Tafovutlar
@gavhar_nasrullohИккита қизим репетиторга боряпти. Табиийки, ойлик тўлов тўлаяпмиз. У ердаги ўқитувчилар вазифани яхши бажармаган ўқувчини қўл-панжа қисмига темир чизғич билан урар экан.
Иккала қизим ўқишдан келиб, бу усулни ижобий баҳолади. Айтишича, калтакдан қўрққан ўқувчилар вазифаларни анча масъулият билан бажаряпти экан.
Бу гапни эшитиб, кўрдиларингми, агар шу ишни мактаб ўқитувчиси қилса, ота-оналар тўполон қилиб ташлайди, дедим. Шу билан репетиторда ўқиш нима сабабдан самарали, мактабда эса, натижага эришиш қийинлигини ўзимизча солиштириб, таҳлил қилишга тушиб кетдик:
✅Хусусий ўқув маркази ўқитувчиси ҳар бир ўқувчи учун алоҳида ҳақ олади. Масалан битта гуруҳда 20 нафар ўқувчи бўлса, 20 нафаридан, 30 нафар бўлса, 30 нафаридан алоҳида ҳақ олади.
❌Мактаб ўқитувчиси маоши дарс соатига қараб ҳисоб қилинади. Синфда 20 нафар ўқувчи бўлса ҳам, 45 нафар бўлса ҳам, унинг маоши ўзгармайди(билишимча, шундай).
✅Ўқув марказига бораётган ўқувчи ёки фарзандини у ерга юбораётган ота-она шу ердаги билим уларга керак эканлигини чуқур англайди ва керакли йўналишларни ҳам ўзи белгилайди. Шунинг учун дарсларга масъулият билан ёндашади.
❌Мактабда эса, ўқувчи деярли "мажбурлаб" ўқитилади, кўп ҳолларда, мактаб аттестати бўлмаса, ОТМ ларга ҳужжат топшира олмаслигидан қўрққани учунгина, у ерга борилади.
✅Ўқув марказига бораётган ўқувчи, ўрганаётгани ўзига зарур эканини билгани учун ҳам, дарс қолдирмайди.
❌Мактабда давомот мажбурий бўлса ҳам, кўпчилик у ёки бу баҳоналар туфайли дарс қолдириб туради.
✅Ўқув марказда кийим-кечакка ҳеч қандай чеклов йўқ.
❌Мактабда форма талаб қилинади. Айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган, бир нечта форма олишга имкони етмайдиган, формасини ювиб-қуритиш учун шароит етарли бўлмаганлиги туфайли, бу талаб, бажарилиши қийин бўлган талаблар сирасига киради. Натижада, ўқишга қизиқиши юқори бўлган ўқувчи ҳам, кийими ювилмагани ёки ювилган кийим совуқ ҳавода қуримагани, ёки чироқ йўқлиги учун дазмол қилинмай қолгани туфайли ҳам ё дарсга бормайди, ё борган тақдирида, формаси йўқлиги учун гап эшитиб, ё ҳеч ким индамаса ҳам, ҳозир сезиб қолишса, уришишларидан чўчиб, руҳан хотиржам бўла олмайди. Натижада дарсни англамайди.
✅Ўқув маркази ўқитувчиси ҳар бир ўқувчидан бир хил миқдорда тўлов олингани учун, ҳар бирига бир хил эътибор билан қарайди.
❌Мактабда эса, айрим ўқитувчилар болаларга оиласи мавқеи, иқтисодий ҳолати ёки таниш-билишлиги туфайли, бошқача муносабатда бўлиши мумкин.
✅Ўқув марказ ўқувчиларидан қанча кўп қисми талабаликка қабул қилинса, нафақат марказ, балки фан ўқитувчисининг ҳам обрўси ортади. Кейинги йил ўқувчилар сони кўпайиши, табиийки, даромади яна-да ортиши эҳтимоли юқори.
❌Мактабда эса, айниқса, ҳозирги пайтда, қанча битирувчи ОТМ га киргани айтилганда, кўпчилик, бирибир бу натижа мактабнинг эмас, репетиторларнинг ҳиссаси, деб қабул қилади. Агар, қайси бир ўқитувчининг ҳиссаси борлиги аниқ бўлган тақдирда ҳам, бу ўқитувчининг маоши ва обрўсига озгина таъсир қилиши мумкин, холос.
