Табиат ҳақида нималар биласиз?

Табиат ҳақида нималар биласиз?

@ateist_blogi


Borliq


Биласизми, табиат сўзи арабча бўлиб, борлиқ деган маънони англатади. Яъни биз табиат деганда биринчи навбатда бутун борлиқни тушунишимиз керак.


Яна бир маъноси шуки, кўчма маънода нарсаларнинг ўзига хос хусусиятига ҳам табиат сўзи ишлатилади, масалан, инсон табиати, сайёралар табиати, сувнинг табиати... Бунда айнан ўша нарсанинг бошқа нарсалардан фарқли хусусиятини назарда тутамиз, инсон табиати яратувчан табиат. Бошқа ҳайвонларда бундай хусусият кам учрайди. Фақат инсонгина янгидан янги мураккаб механизмларни яратишга қодир.


Яна бир маъноси, биологик оламни аташда табиат сўзидан фойдаланамиз, ўсимликлар, ҳайвонлар, бактериялар ва ҳоказо.

Tabiat


Табиатнинг энг кенг қўлланиладиган маъноси табиийлик. Бунда бирор нарса ёки ходисанинг юзага келишида ёки ўзгаришида ҳеч қандай онгли таъсир йўқлиги тушунилади. Айтайлик, ернинг қуёш атрофида айланиши табиий жараён. Галактикалар бир биридан узоқлашиши табиий жараён. Бирор уруғнинг кўчат бўлиб униб чиқиши табиий жараён. Албатта турли омиллар: ҳаво, тупроқ, сув, қуёш нури ва тафти етарли даражада бўлсагина ушбу жараён кузатилади, аммо бу омилларнинг ўзи табиий хусусий ҳол, шунинг учун буни ҳам табиий жараён дейиш мумкин ва бекорга табиат ҳодисаси демаймиз.


Қолаверса борлиқдаги биз таъсир кўрсатмайдиган, ўз ва бошқа нарсаларнинг табиий хусусияти ортидан келиб чиқадиган ходисаларни ТАБИАТ ХОДИСАЛАРИ, ТАБИИЙ ОФАТЛАР деб атаймиз. Масалан ёмғир ёғиши табиат ҳодисаси, қуёш чиқиши табиат ҳодисаси, тоғларнинг ўсиши, чақмоқ чақиши, момоқалдироқ гумбурлаши, қор ёғиши, жазирама иссиқлик, камалак чиқиши, вулқон отилиши, сув тошқини, қор кўчиши, қуюн ҳосил бўлиши, ер қимирлаши, осмондан турли нарсалар ёғиши, шамол эсиши, дарёлар оқиши ва ҳк. буларнинг барчасини инсоният кузатувлари, ўрганиши натижасида табиат ҳодисаси деб атади ва табиий жараёнлигини билди.

Tabiat hodisalari


Аммо ҳар доим ҳам шундай ҳисобланганми? Айтайлик камалак чиқиши қуёш нурларининг ёмғир томчиларида синиши, қайтиши ҳодисаси холос. Аммо қадимда одамларнинг билимлари жуда кам бўлган. Улар онгга эга бўлгач табиатдаги ноодатий ходисаларга дуч келганларида ҳайрон қолганлар ва дархол буни изоҳлашга ва тушунтиришга эҳтиёж туғилган. Одамларнинг асосий мақсади омон қолиш ва хавфдан холи бўлиш бўлиб турганда ортиқча номаълум нарсалар хавф бўлиб туюлган ва уларни ўрганишга тўғри келган. Аммо имкониятлар чегараланган эди. Бирор ўсимликни билиш учун айтайлик уни еб кўриш мумкин, аммо камдан кам учрайдиган зилзила, ёмғир, камалак, ой, қуёш тутилишларини нима қила олишарди? Шундай пайтда қабила сардорлари қандай йўл тутишган? Албатта қабила сардорининг асосий вазифаси қабилани ёт душманлардан, хавфлардан ҳимоя қилиш, қабилани ўз йўриғига юрғизиб тартибни сақлаш, қоидалар жорий этиб, уларга амал қилишларини назорат қилиш. Шундай пайт ваҳимага тушиб қолган қабила аъзоларини ҳам тинчлантириш, ҳам манипуляция қилиш учун қабила сардори МИФ яратади. Балки бу мифларга ўзи ҳам ишонгандир, аммо бу аҳамиятсиз. Камалакка қайтадиган бўлсак, қадимги скандинавия халқлари буни осмон қироллигидан ер дунёсига ўтадиган кўприк деб ишонишган. Камалак чиқдими, демак қайсидир осмон вакили ерга тушяпти.


