Тадбиркор ватан равнақига хизмат қилади

Тадбиркор ватан равнақига хизмат қилади



Kun.uz ахборот сайтида эълон қилинган “Қамашида нега тадбиркор аёлнинг мулкига дахл қилинмоқда?” номли мақола ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Ушбу кўтарилган муаммонинг ҳаққонийлигини аниқлаш мақсадида Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати мавжуд воқеликни алоҳида ўрганиб чиқди.

Ўрганишлар жараёнида қуйидагилар маълум бўлди.

Kun.uz мухбири Ғайрат Йўлдошнинг қамашилиқ тадбиркор аёл Бибиҳалима Назарованинг ноҳақликка дуч келганлиги ҳақидаги мақоласининг тарихи узоқлигини, қарийб ўн йиллик вақтни ўз ичига олаётганлигини эътиборга олиб, Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам воқеалар тафсилотини батафсил ёритишни лозим топди.

“БИР ГУРУҲ ТАДБИРКОРЛАР” – ҚАМАШИ ТУМАНИ ИҚТИСОДИЁТИНИНГ ЮКСАЛИШИ ТАЯНЧИДИР

Аввало, шуни айтиш керакки, Kun.uz сайтида эълон қилинган мақоланинг бошида мухбир “Қамаши туман газ идораси ва Бир гуруҳ тадбиркорлар” – тадбиркор Бибиҳалима Назарованинг “мулки”га дахл қилганлигини алоҳида айтиб ўтаяпти.

Лекин, ҳақиқий ҳолатни ҳисобга олганда тадбиркор аёл томонидан қурилган паррандачилик ва чорвачиликка мўлжалланган, айни кунларда эса абгор ҳолатдаги иморатини “мулк” деб белгилашимиз мумкиндир, лекин туман иқтисодиётининг бугунги кунда қон томири бўлиб турган “Камаши муқаддас замин сервис” МЧЖ, “Муродали фарм” МЧЖ,“Азиза парранда” МЧЖ, “Гидропоника”(иссиқхона) МЧЖ,520 та хонадон, “Асл метан” МЧЖ,“Бадахшон бизнес сервис” МЧЖ, “ЖИЕМ” ДУКни мухбир таъбири билан айтганда, гўё тадбиркор бир аёлнинг мулкига дахл қилган шунчаки,“Бир гуруҳ тадбиркорлар” деб бўлмайди-ку?!

Аслида, юқорида номлари зикр қилинган масъулияти чекланган жамиятлар Юртбошимиз томонидан яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, жуда катта маблағлар эвазига тадбиркорлик қилаётган фидойи замондошларимиздир.

Мақолани ўқир экансиз гўё ана шу “Бир гуруҳ тадбиркорлар” неча йиллардан бери қақраб, сув чиқмай ётган лалми ерни гулзорга айлантирган, эл дастурхонига файз бўладиган чорва ва парранда гўштларини тортиқ қилаётган фидойи бир тадбиркор аёлнинг “мулки”га дахл қилиб, унинг ишларини “касод” қилишга киришгандек бир таассурот уйғонади.

Аслида, бу ер бугунги кунда бориб кўрган одам учун неча йиллардан буён ишлатилмаган, қаровсиз ва ташландиқ жой эканлиги маълум бўлади.

Инсоф билан айтганда, юқорида бир гуруҳ тадбиркорлар деб эътироф этилаётган масъулияти чекланган жамиятлар томонидан ўтказилган 8 та табиий газ қувури бу қаровсиз ерларга файз ва тароват бағишлаб турганлиги маълум бўлади.

Мадомики,ўз мулкига дахл қилинаётганлиги бўйича шикоят қилган “АЛИ – МУҲАММАД– БЕК ИНВЕСТ” масъулияти чекланган жамият даъволарининг ҳақиқат эканлигини рўй-рост аниқлаш учун Бибиҳалима Назарова раҳбарлигидаги ушбу масъулияти чекланган жамиятнинг10 йиллик фаолиятини ҳам рўй-рост айтиб ўтишга тўғри келади.

