Тадқиқотларда Хоразм, Сирдарё, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оилаларнинг бахтлилик индекси кўрсаткичи бўйича энг юқори натижа қайд этилди

Тадқиқотларда Хоразм, Сирдарё, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оилаларнинг бахтлилик индекси кўрсаткичи бўйича энг юқори натижа қайд этилди


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ахборот хизмати раҳбари Манижа Баҳриева маълум қилди.

2023 йилнинг май-декабр ойлари давомида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан «Оилаларнинг бахтлилик даражаси» мавзусида мамлакатнинг барча 14 ҳудудий бирликларида 3 054 нафар респондентлардан ўтказилган сўров натижалари ҳамда расмий статистик маълумотлар таҳлили асосида оилаларнинг умумий бахтлилик даражаси аниқланди. Ушбу кўрсаткич 8 та индикатор ва 21 та субиндикаторлардан ташкил топган умумий индекс воситасида баҳоланди.

Оилаларнинг бахтлилик индекси оилалар иқтисодий фаровонлиги; демографик барқарорлиги; соғлом ҳаёт кечириш давомийлиги; таълим олиш имкониятлари; иш билан таъминланганлиги; оилавий ҳаётдан қониқиши ва оилавий бахтлиликни ҳис қилиши; оилавий қадриятларнинг ўрни ҳамда аҳамияти; оилаларнинг давлат органлари фаолияти ва хизматларидан қониқиш даражасини қамраб олди.

Тадқиқотга 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган респондентлар жалб этилиб, уларнинг аксариятини 25-40 ёш оралиғидаги жуфтликлардан иборат оилалар ташкил этди.

Ўтказилган тадқиқот натижалари индекс кўрсаткичининг минус 1 дан плюс 1 оралиғида ўлчанди. Ҳудудлар орасида Хоразм, Сирдарё, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оилаларнинг бахтлилик индекси кўрсаткичи энг юқори натижаларни кўрсатди. Тошкент шаҳри, Жиззах ва Фарғона вилоятлари эса мазкур рейтингнинг сўнгги ўринларидан жой олиб, уларда ўрта даражадаги ижобий кўрсаткичлар қайд этилди. Ўзбекистон бўйича оилаларнинг умумий бахтлилик индекси плюс 0,56 коэффициентни ташкил этиб, жамиятда кўп жиҳатдан ижобий кайфият устуворлик қилаётганидан далолат бермоқда.

Таҳлиллар натижасида Ўзбекистон оилаларининг аксарияти ўзини бахтли ҳис қилиши, ҳаётга кўтаринки руҳ ва келажакка ишонч билан қараши, ҳаётий мақсадлари ҳамда режалари борлиги, муаммо ва қийинчиликларни халқимизга хос бўлган шукроналик ҳисси орқали енгиб ўтиши аниқланди.

Оилаларнинг демографик барқарорлик ҳолати, оилавий қадриятларнинг ўрни ва аҳамиятлилик даражаси ҳамда оилавий ҳаётдан қониқиш ва оилавий бахтлиликни ҳис қилиш даражаси (+0,667) индикаторлари энг юқори натижаларни кўрсатди.

Оилалар бахтлилик даражасига таъсир кўрсатувчи асосий омилларга биринчи навбатда фарзандларнинг борлиги, ўзбек халқининг оилавий қадриятларга содиқлиги, оиладаги самимий муносабатлар ва ғамхўрлик, соғлом ҳаёт кечириш имконияти ҳамда иқтисодий фаровонлик ҳолатлари ижобий баҳоланганлиги қайд этилди.

Тадқиқотда кишиларнинг иқтисодий фаровонлиги, меҳнат фаолиятидан қониқиш даражаси ортгани сари уларнинг ўз ҳаёти ва оилавий турмуш тарзи барқарорлигидан қониқиш ҳисси шу даражада ортиши кузатилди. Мазкур ҳолат оилаларнинг ўзини бахтли ҳис қилишида маънавий омиллар билан биргаликда иқтисодий омилларнинг ҳам долзарблашаётганини намоён қилди.

Индикаторлар орасида оилаларнинг иш билан таъминланганлик даражаси (+0,323) ҳамда таълим олиш имконияти (+0,114) нисбатан паст натижаларни намоён қилди. Аҳоли ўртасида олий маълумотли бўлиш, ўз фарзандларини ўқитиш иштиёқи юқорилиги ижобий ҳолат ҳисобланади. Айрим ҳолатларда иқтисодий, ҳудудий, малакага оид омиллар таъсирида фарзандларининг таълим имконияти чекланганлиги, ишга жойлашиш ва ўзига мос бўлган иш топиш масалаларидаги муаммолар оилаларнинг келажакка бўлган ишончи ва ўз ҳаётидан қониқиш даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу нуқтаи назардан мамлакатда оилаларни ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган чора-тадбирларни давом эттириш, жумладан ёш оилаларни уй билан таъминлаш, таълим имтиёзлари, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтириш йўналишида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат нақадар тўғри эканлиги ва уни давом эттириш лозимлигини намоён қилмоқда.


Report Page