Тафсир

Тафсир

@muxlisuz

Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳим эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил.

(Бақара сураси; 286-оят)


Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жон ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди – яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас».

Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Ҳар бир банданинг:

«Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан».

Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, насли-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон-ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо унинг ўзига ёлвориб дуо қилиши зарур.

«Роббимиз, агар унутса ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин».

Мўмин банда бор имконини ишга солиб Аллоҳнинг фармонига мувофиқ иш юритишга ҳаракат қилади. Бу борада кўпгина тўсиқларни енгиб, қийинчиликларга бардош беради. Лекин у фаришта ҳам эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилиб қўяди ёки баъзи нарсаларни унутиб, эсдан чиқарадио Шунинг учун ҳам дуонинг аввал-бошида мазкур нарсалар учун азобга тутмасликни Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрамоқда, Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ушбу дуосини қабул этган.

Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом

«Умматимдан уч нарса – хато, эсдан чиққан ишлар ва мажбур қилинганлик кўтарилди», деганлар.

«Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин».

Маълумки, Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларга улар қилган осийликлари учун қийин-қийин таклифлар юборган.

Баъзиларига тавба қилиш учун ўзини ўлдиришни амр қилган бўлса, бошқаларга нажосатни кетказиш учун кийимини кесишни буюрган. Шунга ўхшаш оғир ишлар Ислом умматига ҳам бўлмаслиги сўралмоқда:

«Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин».

Мўминлар Аллоҳнинг амри қанчалик бўлса ҳам бажаришга доим тайёрлар. Лекин Аллоҳнинг раҳмати кенглигидан умидвор бўлиб, ўзларини кичик фаҳмлаб, бу дуони қилишмоқда.

«Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт».

Мўмин банда ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, бандалик бурчини тўлиқ адо эта олмаслигини яхши билади. Шунинг учун доимо ўзига Аллоҳнинг афви, мағфирати ва раҳматини сўраб туради.

«Сен хожамирсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб эт».

Ҳақиқатан, мўмин бандага Аллоҳнинг Ўзидан бошқа хожа йўқ. Ёрдамчи йўқ. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ҳаётларидаги энг муҳим нарсалардан бири — кофир қавмлар билан бўладиган курашда Унинг Ўзидан ғолибликка ёрдам сўралмоқда,

«Бақара» сурасининг охиридаги икки оят ҳақида бир қанча ривоятлар келган. Жумладан:

Имом Насоий ибн Аббосдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади

«Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом Жаброил билан ўтирган эдилар. Юқоридан бир ово3 эшитилди. Жаброил осмонга бурилиб қаради-да,

«Бу – осмоннинг эшикларидан бири, ҳеч очилмаган эди, бугун очилди», деди. Ундан бир фаришта тушди ва Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг ҳузурларига келиб

«Суюнчи, сендан аввалги Пайғамбарларга берилмаган икки нур сенга берилди, сураи «Фотиҳа» ва «Бақара» сурасининг охири. Улардан ўқиган ҳар бир ҳарфингга, албатта, (савоб ва жавоб) бериласан», деди».

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом

«Сураи «Бақара»нинг охирги Икки оятини ўқи, улар менга аршнинг остидаги хазинадан берилган», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда: «Ким «Бақара» сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», деганларов.

"Тафсири Ҳилол" китобидан.


Report Page