МУҲРИ БОР, ЛЕКИН ФАОЛИЯТИ НОМАЪЛУМ МЧЖ

ёҳуд ЎН ЙИЛДА ФОЙДА БЕРМАГАН ЕР ЎН КУНДА “ТАДБИРКОР”НИ ЭЛГА МАШҲУР ҚИЛДИ

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, тадбиркор Бибиҳалима Назарова томонидан МЧЖ деб тақдим қилинган масъулияти чекланган жамиятнинг ҳужжатларининг қонуний асосини топиш учун ҳар қандай юристнинг боши айланиб кетиши аниқ.

 Чунки, бу ҳужжатларда айни кунларда тадбиркор аёлнинг “мулки” деб эълон қилинаётган 3 гектар лалми ернинг - қайси бир МЧЖга тегишли эканлигини ажратиб олиш учун қилни қирқ ёрган ҳуқуқшуноснинг таҳлили бизга ёрдам бериши мумкин.

Қамаши туман ҳокимининг 2011 йил 29 июндаги Х-724/6-сонли қарори билан Қизилтепа қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 655қ-контуридаги 3 гектар лалми ер майдони “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК” савдо ишлаб чиқариш фирмасига берилган. Лекин шу фирма раҳбари (аслида Б.Назарованинг онаси) Г.Аҳмедованинг 2014 йил 31 январдаги №3-1/157-сонли билдириш хати ва Қамаши туман ҳокимлигининг 2014 йил 20 март Х-1993/3-сонли қарори билан ушбу ер майдони  туман ҳокимлиги захира ер фондига олинган.

Шундан кейин Қамаши туман ҳокимининг 2014 йил 1 апрелдаги Х-220/4-сонли қарори билан Чим қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган “ЧЎҚҚИДАГИ ТОЖМАҲАЛ ПАРРАНДА ИНВЕСТ” масъулияти чекланган жамиятига паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун мазкур 3 гектар лалми ер ажратиб берилган.

Орадан 4 йил утиб “тадбирли тадбиркор” Бибиҳалима Назарованинг айни кунларда фаолият юритаяпти деб айтилаётган  “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК-ИНВЕСТ” МЧЖси тасарруфига “ЧЎҚҚИДАГИ ТОЖМАҲАЛ ПАРРАНДА ИНВЕСТ” масъулияти чекланган жамиятининг “Паррандачилик ва чорвачилик учун олинган шу 3 гектар лалми ер”и ички – икки масъулияти чекланган жамиятларнинг ўзаро олди-сотди шартномаси орқали ўтказилган.Бу “ўтказилиш”нинг ҳуқуқий асоси ҳозирча бизга номаълум.Лозим бўлса хуқуқшуносларга мурожаат қиламиз.

Аниқроғи,“ЧЎҚҚИДАГИ ТОЖМАҲАЛ ПАРРАНДА ИНВЕСТ” масъулияти чекланган жамиятнинг 2018 йилдаги раҳбари Б.Худойқулов “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК-ИНВЕСТ” МЧЖнинг раҳбари Бибиҳалима Назарова билан 2018 йил 20 апрелда  ўзаро “Кўчмас мулкнинг олди-сотди №01-сонли шартномаси орқали Қизилтепа қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 655қ-контуридаги 3 гектар лалми ер майдони олди-сотди қилган. Қонун нуқтаи назардан ушбу олди-сотди шартномаси олди – сотди учун асос бўлолмаса, мазкур 3 гектар лалми ер айни кунда“ЧЎҚҚИДАГИ ТОЖМАҲАЛ ПАРРАНДА ИНВЕСТ” масъулияти чекланган жамиятнинг раҳбари Б.Худойқуловнинг ихтиёрида бўлиб қолади.

Ушбу шартнома қонуний бўлиши учун Давлат нотариуси, аукцион савдоси ёки кўчмас мулк олди-сотди реалторлик Марказлари орқали бўлиши лозимлигини белгилаб бериш учун хуқуқшуносга мурожаат қилганмиз.

Худди манашу жараён “Бир гуруҳ тадбиркорлар еримдан берухсат газ қувурларини олиб ўтди”, деб даъво қилаётган тадбиркор Бибиҳалима Назарованинг ўн йиллик фаолиятини ҳар бир одам кўз олдида тўлиқ шакллантиради.

Ўтган ўн йил давомида мазкур ер учун  2018 йилгача солиқ тўлаб келинган. Демак ушбу  уч гектар лалми ерга муқаддам эгаси Б.Худойқулов томонидан солиқ тўланган. Ўзаро  олди-сотди шартномаси билан мазкур ернинг Бибиҳалима Назаровага ўтгандан бери мутлақо солиқ тўланмаган.

