Таълим сифатини ошириш бўйича янги механизм тақдимоти
@eduuzБугун Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳамда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов иштирокида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида "Мактабларга методик кўмак бериш" мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда вазирликлар мутасаддилари, ректорлар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Ушбу янги механизм тажриба сифатида Қорақалпоғистон мактабларидан бошланиб, методик гуруҳларга олий таълим муассасалари ректорлари шахсан раҳбарлик қилади. Тадбирда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари У. Шарифхўжаев ва А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти директори А. Раджиев янги механизм ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, жорий йил март ойидан бошлаб ҳар бир гуруҳга таълим сифати оғир бўлган 4 та мактаб бириктирилиб, уларнинг ҳар бирида 3 босқичдан иборат ишлар ташкил этилади. Бунда ўқитувчилар билими ва педагогик маҳорати баҳоланади, улар янги дастурлар ва дарсликлар асосида ўқитилади ҳамда бутун жамоа учун онлайн малака ошириш курслари ташкил этилади. Мактаб жамоасининг аввалги натижалари таққосланади, таҳлил қилинади.
Тадбир якунида ушбу ҳамкорликдаги тажриба бошқа вилоятларга ҳам татбиқ этилиши назарда тутилди.