Тафсир

Тафсир

@muxlisuz

Батаҳқиқ, сизлар учун, Алоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.

(Аҳзоб сураси; 21-оят)


Ҳа, мўмин-мусулмонлар учун гўзал ўрнак манбаи уларнинг маҳбуб Пайғамбарлари Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал ўрнакдирлар.

Оҳ, қани энди, ҳамма шу ўрнакнинг моҳиятини тушуниб етса: Расулуллоҳнинг гўзал ўрнак бўлган гап-сўзлари ҳаводан олинган нутқ эмас, Аллоҳдан қилинган ваҳийдир. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари Аллоҳнинг амри биландир. Ана шундай гап-сўз гўзал ўрнак бўлмай, қайси гап-сўз гўзал ўрнак бўлиши мумкин. Ана шундай ишлар гўзал ўрнак бўлмай, бошқа қайси ишлар гўзал ўрнак бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб урушида ҳам, одатдагидек, энг гўзал намуналарни кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай,

заррача қўрқмасдан, Мадинани ҳимоя қилишга чикдилар. Душманга қарши нима чора кўриш кераклиги ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг фикрларини кабул этиб, хандақ қазишни бошладилар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хатарли ва нозик бир пайтда мўмин-мусулмонлар учун ишонч, орзу-умид, хотиржамлик тимсолига айландилар. Ким тушкунликка тушса, қўркқса, иккиланса, умидсизланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан бу туйғуларидан фориғ бўлар эди.

Хандақ қазиш ишларида Ул зот ҳаммага ўрнак бўлиб, тер тўкдилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Оғир меҳнат енгилласин учун жўр бўлиб, шеър ўқиган саҳобаи киромларга ўзларининг муборак овозлари билан қўшилар эдилар.

Мусулмонлардан бирининг номи Жуъайл (қўнғиз) эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини «Амр» деб ўзгартирдилар. Бундай хавфли пайтда хунук исмдан қутулиш кайфиятни кўтарар эди. Мусулмонлар бундан хурсанд бўлиб, исм ўзгарганини байтга солиб, баланд овоз билан айта бошладилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам байтнинг охирида уларга жўр бўлиб турдилар.

Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, тупроқ ташир эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: «Қандоқ ҳам яхши бола экан-а?» деб эркалатдилар. Иш давомида чарчаб, Зайд ибн Собит хандакда ухлаб қолди. Шунда Аммора ибн Ҳазм унинг қуролини олиб қўйди. Уйғонгач, Зайд қуроли йўқлигини кўриб, қўрқиб кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа, уйқучи, ухлаб ётганингда қуролинг кетиб қолибдими?» деб ҳазил қилдилар. Сўнгра:

«Бу боланинг қуролини ким билади?» деб сўрадилар. Аммора:

«Эй Аллоҳнинг Расули, у менда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга қуролини қайтар», дедилар-да, кейин мусулмон кишининг ўзига билдирмай, бирор нарсасини олиб қўйиб қўрқитишдан қайтардилар.

Хандақ қазиётганида, Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг олдидан катта харсангтош чиқиб қолди. У харсангни синдира олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, чўқморни унинг қўлидан олдилар. Куч билан харсангни урган эдилар, ўт чақнаб кетди. Яна бир урган эдилар, яна ўт чақнади. Учинчи марта урган эдилар, учинчи марта ҳам ўт чақнади. Шунда Салмони Форсий розияллоҳу анҳу:

«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй, Аллоҳнинг Расули, мен кўрган нарса нима ўзи? Зарба берганингизда ўт чиқди?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен ўшани ростдан кўрдингми, эй Салмон?» деб сўрадилар. Салмон розияллоҳу анҳу:

«Xa», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Биринчиси билан Аллоҳ таоло менга Яманни фатҳ қилди. Иккинчиси билан Аллоҳ менга Шомни фатҳ қилди. Учинчиси билан Аллоҳ менга Мағрибни фатҳ қилди», дедилар.

​​Бу хабар яшин тезлигида мусулмонлар ичида тарқалди. Уларнинг руҳлари юксалди, ғалабага бўлган ишончлари мислсиз даражада ортди.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тинмай Аллоҳ таолога ёлборар, намоз ўқиб, муножот қилар, Роббул оламийннинг Ўзидан нусрат сўрар эдилар. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси мусулмонлар учун гўзал ўрнақдир. Шунинг учун ҳам ўзларидан кўра сон ва қурол жиҳатидан ғоятда устун бўлган аҳзобларни кўрган мўминлар заррача қўрқмадилар.


"Тафсири ҳилол" китобидан.


Report Page