Энг ажабланарлиси,ўтган ана шу 10 йил давомида мазкур 3 гектар ердан на МЧЖ раҳбари, на туман аҳли ҳеч қандай фойда кўрмаган.

Энди мулоҳаза туғилади. Ўтган йиллар давомида шу 3 гектар лалми ерга бугун яроқсиз аҳволга келиб қолган чала иморатларини қурганини айтмаса, тадбиркор аёлнинг бу ердан унумли фойдаланиш ҳақидаги фикр, орзу-истак, мақсад интилиш ҳеч қачон унинг хаёлига келмаган.

Қамаши туманининг иқтисодини белгилаб берадиган янги тадбиркорлик субъектларини фаолият олиб боришига киришиши ва ушбу лалми ерга қўшни майдонда Давлат маблағлари ҳисобидан саноат газ коллектори қурилиши натижасида тумандаги бошқа йирик тадбиркорлик корхоналарининг ишлаши учун газ қувурларининг олиб ўтилиши тадбиркор Бибиҳалима Назаровани “хушёрликка” чорлаган.

Бирдан унинг хаёлига эҳтимол, шу ернинг эгаси ўзи эканлиги ёдига келган. Шу ўринда Kun.uzсайтида чоп этилган мақолада келтирилган “қурилиш ишлари олиб борилаётган вақтда, бироз ўтиб ундан қувур тортилаётганда ишчилар тадбиркорнинг ерига экилган буғдой ва арпани ҳам пайҳон қилиб ташлашади деган гап” шу ерда узоқ йиллардан буён умргузаронлик қилиб келган ҳар бир одамни ҳайратга солиши шубҳасиз.

Негаки, яқин йиллар давомида бу 3 гектар ерга бирор нарса экилганлигини ҳеч ким кўрмаган.

Хуллас, ўн йил давомида на тадбиркорга, на давлатга бирор бир фойда келтирмаган ер, Бибиҳалима Назарованинг мурожаатларидан кейин тадбиркорни ўн кунда элга машҳур қилди.

ТАДБИРКОР ҲАМ ВАТАН ИШОНЧИНИ ОҚЛАШИ КЕРАК ЭМАСМИ?

Тадбиркор аёлнинг шикоятини чуқур ўрганиш мақсадида унга тегишли бўлган 3 гектар лалми ерни бориб кўрдик. У ердан ўтказилган 8та газ қувурларининг қаерга бораётганлигини аниқладик.

Энг асосийси, бу қувурларнинг ҳар бири 265 минг аҳоли яшаётган Қамаши туманининг иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қиладиган, айни кунларда мамлакатимизда тадбиркорлар учун яратилган шароитдан унумли фойдаланиб, жуда катта миқдордаги кредит қарзлар ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ва бу билан туман иқтисодий юксалишига шубҳасиз муносиб улуш қўшаётган мухбир эътироф этгани каби шунчаки, “Бир гуруҳ тадбиркорлар эмас” балки шу юрт,шу Ватан фаровонлиги учун ёниб яшаётган инсонлар эканлигини аниқладик.

Шу ўринда, бир савол туғилади. Бибиҳалима Назарова талаб қилаётган газ қувурларини бошқа ердан олиб ўтганда ҳам унинг бошқарувидаги масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган шу 3 гектар лалми ердан у на чорвачиликни ривожлантиришда, на паррандачиликни ривожлантиришда ўзи кўзлаган тадбиркорлик фойдасига эришмаслигини ҳамма билиб, кўриб турибди-ку?!

Ҳатто буни Kun.uzсайти мухбири ҳам ўз мақоласида келтириб ўтган.Ушбу фикрнинг далили сифатида мақоладан қуйидаги парчани бериб ўтишни лозим топдик.

“Тадбиркорнинг маълум қилишича, бугунги кунда унинг муаммоси билан боғлиқ иш Қашқадарё вилояти прокуратураси ходими С.Азимов назоратида турибди. Унинг айтишича, сайёр қабул бўлиб ўтганидан кейин ҳам унинг еридан янгидан янги газ қувурларини тортиш ишлари давом этган.

