида ўқитувчилари томонидан берилган топшириқларни ота-оналари назоратида ва ёрдамида бажариб келмоқдалар. Телевизион дарслар асосида ўқувчилар олаётган билимлари , ўқитувчилар томонидан берилаётган қўшимча топшириқларни бажариш орқали янада мукаммаллашмоқда. Телевизион дарслар оркали олган билимлари, масофавий таълим жараёнида ўқувчиларимизнинг чиройли ёзувлари, ижодий ва амалий ишлари  уларнинг иқтидор ва истеъдод қирраларини очиб бермоқда.  

Вилоятимиз ҳокими Ф.Эрманов ташаббуси билан вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан олий таълим муассасаларига кирувчилар учун SАТТ платформаси ҳар бир ўқувчига онлайн тарзда алоҳида ўрнатиб берилди. Бу дастур орқали мактабимизнинг 11-синф битирувчилари олий таълимга кириш учун уйдан чиқмасдан тайёргарлик кўриб, тест ишлаяптилар. SАТТ дастури орқали саволлар китобига буюртма бериб, тест саволларини ишлаб, жавобларни шу дастур орқали юбориб, ўзлари танлаган йўналиш фанлари бўйича тўплаган балл жавобларидан хабардор бўляптилар. Бу эса ўқувчилар учун ҳеч қандай маблағ ва қоғозбозлик талаб қилмагани, ота-оналар учун қувонарли бўлди . Шундай оғир вақтда ўқувчиларимиз учун имконият яратиб берган Хоразм вилоят ҳокими Ф.Эрмоновга , вилоят халқ таълими бошқармаси Х.Бектемировга , Урганч шаҳар халқ таълими бўлими Ф.Каримовга жамоамиз, ота-оналар ва ўқувчиларимиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Телевизион дарсларни кўрган инсон ўзи тўғирлаб қўйса бўладиган оддий хатони кўриб, интернет тармоғида бонг ураётган баъзи инсонлар таълимда бўлаётган улкан ютуқларни кўриши лозим . Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг таълимга қаратаётган катта эътибори, халқ таълими вазиримиз Ш.Шерматовнинг бугунги кундаги таълим тизимида амалга оширилаётган ишларидан бағоят миннатдормиз. Яқинда FACEBOOK саҳифасида халқ таълими вазири Ш.Шерматовнинг “Барча таълим ходимларининг иши қаҳрамонлик.” деб баҳолаганликларининг ўзи бизларни янада руҳлантирди, илҳомлантирди. 

Орамизда ўқитувчиларимизнинг машаққатли меҳнатларини қадрлай оладиган инсонлар ҳам борлиги барчани қувонтиради. Фарзандларининг ишончли қўлларда тарбия олаётганидан, ўқувчисини ўз фарзанди қаторида кўриб севадиган, гоҳида керак вақтида тўғри йўлга солиш мақсадида танбеҳ берадиган, ўқувчисининг инжиқлигини кўтара оладиган устозлардан хурсанд бўлаётган ота-онанинг дил изҳорини келтирмоқчиман.

Хоразм вилояти Урганч шаҳар 5-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори, Халқ таълими аълочиси Сайёра Баймуратова.


Ассалому алайкум ҳурматли устозлар!

Мен она сифатида Сиздек мўътабар, касбига содиқ инсонларга ташаккуримни изҳор қилмоқчиман. 

Ҳозирда бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус бизнинг юртимизни хам чеклаб ўтмади. Юртимизга кириб келган ушбу касаллик ҳаммамизни саросимага солиб қўйди. Болажонларимизни кўча- куйда, маҳалла гузарларида, ўйингоҳларда шўх-шодон, бехавотир, эркин ўйнаб кулишларини-ю, эрта саҳар уйғониб, шошиб, талпиниб турадиган қадрдон даргоҳлари - мактабидан вактинчалик бўлса-да ажратди... 

Бу ҳар бир болажон учун кутилмаган вазият бўлди. Айрим ўқишга иштиёқи йўқроқ бўлган болалар хурсанд бўлган бўлсаларда, ҳозирда гувоҳмизки, ҳаттоки шу болажонлар ҳам мактабларини соғиниб ўтиришибди.

Биз ота-оналар карантин сабаб болаларга берилган таътил давомида дарс жараёнлари қандай амалга оширилиши ҳақида ўйланиб қолдик. Зеро, ҳаётда ҳар бир инсон учун билимдан олий нажот йўқ!

