Таълимда ҳалоллик

Таълимда ҳалоллик

Buxoro.uz

Халқимизнинг узоқ йиллик тажрибаси ва кузатишлари асосида чиқарган пурҳикмат хулосаси ҳамиша қадрланиб келади. Ҳалоллик ҳақидаги қарашлари айни маънода алоҳида эътирофга жоиз. Ота боболаримиз ҳалол меҳнат билан умр  кечириб, бахтли ҳаёт кечирган инсонларни алқайдилар, ҳаром йўл – текинхўрликка берилган, икки дунё саодатини хазонга айлантирган кишилардан эса ҳазар қилиб келишган. Шу сабабли, ҳалоллик асрлар давомида халқ маданий қадриятларининг ўзига хос узвига айланиб келган. Дарҳақиқат, ҳалоллик моҳиятан кенг қамровли тушунча. Бу ҳам тарбиянинг бир кўриниши сифатида оиладан бошланиб, таълим босқичларида шаклланади, жамиятда қарор топади. Аввало ҳар бир киши ўз мақсади ва орзусига меҳнати орқали эришиши, бировдан розилигисиз ҳеч нарса олмаслик, омонатга хиёнат қилмаслик, виждон амрини ҳис қила олиш кабилар, шунингдек, ҳалол луқма покдомонлик, поктийнатлик мазкур ҳалоллик ҳисобланса, боқимандалик, ўғрилик, хоинлик, фитна-фасод, тажовузкорлик каби қатор иллатлар бунга тамомила зид, яъни ҳаромдир.        

Шу маънода ҳалоллик барча эзгу ишларнинг омилидир. Жамиятда турли касб эгалари ва турли соҳа вакиллари фаолият кўрсатади. Ҳар бир ҳунар ва касб эгаларидан ҳалоллик талаб қилинади. Ўз ишини виждонан бажаришига   боғлиқ. Айтайлик, бир ўқитувчи ўз касбини виждонан бажармаса, яъни ўқувчига билим бера олмаса, жамиятда катта бўшлиқ пайдо бўлади: маънавий қашшоқлик оқибатида фалокат ортади. Бинобарин, аждодларимиз ҳалолликка алоҳида эътибор қаратишган. Хусусан, бу мақолларда ўз аксини топган: “Ҳалол иш-лаззатли емиш”, “Ҳалол ишла, ҳалол тишла”, “Ҳалол меҳнат ерда қолмас”, “Ҳалол меҳнат мўл даромад”, “Ҳалол молнинг қулфи ўзида бўлар” кабилар инсонларни эзгулик, тўғрилик ва мазмунли умрга чақиради. Аммо “Ҳалол пишиб чиқар, ҳаром тешиб чиқар”, “Ҳаром иш тез қаритар”, “Ҳаром ҳаромни чақирар”, “Ҳаромдан келган ҳаромга кетар” мақоллар эса кишиларни ҳаромдан қайтаради. 

Инсоннинг олдида доим иккита йўл туради: бири тўғрилик, иккинчиси эгрилик. Авлодларимиз эса ўша иккита йўлни “ҳалол” ва “ҳаром”деб баҳо бериб келажак авлодни тарбиялашга ҳаракт қилганлар. Бугунги авлод ҳам, хусусан, ёшлар юқоридаги сўзларнинг моҳиятини чуқур англаб амал қилса, ўз олдига қуйган яхши ниятларига етади. Акси бўлса ўзида ва бутун авлодига иснод келтиради. Келтирган барча халқ мақоллари китобхонни доим ҳушёрлик ва эзгуликка чорлайди.

Ҳалолик ҳақида муқаддас китобимиз Қуръони Каримда 59 марта ҳалол сўзи ишлатилган. Масалан, “Бақара” сурасининг 168-оятида шундай деган: “Эй, одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изларидан эргашманглар! Албатта, у сизларнинг аниқ душманингиздир”.