С.Азимов ушбу муаммони ўрганиш давомида « Қашқадарёҳудудгаз» МЧЖ ва газ назорати инспекцияси ходимларини ишга жалб этган ва икки марта Қамашига келиб, тадбиркор ва унинг еридан газ қувури тортган корхона ва ташкилотларнинг раҳбарларини, туман ҳокимияти вакилларини тўплаб, муаммонинг ечими бўйича йиғилиш ўтказган.

Ана шу йиғилишларнинг иккисида ҳам тадбиркор туман ҳокимлиги томонидан ўзига бошқа жойдан ер бериш ва компенсация тўланиши ҳақидаги таклифни рад этган ва еридан ноқонуний тарзда ўтказилган газ қувурларини олдиришни талаб қилган.

Б.Назаровадан нега бошқа жойдан ер бериш ҳақидаги таклифга рози бўлмаганини сабабини сўрадик.

«Ҳозирги еримда товуқхона ва қўйхона бор. Бинони бузиб олиб кетиб, бошқа жойда қайта қуришнингўзи бўлмайди.

Бино бошқа жойда, ер бошқа жойда бўлибқ олса, бунинг ҳам ўзига яраша ноқулайликлари бор.

Бунинг устига бузиладиган бинолар учун арзимаган миқдорда пул беришмоқчи. Қолаверса, нега менинг еримдан розилигимсиз ноқонуний тарзда газ қувури ўтказишади?», дея жавоб берди у.”

Kun.uz сайти мухбири яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтганки, у Бибиҳалима Назарованинг тадбиркорлик даласига борганда чала ва яроқсиз товуқхонада товуқ, иморат сифатида бутунлай путурдан кетганқўйхонада қўй йўқлигини келтириб ўтган.

Kun.uz сайтда эълон қилинган мақолада айтилмаган бўлса-да, туман масъулларининг аралашуви билан ҳатто шу ердан ўз тадбиркорлик корхоналарига қувур олиб ўтган тадбиркорлар Бибиҳалима Назаровага унинг еридан ўтган қувурлар устидан энлилиги 4 метр, узунлиги 100 метр бўлган темир кўприк қуриб беришни таклиф қилганида ҳам у томонидан рад жавобини олган.

Демак, бундан шундай хулоса келиб чикадики, тадбиркор туман маъсуллари томонидан таклиф қиланаётган ҳар қандай имтиёзли келишувни ҳам рад этмоқда.

Шундай экан, 3 гектар лалми ер бўйича тадбиркор томонидан қилинган шикоятни бутун моҳияти билан ўрганиб чиққан ҳар қандай одам хаёлидан бир фикр ўтади; Юртбошимиз ва ҳукуматимиз тадбиркорларга шунча улкан шарт-шароитлар яратиб берган бир пайтда ўзи яшаётган, ўзи туғилиб вояга етган юрт тараққиёти учун озгина бўлса-да фидойилик кўрсатиш ҳар бир инсоннинг, айниқса юрт тарақиётига ҳисса қўшаман деган тадбиркорнинг ўз фуқаролик бурчи эмасми?!

Агар шу нуқтаи назардан қарасак, “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК-ИНВЕСТ” МЧЖ раҳбари Бибиҳалима Назарованинг туман ҳокимлиги таклифига кўниб, бошқа унумлироқ ердан жой олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши ўзи ва юқорида номлари келтирилган табиий газ қувури эгалари бўлган тадбиркорларга ёрдам қилиб, туманнинг иқтисодий тараққиётига икки томонлама муносиб улуш қўшган бўлмасмиди?!

МУАММОНИНГ ЕЧИМИНИ ҚОНУН ВА ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИ ҲАЛ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 1-моддасида шундай дейилади:

“Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари. Ер умумиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.”

Ушбу қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ҳар бир тадбиркор ердан унумли фойдалансагина, у ўша ернинг ҳақиқий эгаси ҳисобланади. Kun.uzсайтида эълон қилинган ушбу мақолани батафсил ўрганиш жараёнида шундай хулосага келинди.