Хабаримиз бор, Халқ таълими вазирлиги ва тегишли ташкилотлар буйруғи билан телеканалларда ўқувчилар учун тайёрланган видеодарслар эфирга узатиб борилмоқда. Бундан ташқари ҳозирги кунда интернет орқали Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар учун турли электрон китоблар ва таълимга оид веб-ресурслар, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эса халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича видеодарслар бериб борилмоқда.

Фарзандларимиз шу пайтга қадар таълимни ўқитувчисидан олар эди. Биз унга оилада тарбия берсак, таълим учун ўқитувчи масъул эди. Бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунё ҳамжамияти учун кутилмаган ушбу вазиятда ҳамжиҳат бўлиб, бирдамликда фарзандимизнинг уйда таълим олишини ва видеодарсларни мунтазам биргаликда кузатиб боряпмиз.

Ушбу таътил даврида давлатимиз томонидан ўқувчиларнинг телевидиние ва интернет орқали таълим олишларига имкониятлар яратилган. Фарзандларимиз айрим сабабларга кўра видеодарсларни ўз вақтида кўра олмай қолса, такроран кўришга ёки ижтимоий тамоқлар орқали қайта кўриб олиш имкониятига эгадирлар. Фарзандларимиз бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, видеодарслар орқали тегишли фанларни ўзлаштириши ва шу асосда дарсларни тўлиқ тайёрлаш имкониятига эгадирлар.

Бундай ҳар бир видеодарсни тайёрлаш ва уни эфирга узатиш замирида катта меҳнат ётади. Бизлар учун жонини куйдираётган таълим соҳасидаги ҳар бир устознинг, ҳар бир ҳодимнинг меҳнатини қадрламоғимиз лозим!

Бундан ташкари, мактабда ҳар бир устоз телеграм саҳифасида ўз гуруҳини очган. Ва ўқувчиларга алоҳида эътибор бериб, баҳоланиб келинмокда. 

Менинг 3 нафар фарзандим Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 5 – сон мактабда таълим олишади. Уларнинг онлайн дарс жараёнларида мен ҳам бевосита иштирок қиламан ва уларнинг вазифаларини мунтазам назорат қилиб бораман. Ҳақиқатни тан олиб айтишим керакки, мен ҳам ўз касбим сабаб фарзандларимни дарс жараёнларига вақтим етмаганлиги учун маъсулият билан қарай олмаганман. Ҳозирда телеграм орқали нафақат фарзандларим синфдошлари, балки уларнинг ота-оналари билан хам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганмиз. Ҳаттоки фарзандларимизнинг туғилган кунларини ҳам устозлари ва синфдошлари билан биргаликда нишонладик!!! Бу болажонларимизни руҳий ўсишига ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. 

Болаларим ҳар куни телеграм канали орқали ўқитувчилари билан мулоқот қилишмоқда. Видеодарсларни кузатиб, вазифаларни олиб, дарсларини тайёрлаб телеграм орқали ўқитувчисига жўнатишади. Кунига 4-5 та фан ўтилади. Тасаввур қилинг, синфда 30-35 нафар атрофида ўқувчи бор. Уларнинг ҳар бири 4-5 та фандан тайёрлаган вазифасини жўнатишади, видеодарсда тушунмаган жойларини устозидан сўрашади. Бошланғич синфларда аксарият дарслар бир ўқитувчи томонидан ташкил этилади ва улар бир вақтнинг ўзида бир нечта фанга масъул ҳисобланишади. Бир кунлик фаолиятни ўйлаб кўринг, ўқитувчи нечта ўқувчи билан мулоқот қилади ва уларга тушунтириш беради. Кўриниб турибдики, ўқитувчининг деярли бутун кун давоми ўқувчилари билан ўтмоқда.

 Масофавий таълим оддий дарс ўтиш тарзидан анча мураккаб ва у кун давомида, гоҳида кечки пайтда ҳам ўқитувчиларни ўқувчига боғлаб қўймоқда. 

Мен Хоразм вилояти Урганч шахридаги 5-сон умумий ўрта таълим мактабининг 2–“В” синф ўқитувчиси Қуромбаев Баҳром Шомуратовичга ва мактабдаги барча устозларга Она сифатида ўз миннатдорчилигимни билдираман!!! 

Сизларга куч-қувват, азиз устозлар, фарзандларимиз бахтига доимо соғ-омон бўлинглар! Биз ота – оналар Сизга таъзимдамиз!

 Унутманг, таълим бу келажак!

2 ”В”- синф ўқувчиси Ражабов Азизбекнинг онаси Тажиева Зебо Баҳодировна

Report Page