Таълим муассасаларида 37,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузилиш (шундан 10,4 млрд. сўмлик ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланди — ХТВ

Таълим муассасаларида 37,7 млрд. сўмлик молиявий қонунбузилиш (шундан 10,4 млрд. сўмлик ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланди — ХТВ

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бу ҳақда АОКАда Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов, вазирлик Ички аудит хизмати бошлиғи Бурхон Аҳмедов, вазирлик департаменти бошлиғи Илҳом Сирожев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит хизмати фаолиятида асосий эътибор тизимда профилактика чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган бўлиб, жорий йил биринчи ярим йиллик давомида ўтказилган тадбирлар натижасида 270,4 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар олди олинишига эришилди.

Шунинг билан бирга, таълим муассасаларида ўтказилган 524 та назорат тадбирларида 37,7 млрд. сўмлик молиявий қонун бузилиш (шундан, 10,4 млрд. сўмлик ўзлаштириш) ҳолатлари аниқланди.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда Сурхондарё вилояти Денов туманида ўтказилган назорат тадбирида, иш ҳақига нисбатан банкдан ортиқча олинган 2,8 млрд.сўм нақд пул маблағлари, кассага кирим қилинмасдан ўзлаштирилиши, фуқароларнинг шахсий кредитларни сўндириш ҳамда омонатга жойлаштириш орқали 6,9 млрд.сўм маблағ талон-торож қилинганлиги маълум бўлди.

Шу билан бир қаторда, бакалавр ва қайта тайёрлов дипломлари қалбакилаштирилиши ҳисобига Жиззах вилоятида 1,9 млрд. сўм, Сирдарё вилоятида 1,8 млрд. сўм, Бухоро вилоятида 1,4 млрд. сўм, Қашқадарё вилоятида 0,1 млрд.сўм жами 5,3 млрд. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ноқонуний сарфланган.

2022 йил биринчи ярим йиллиги давомида аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш мақсадида таркибида жиноят аломатлари бўлган 37,6 млрд. сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.

Маълумот учун:

2020 йилда Ҳисоб палатаси билан биргаликда амалга оширилган ўрганишлар натижасида 228,3 млрд.сўмлик (2019 йилга нисбатан 4,1 бараварга кўп), шундан 70,7 млрд.сўми камомад ва ўзлаштириш ҳамда 157,9 млрд.сўмлик материал ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган.

2021 йилда91,1 млрд. сўм (2020 йилга нисбатан 1,5 бараварга кам), шундан 27,1 млрд. сўми камомад ва ўзлаштириш ҳамда 77,0 млрд.сўмлик материал ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган.

2022 йил I ярим йилликда – 37,7 млрд. сўм (2021 йил ҳисобот даврига нисбатан 1,9 бараварга кам), шундан 10,4 млрд. сўми камомад ва ўзлаштириш ҳамда 37,6 млрд.сўмлик материал ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган.

Жорий йил ҳисобот даврида молиявий қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги учун тизимдаги 125 нафар масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари кўрилган. Шундан, 89 нафар масъул ходимга нисбатан ҳайфсан эълон қилинган, 16 нафар масъул ходимга нисбатан жарима қўлланилган ҳамда 20 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилган.

Маълумот учун: Андижон шаҳар халқ таълимининг 23 нафар масъул ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, бугунги кунда тергов жараёни давом этмоқда.

Сўнгги 3 йил давомида халқ таълими тизимида аниқланган молиявий қонунбузилиш миқдорларининг ажратилган бюджет маблағларига нисбатан улуши йилдан-йилга камайиб бораётганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.

Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимдаги молиявий хато- камчиликларни олдини олиш борасида рақамлаштириш ҳамда профилактика тадбирларини янада кучайтириш орқали зарур чоралар доимий равишда давом эттирилади.

Report Page