Тафсир

Тафсир

@muxlisuz

Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирурмиз ва сизни яхши жойга киритамиз.

(Нисо сураси; 31-оят)


Бу ояти кариманинг маъноси, катта гуноҳлардан четда бўлсангиз, кичик гуноҳларингизни кечириб, охиратда сизни жаннатга киритамиз, деганидир.

Шаръий истилоҳда катта гуноҳларни «Кабира» дейилади. Ана шу кабира гуноҳлар қайси гуноҳлар эканлиги ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор. Бу ҳадислар турли муносабатларда келгани учун мақомига қараб айтилган. Ушбу масалада уламоларимиз ҳам анчагина баҳслар юритишган. Улардан баъзилари, гуноҳи кабира - уни қилган одамга Қуръон ёки ҳадисда дўзахга кириш тайин қилинган гуноҳлардир, дейдилар.

Иккинчилари, шариатда ҳадни жорий этишни тақозо қилган гуноҳлар гуноҳи кабирадир, дейдилар. Бошқа бирлари эса Аллоҳ таоло ман қилган ҳар бир иш гуноҳи кабирадир, деганлар. Утган уламолардан баъзилари гуноҳи кабиралар ҳақида алоҳида китоб ҳам қилганлар. Мисол учун, Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий гуноҳи кабиралар ҳақидаги ўз китобларида етмишга яқин гуноҳни келтирганлар.

Аллома Ибн Касир тафсирларида уламолар гуноҳи кабира сифатида зикр қилган гуноҳлардан баъзиларини келтирганлар ноҳақ одам ўлдириш, зино, баччабозлик, ароқ ичиш, ўғрилик, босқинчилик, бировни зинода айблаш, ёлғон гувоҳлик бериш, рибохўрлик, ёлғон қасам ичиш, қариндошлик алоқаларини узиш, ота-онага оқ бўлиш, жиҳоддан қочиш, етимнинг молини ейиш, ўлчов ва тарозида хиёнат қилиш, Намозни вақтидан олдин ўқиш, намозни узрсиз вақтидан кейин ўқиш, пора олиш, эркак ва аёллар ўртасида қўшмачилик қилиш, закотни ман этиш, амри маъруф ва наҳйи мункарга қодир бўлиб туриб қилмаслик, Қуръон таълимотини унутиб юбориш, ҳайвонни ўтда куйдириш, эри яқинликни истаганида аёл кишининг сабабсиз рози бўлмаслиги, Аллоҳнинг раҳматидан ноумидлик, Аллоҳнинг макридан бепарволик, аҳли илм ва ҳофизи Қуръонларга ёмонлик қилиш ва бошқалар.

Бундан кўриниб турибдики, аҳли салаф уламоларимиз мазкур гуноҳларни санашда ўзлари яшаб турган воқелик таъсирида ҳам бўлганлар ёки баъзи бир гуноҳларни гуноҳи кабирадан ҳам катта гуноҳ ҳисоблаганлар. Мисол учун, Намозни олайлик. Ҳозиргина зикр қилинган рўйхатда, Намозни Вақтидан олдин ёки кейин ўқиш гуноҳи кабира - кечирилмас гуноҳ, дейилган. Аммо Намозни бутунлай ўқимай қўйиш ҳақида гап йўқ. Бунинг, аввал айтганимиздек, икки сабаби бор. Биринчиси – ўша пайт мусулмонлари, жумладан, уламолари ҳам Намоз ўқимаган одамнинг мусулмонликни даъво қилишини тасаввурларига ҳам келтира олмаганлар. Иккинчидан эса Намоз ўқимасликни гуноҳи кабира эмас, балки куфрга, диндан чиқишга элтадиган улкан гуноҳ ҳисоблаганлар. Худди шу фикрни рўза тутмаслик, имкони бўлиб туриб ҳаж қилмаслик, Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръонга тил теккизиш каби бугун авж олган кўпгина каттадан-катта гуноҳлар ҳақида ҳам айтса бўлади.

Шунинг учун Қуръони Каримда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам гуноҳи кабираларни чегаралаб қўйилмаган. Чунки гуноҳи кабиралар вақтга, шароитга, Жамиятга қараб хилма-хил бўлиб туради. Мусулмон одам, исломий жамиято Аллоҳдан заррача бўлса ҳам қўрқувчи, қиёматдан умидвор шахс гуноҳи кабирани ажратиб олиши қийин эмас. Энг муҳими - ушбу оятда келган умумий қоидани унутмасликдир. Банда ўзини гуноҳи кабирадан четга олса, қолган хато ва айбларни Аллоҳнинг Ўзи мағфират қилади.

"Тафсири Ҳилол" китобидан.


Report Page