Таълим муассасаларида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасорати тарғиб қилинади
https://t.me/aoka_uzБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Йўлдошев маълум қилди:
Шу йилнинг 13 март куни мамлакатимиз Президентининг Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Унга мувофиқ:
Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар ва тегишли комиссиялар ташкил этилди;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига белгиланган имтиёз ва кафолатларни татбиқ этиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Фахрийлар тўғрисида”ги, “Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга киришилди;
офицерлар таркибидаги ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг номлари Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига бириктирилди;
Мудофаа вазирлиги тизимида Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилалари ҳарбий қисм ва муассасалар томонидан оталиққа олинди.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларини оталиққа олган ҳарбий қисм ва муассасалар томонидан:
ҳар йили марҳум ҳарбий хизматчи номи билан танловлар ташкил этиш;
хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларга бағишланган хотира бурчакларини яратиш;
ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, Қуролли Кучлар фахрийлари, маҳалла нуронийлари, ҳарбий хизматчилар, умумтаълим мактабларининг “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ўқувчиларидан иборат тарғибот-ташвиқот гуруҳларини тузиш;
умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар техникумларида ва академик лицейларда ўқувчи-ёшлар орасида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг кўрсатган жасорати, ватанпарварлиги ва она-юртга садоқатини тарғиб қилиб бориш;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва яқинларининг хонадонларига ташрифлар уюштириш, уларга маънавий ва моддий кўмак кўрсатиш, яшаш хонадонларида ҳамда дафн этилган жойларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларни бириктирилган ҳарбий қисм, муассасаларнинг бўлинма шахсий таркиби рўйхатига киритиш ҳамда тунги йўқлама вақтида уларнинг номларини мунтазам ўқиб эшиттириш каби ишлар кўзда тутилган.
Қаҳрамон ўғлонлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича киритилган имтиёзлар ва кафолатлар, уларнинг доимо давлатимиз, жамиятимизнинг эътиборида бўлиши мамлакатимизда инсон қадри, инсонни эъзозлаш энг асосий масала эканлигининг яққол ифодаси бўлди.