Талабаларга 4 йиллик ўқиш даври учун 11,5 йил муддатга кредит ажратилади
https://t.me/aoka_uzАОКАда ўтказилган брифингда "Микрокредитбанк" АТБ ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов ажратилаётган таълим кредитлари ҳақида маълумот берди:
“Микрокредитбанк” АТБ томонидан юртимиздаги барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида шунингдек, қўшма таълим дастурлари бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган барча босқич талабаларига таълим кредитлари ажратиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 июлдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан эса, ушбу кредит талаба қизларимиз учун “фоизсиз” шартларда ажратилмоқда.
Хусусан, банкимиз томонидан 2022-2023 йилларда жами
11 мингга яқин талабага 112 млрд сўмдан ортиқ таълим кредитлари ажратилди.
Шундан, 71 фоизи ёки 80 млрд сўми хотин-қизларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Жорий ўқув йилининг ўзида эса МИНГ нафардан ортиқ талабага 14 млрд сўмлик таълим кредитлари ажратилди. Эътиборлиси, ушбу кредитларнинг ҳам асосий қисми, яъни 77 фоизи хотин-қизларнинг таълимини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.
Банкимиз томонидан таклиф этилаётган таълим кредити асосий қарз талабанинг расмий ўқиш муддати тугаганидан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
Мисол учун 1-курс талабасининг умумий ўқиш даври 4 йилни ташкил қилса, кредит 11,5 йил муддатга ажратилади.
Таълим кредитлари йиллик 14 фоиздан, Хотин-қизлар учун эса юқорида ҳам таъкидланганидек, мутлақо “фоизсиз” ажратилади.
Айни кунларда банкнинг барча филиал ва марказлари томонидан таълим кредитлари узлуксиз ажратиб келинмоқда. Содда қилиб айтганда, банкнинг исталган филиалига талаба ва кафиллар ўзининг паспортлари ҳамда тўлов шартномаси билан боришлари мумкин. Бунда таълим кредити бир иш куни давомида ажратилади.
Эслатма, табақалаштирилган, яъни халқ тилидаги “супер контракт” тўловлари ёки контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредитлари ажратилмайди.
Хизмат кўрсатишдаги ҳар қандай муаммолар юзасидан банкнинг “1285 – Алоқа маркази рақамига мурожаат қилишингиз мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз.