Таълим инспекциясидан лицензия олмаган нодавлат ОТМлар томонидан берилган дипломлар тан олинмайди

Таълим инспекциясидан лицензия олмаган нодавлат ОТМлар томонидан берилган дипломлар тан олинмайди

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов юртимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат олий таълим ташкилотлари, уларнинг ҳаққонийлиги, яъни олий таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензияси мавжудлигини текширишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди:

https://t.me/aokamediakontent

✔️ Сўнгги йилларда мамлакатимизда яратилган шароитлар сабаб нодавлат таълим ташкилотлари сони бир неча баробарга ошиб, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида ўзаро соғлом рақобат муҳити шаклланмоқда.

2018 – 2020 йиллар оралиғида лицензияга эга бўлган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 13 тани ташкил этган бўлса, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида биргина 2021 йилнинг ўзида 21 та нодавлат олий таълим ташкилоти фаолияти лицензияланди.

Ушбу нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан бериладиган дипломлар Ўзбекистондаги бошқа олий таълим муассасалари дипломлари қаторида тан олинади.

Афсуски, айрим ҳолатларда нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензияга эга бўлмаган ёки фақатгина ўқув маркази сифатида фаолияти олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган баъзи ташкилотлар фуқароларимиз ўртасида ўзини хусусий олийгоҳ сифатида таништириб абитуриентларни ўқишга жалб қилишга уринишлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан таълим фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.

Фуқароларимизнинг юқоридаги каби ҳолатларда алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтига нодавлат олий таълим ташкилотлари рўйхати жойлаштирилиб, бу ерга лицензия олган таълим ташкилотлари ҳақидаги маълумотлар мунтазам янгиланиб борилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қайсидир нодавлат олий таълим ташкилотига пул тўлашдан аввал Таълим инспекцияси сайтидаги рўйхатда ушбу муассаса бор-йўқлигини текшириб кўриш ёки Таълим инспекцияси телефон ёки ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб аниқлик киритишларини тавсия қиламиз. “Лицензияга ҳужжат топширганмиз, яқинда беришади, унгача ўқиб тураверинг” каби гапларга ишониб қолмаслик сўраймиз.

Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори асосида амалга оширилади. Мазкур қарорда нодавлат олий таълим ташкилотларига қўйилган талаб ва шартлар аниқ кўрсатиб ўтилган.

Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тизимини соддалаштириш билан бирга, талабгорларнинг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган.

Кўриб турганингиздек, юртимизда нодавлат олий таълим ташкилот сифатида лицензия олиб, фаолиятларини қонуний асосда юритишлари учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас.

Нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш истагида бўлган тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли лицензияни олганларидан кейингина фуқароларимиз ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширишлари мақсадга мувофиқ.

Report Page