“Бас ўлчовни тўғри ўлчанглар ва камайтиргувчилардан бўлманглар. Ва тўғри тарозу ила тортинг. Одамларнинг нарсаларини камайтириб берманг. Ер юзида турли бузғунчиликлар қилманг” – деб, марҳамат қилади. (Шуаро сураси 181-183 оятлар).

Мазкур икки оятданоқ маълум бўладики, Парвардигори олам бутун инсониятга исломни эзгулик, яхшилик, яратувчанлик каби одамлар ўртасидаги муносабатларни ислоҳ қилиб, тартибга солувчи қонунлар манбаи сифатида юборганлиги сир эмас.

Ҳалол одам эзгулик томон юради ва нафсини доим назоратда тутади. Ҳаром бу нафсга эрк беришдир.

Инсонинг яна бир душмани унинг бефарқлиги ва жаҳолатидир. Донишмандлардан бири шундай деган экан: “Ҳозирги таълим-тарбия дастурларимиз ҳам “нафс тарбияси”дан анча йироқдир. Оқибати аён: минглаб муаммоли, маънавий носоғлом, сохта дипломли, сифатсиз кадрлар жамиятнинг бача жабҳаларида фаолият кўрсатади....” Албатта бу фикрлар ўтмиш таълимда кўзга ташланар эди.

Бугун Президентимизнинг барча соҳалар каби таълим соҳасида ҳалоликка катта эътибор бераётганлари сир эмас. Хусусан, жамиятни коррупциядан холи бўлишини истаб. Ҳар бир нутқларида бу хусусда сўз юритадилар. Давлат раҳбари таълим ва қурилиш соҳасида ҳалоллик ҳукмрон бўлишини қатъий назоратга олган. Давлат раҳбарининг топшириғини тўғри тушунган Олий таълим Вазири Абдуқодир Тошқулов нафақат сўзда, балки амалга татбиқ этилаётгани сабабли олий таълимда ўқитишнинг сифати анча яхшиланди.

Айни кунларда Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов раҳбарлигида университетда коррупцияга қарши кураш бўйича анча ишлар амалга оширилди. Академик ҳалоллик йўлга қўйилди. Академик ҳалоллик нима? Ҳалол ҳамкорлик қилиш, виждонлилик, ҳар қандай илмий ва ижодий ишнинг муаллифларини ҳимоя қилиш, очиқлик, ошкоралик, ўзаро ишонч, талабалар ва ўқитувчилар ўртасида очиқ маълумотлар алмашуви, талабаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш тенглик - университет жамоасининг ҳар бир аъзоси академик ҳалоллик қоидаларига риоя қилишни ва уларни бузганлик учун тенг жавобгарликни таъминлаш каби маъноларни ўз ичига олган йўналишдир.

Университетмизда ана шу талаблар асосида иш олиб бориляпти десак муболаға бўлмайди. Зотан, бу йилдаги барча магистрлик диссертациялари кўчирмачилик (антиплагатлигидан) ўтказилди. Ҳар бир ҳимоя ошкоралик, очиқлик ва шафофлик билан ўтказилгани фикримизни тўлиқ тасдиқлайди. Таълим соҳасидаги бундай ислоҳотлар ёшлар қалбига ўқишга ва илм олишга нисбатан меҳр-муҳаббатни уйғотиши шубҳасиз.

Умуман олганда, доно халқимиз ва муқаддас китобимиз, шунингдек, давлатимиз раҳбари ва таълим соҳаси вакилларининг таълимдаги ҳалоллик устуворлиги борасидаги фикри бир хил. Англашиладики, академик ҳалолликка тўла - тўкис эришилса Ватанимиз равнақи, миллат келажаги ҳар томонлама ривожланиб боради.

Хулоса, Жалолиддин Румий ҳалоллик ҳақида шундай деганлар:

Илму ҳикмат очилур пок луқмадин,
Меҳру шафқат сочилур пок луқмадин.


Ё:   Ким ҳалол эрса, ҳалолдин ризқ анга,
      Ёрни сев, ранжитма, ранж етгай сенга.


Қаҳрамон Тўхсанов,
БухДУ доценти, филология фанлари доктори (DSC)

Report Page