Kun.uzмухбири Ғайрат Йўлдош ўзи аниқлаган ҳақ гапларни тўғри ёзган. Лекин шу ўринда бир эътироз туғилади. Ўрганилаётган муаммо бир тарафнинг сўзларига асосланмасдан, иккинчи тарафнинг фикрлари ҳам тингланганда ва улар ўзаро чуқур таҳлил қилиниб таққосланганда, эҳтимол, “Қамашилик тадбиркор аёлнинг мулкига дахл қилинмоқда” номли мақоладан келиб чиқадиган хулосалар бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди.

         Бу муаммо - Kun.uz сайтида “Қамашида нега тадбиркор аёлнинг мулкига дахл қилинмоқда?” номли мақола эълон қилинишидан қарийиб 20 кун аввал -  Қашқадарё вилоят ҳокими З.Мирзаев томонидан 2020 йил 3 январь куни вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК-ИНВЕСТ” МЧЖ раҳбари Б.Назарова томонидан Қамаши тумани “Қизилтепа” МФЙ ҳудудида жойлашган паррандачилик ва чорвачилик фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖга ажратилган ер майдонидан газ қувурлари ўтказилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати бўйича вилоят ҳокимининг топшириғи билан махсус ишчи гурух тузилди.

          Мазкур ишчи гурух Қизилтепа МФЙ ҳудудидаги АГРСдан 7та саноат корхонаси ва 560 та аҳоли хонадонлари учун “ЧЎҚҚИДАГИ ТОЖМАХАЛ ПАРРАНДА ИНВЕСТ” МЧЖга тегишли 655-қ-контури ер майдонидан газ қувурлариниг нима мақсадда ўтказилганлигини ва ушбу ернинг 10 йиллик “таржимаи ҳоли”ни  юқорида келтириб ўтилган фактлар асосида батафсил ўрганиб чиқди.

Ушбу муаммони ўрганиш жараёни кечаётганда мазкур ерга тегишли яна бир муаммонинг ечимини “ечиши” мукин бўлган “асос” пайдо бўлди.

Қамаши туман ҳокимининг 2011 йил 29 июндаги Х-724/6-сонли қарори билан Қизилтепа қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 655қ-контуридаги 3 гектар лалми ер майдони “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК” савдо ишлаб чиқариш фирмасига берилган пайтда масълларнинг хатоси билан ушбу ернинг тагидан Муборак магстрал газ қувурлари бошқармасига қарашли магстрал газ қувури Яккаб-Шаҳрисабз туманларига ўтганлиги, лекин унинг муҳофаза зонаси 100 метр бўлиб айни кунларда “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК” МЧЖ қарашли бино иншоотлари ва ер майдонлари ҳам магстрал газ қувури зонасида турганлиги аниқланди. Айтадиларки, ҳар қандай бинонинг пойдевори қийшиқ бўлса у бир куни уни қурганларга ташвиш келтиради.

Ушбу ибратли ҳикматни назардан қочирмаган ҳолда айтишимиз мумкинки, “Тумангаз” идорасининг сўровига кўра айни кунларда “ЧЎҚҚИДАГИ ТОЖМАХАЛ ПАРРАНДА ИНВЕСТ” МЧЖга ёки “АЛИ-МУҲАММАД-БЕК-ИНВЕСТ” МЧЖ тегишли Қизилтепа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 655-қ-контури ер майдонидан газ қувурлари ўтказилганлиги ва бунга тадбиркор Бибиҳалима Назарованинг норозилиги масаласини жорий йилнинг 10 февраль куни бўлиб ўтадиган навбатдаги халқ депутатлари Қамаши тумани Кенгаши сессияси муҳокамасига киритилишини ушбу муаммо ечими талаб қилмоқда.

Демак, ўн йил давомида на тадбиркорлик, на мазкур 3 гектар лалми ердан самарали фойдаланиш тўғрисида бирор марта уйламаган, шунчаки, ернинг эгалигини олиб туриш учун яроқсиз чорва ва товуқхона иморатини қурган ва бугунги кунда Қамаши туман тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар билан ўзаро ҳамфикр бўлиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш ўрнига “мулкига тажовуз қилинаётганлиги боисидан шикоят қилган тадбиркорнинг фаолиятига” шу туманнинг халқи сайлаган депутатлари ҳаққоний ва холис баҳо беради.

Зеро, қонун устуворлиги эртанги порлоқ келажагимизнинг ишончли кафолатидир.

Қамаши туман ҳокимлиги Ахборот хизмати


Report Page