✅Ўқув марказларда ўқувчиларга бепул дарслар тақдим этилиб, ўқитувчини танлаш имкони бор. Яъни, ўқувчи хоҳлаган пайти ўзига ёқмаган ўқитувчидан воз кечиб, бошқасига бора олади.
❌Мактабда эса ўқувчиларга бундай имкон берилмайди. Ўқувчи маълум бир фандан, мактабидаги фалончи ўқитувчи дарсни зўр ўтишини билса-да, директор ёки "завуч" белгилаган бошқа ўқитувчидан дарс олишга мажбур.
✅Ўқув марказ ўқитувчиси дарсларни қайси дарслик ёки қандай дастур асосида ўтишини ўзи белгилайди.
❌Мактабда ҳар бир ўқитувчи бир хил дарслик ва битта дастурдан чиқмаслиги шарт.
✅Ўқув марказида ўқитувчилар кутилмаган йиғилишлар, жамоавий ишлар, тадбирлар ёки яна бир нима-бир нималарга дарс вақтида жалб қилинмайди. Дарсдан ташқари вақтда ҳам бундай бўлиши деярли кузатилмайди.
❌Мактабда эса бу каби вазият деярли ҳар куни кузатилади.
✅Ўқув марказда ўқитувчи ўқувчидан ҳар хил йиғимлар ундиришига тўғри келмайди. Ҳатто ойлик тўловни йиғиш вазифаси ҳам марказ администраторига топширилган.
❌Мактабда ўқитувчи ўқувчилардан ҳар хил майда йиғимлар йиғишига тўғри келади(ҳозирги пайтда анча камайган бўлса ҳам). Бу эса ўз навбатида, ўқитувчининг ўқувчи кўз ўнгидаги салобатига салбий таъсир кўосатади.
✅Ўқув марказида ўқитувчи маълум сабаб билан дарс ўта олмай қолса(бундай ҳол жуда ҳам кам кузатилади), албатта, кейинги дарс ўша қолиб кетган мавзуга бағишланади. Керак бўлса, дарсдан ташқари алоҳида вақт белгиланиб бўлса ҳам, мавзу атрофлича ўрганилади.
❌Мактабда эса чорак яқинлашиб қолаётгани муносабати билан, айрим сабаблар туфайли қолдирилган дарслар(бундай ҳол жуда ҳам кўп кузатилади) тез-тез, қисқартирилган ҳолда тушунтириб ўтиб кетилади(агар ўтилса):-)).
✅Ўқув марказида ўқитувчига қўиладиган ягона талаб: ўқувчиларга имкони борича самарали билим бериб, уларнинг мақсадига етишида кўмакчи бўлиш.
❌Мактаб ўқитувчисига қўйилгадиган талаблар эса ниҳоятда кўп. Уларнинг кўп қисми юқорида айтиб ўтилди. Қўшимчасига ҳар хил текширувчиларни кутиб-кузатиш, болаларни мактабдаги тозалик ишларига жалб қилиш, маошларидан ҳар хил йиғимлар ундириш ҳам бор.
❌Ўқув марказига келган ўқувчи маълум маънода бошланғич билимларга эга бўлади.
✅Мактабга ҳеч нарсани билмай келиб, ўқув марказига етиб боргунгача бўлган билимларни шу ерда ўрганади.
❌Ўқув марказига қатнаб билим олган ўқувчига, кўп ҳолларда, ҳеч қандай ҳужжат берилмайди. Касбга ихтисослашган айрим марказларда берилган сертификат ёки диплом ҳам, ОТМ га киришда ҳужжат сифатида қабул қилинмайди.
✅Мактабни битирган ўқувчига эса, мактаб дастурини ўзлаштиргани тўғрисида аттестат берилиб, шу аттестат ОТМга киришдаги зарурий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.
Ps: Бу, шунчаки, учта фарзанди таълим олаётган бир онанинг фарзандлари билан қилган таҳлили эди. Қўшимачалар бўлса, изоҳда қолдиришингиз мумкин.
Гавҳар Насруллоҳ
👉 t.me/gavhar_nasrulloh 👈