Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳоким назоратида.

Тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳоким назоратида.

VOBKENT.UZ

Бугунги кунда шаҳар ва туманларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Тадбиркорлар ислоҳотчи бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим куч эканлигини барча яхши тушуниб етмоқда. Зеро, тадбиркорларнинг юрт фаровонлигини таъминлашдаги ҳиссаси беқиёс. Тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, уларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш бугунги кунда туман ҳокимлигининг доимий назоратига олинган. 

Вобкент туман ҳокими Ф.Умаров бошчилигида сектор раҳбарлари, вилоят Халқ банки бошлиғи Ф.Зокиров, ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирокида инвестиция лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан учрашув ташкил этилди ва тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилди. 

Сектор раҳбарлари янги лойиҳаларни амалга ошириш ва янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган ишбилармонларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳар доим тайёр эканлигини улар билан бўлган суҳбатда таъкидлади. Шунингдек тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаати мутасадди идоралар вакиллари, ташкилотлар ҳамда масалага даҳлдор масъуллар иштирокида таҳлил этилиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. 

Улар томонидан айланма маблағ учун кредит ажратиш юзасидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш, бинони фойдаланишга қабул қилиш юзасидан белгиланган тартибда тегишли хулосалар тақдим этиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган ер майдонини ауксионга чиқаришга амалий ёрдам бериш, имтиёзли кредит олиш ва кадастр ҳужжатларидаги камчиликлар борасида мурожаатлар қилинди.

Вақт талаб этадиган масалалар эса ҳал этиш учун тегишли мутасаддиларга бириктирилиб, ижроси назоратга олинди. Тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳалари туман ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди.


Вобкент туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page