Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси кафолатланади
Бугунги кунда бутун дунёда кечаётган эпидемологик вазият бизнес майдонида ўзига хос янгиликлар жорий қилишни тақозо этмоқда. Бунинг замирида эса одамларни даромад топишларига кўмаклашиш ва оилалар фаровон яшашларига эришишдек муқаддас мақсад ётибди.
Бу борада муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан пандемия шароитида фуқароларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватланаётганлиги ва рағбатлантирилаётганлиги, иш билан таъминланиш соҳасида ижтимоий кафолатлар берилиб, аҳолини ишсизликдан ҳимоя қилишни таъминлаш каби изчил давлат сиёсати амалга ошириб келинаётганлиги бунинг яққол исботидир.
Муҳтарам юртбошимизнинг 2020 йил 8 июнь кунги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4742-сонли Қарори қабул қилиниши бу борадаги тарихий ўзгаришларга асос солди.
Мазкур қарорга мувофиқ жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиши мумкин бўлган хизмат турлари рўйхати кенгайтирилди ҳамда бундай фаолият билан шуғулланадиган фуқароларнинг рўйхатга олиш хизмати йўлга қўйилди.
Қарорга биноан ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг фаолияти қонунга мувофиқлаштирилиб, бир қатор қонун имтиёзларидан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлади. Хусусан, уларга тижорат банкларининг енгиллаштирилган кредитлари ажратилиб, фаолиятни йўлга қўйиш имконияти яратилади. Бу орқали уларнинг бандлиги таъминланиб, меҳнат стажи ҳисоби юритилади.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишлари учун қатор қулайликлар жорий этилган. Хусусан
- масофадан туриб бепул рўйхатдан ўтиш;
- пенсия жамғармасини яратиш;
- даромад ва сарф харажатларини ҳисоботини юритиш;
- электрон ҳисоб-фактура ва чекни тақдим этиш;
- меҳнат стажини давом эттириш;
- тўловларни амалга ошириш орқали аҳолини банд этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Қарорга мувофиқ 67 та фаолият тури билан банд бўлган фуқаролар ушбу имкониятлардан фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу маблағ тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад хажми аниқланади ва шу йўл орқали давлат пенсия таъминоти кафолатланади.
Муҳтарам юртбошимиз томонидан мазкур қарорнинг қабул қилиниши ўзини ўзи банд қилган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга, уларни бандлигини таъминлашга ва бу орқали ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда ва боқувчисидан маҳрум бўлганда моддий таъминланишнинг самарали механизмини тадбиқ этишга қаратилганлигидан далолат беради.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Андижон вилояти бошқармаси
Facebook | Twitter | Instagram | YouTube | Telegram