Талабаларга белгиланган таътил даври нодавлат таълим муассасалари учун тавсиявий ҳисобланади. Таътил муддатини улар алоҳида белгилаши мумкин

Талабаларга белгиланган таътил даври нодавлат таълим муассасалари учун тавсиявий ҳисобланади. Таътил муддатини улар алоҳида белгилаши мумкин

Расмий хабарлар

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов маълум қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегишли буйруғи билан олий ўқув юртлари талабалари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаби ва академик лицейлар ўқувчиларига жорий ўқув йили учун бериладиган қишки таътил муддати 2022 йилнинг 26 декабридан 2023 йилнинг 9 январига қадар этиб белгиланди.

Эътибор қаратиш лозим бу йилги қишки таътил кунларини белгилашда олдинги йилларда юзага келган айрим муаммолар бартараф этилиб, узоқ ҳудудлардан келиб таҳсил олувчи талаба-ўқувчиларнинг доимий яшаш жойларига хотиржам, ортиқча овворагарчиликларсиз етиб боришлари ва қайтиб келишлари учун қўшимча қулайликлар яратилмоқда.

Авваллари талаба ўқувчилар қишки таътил кунлари муддатидан олдин ўз яшаш ҳудудларига кетиб, ўқиш бошланганидан кейин кеч етиб келиш ҳолатлари кузатилар эди. Бу йил эса, давлат олий таълим муассасалари ва профессионал таълим масканлари талаба - ўқувчиларига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида қишки таътилнинг бошланиш куни 26 декабрь айнан хафтанинг биринчи куни этиб белгиланмоқда. Бу талабаларнинг дарс жараёнларида тўлиқ қатнашиб, ҳафта охири, дам олиш кунлари ўз манзилларига кетишга тайёргарлик кўришлари учун қулайлик яратади. Дарс жараёнларининг бошланиши эса 2023 йил 9 январь, душанба кунига тўғри келмоқда. Шу ўринда эслатиб ўтамиз давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойлари 2023 йилнинг 5 январдан бошлаб ўз фаолиятини йўлга қўяди.

Бунинг учун таълим муассасаларида Ишчи гуруҳлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида эса алоҳида штаб тузилади. Уларга талаба ва ўқувчиларни қишки таътил вақтида доимий яшаш жойларига бориб-келишини ташкил этишга яқиндан ёрдам бериш, байрам кунлари ва қишки таътил даврида талабалар турар жойларида қолаётган ёшларнинг хавфсизлиги ва бўш вақтини унумли ўтказиш каби бир қатор вазифалар юклатилади.

Транспорт вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Узбекистан эйрвайс” АЖлари билан келишув асосида доимий яшаш жойларига бориб-келадиган талаба ва ўқувчилар учун қўшимча жойлар (рейслар) сонини янада кўпайтириш, олий таълим муассасалари раҳбарияти томонидан тавсия этилган жойларда сайёр кассалар ташкил этиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, қишки таътил вақтида соғломлаштириш масканларида дам олиш, саломатлигини тиклаш истагида бўлган профессор-ўқитувчиларга тегишли шароитлар яратиш ҳамда талаба-ўқувчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг ички туризмга жалб этилишини таъминлаш чоралари ҳам кўрилади.

Мазкур белгиланган тартиблар нодавлат таълим ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланади ва уларнинг раҳбарияти томонидан алоҳида белгиланиши мумкин.


Report Page