Бундай мифлар жуда ҳам кўп ва уларнинг барчасини бир нарса бирлаштириб туради: табиат ходисалари ортида кимдир бор, инсонларга, шаманларга, сардорларга халққа йўл кўрсатиш учун, қандайдир ҳолатларда қандай йўл тутиш учун уларни яратган(лар) уларга шу усулда сигнал (белги) беришади. Яъни агар шамол бўлса экин экиш керак, ёмғир ёғса қабиладан улар рози, қуёш тутилса демак уларнинг жаҳли чиқяпти ва қилаётган ишларини тарк этишлари керак. Албатта бу жуда чуқур мавзуга чалғимайликда, асосий мавзуга қайтайлик.


Юқорида қадимда одамларнинг билимлари камлиги сабабидан табиат ҳодисалари ортида кимдир борлигини тахмин қилишганини тушуниб олдик, энди келинг, табиат сўзининг антоним(зидди)и ҳақида гаплашамиз.


Сунъийлик. Агар нарсалар ва ҳодисаларнинг юзага келиши, содир бўлиши ёки ўзгариши ёки йўқолишида ким(лар)нингдир онгли аралашуви, атайдан, бирор мақсадда таъсир кўрсатиши ёки бевосита, билвосита сабабчи бўлишига сунъий ходиса дейилади. Масалан одам уй қурса ёки айфон ясаса бу сунъий ходисадир. Чунки унда мақсад ҳам бор, онгли сабабчи ҳам бор. Маъно ҳам бор. Агар табиат ҳодисаларида мақсад, маъно, онгли сабабчи бўлса, у ҳолда уларни ТАБИИЙ ЖАРАЁН дея олмаймиз, шундай экан табиат ҳодисаси ҳам дея олмаймиз, бунда сунъий жараён бўлади. Айтайлик, одамлар ўрмон ёнғинини бартараф этиш учун ёмғир ёғдиришмоқчи. Буни аллақачон сунъий ёмғир дейишга улгурганмиз. Чунки бунда маъно, мақсад, онгли сабабчи мавжуд.


Бугунги кунда табиатнинг, яъни борлиқнинг мавжудлигида онгли аралашув, маъно, мақсадни инкор этаётган атеистларни мазах қилишга, устидан кулишга уринаётган ақлли дизайнчилар, креационистлар хусусан диндорлар "ахир қанақасига борлиқ, коинот, олам ўз-ўзидан яралиб қолади? Ахир бу ақлга сиғмайдику!", "Хе-хе, булар оламни ЎЗ-ЎЗИДАН яралиб қолган дейишади, аҳмоқлар" каби гапларни келтиришади. Улар ҳамма нарсанинг сабабчиси борлигига ишора қилиб, уй, айфон каби сунъий нарсаларни мисол қилиб келтиришади. Ва шунга таяниб, табиий ҳодиса ортида ҳам онгли сабабчи борлигини исботламоқчи бўлишади. Аммо бу хато ёндашув. Сунъий аллегорияларни табиий мисолларга татбиқ этиш албатта адашишдир. Аввал сунъий ва табиий ходисаларни, сунъий нимани, табиий нимани англатишини фарқлаб келишиб олиш керак. ЎЗ-ЎЗИДАН деган сўзга урғу бериб, қаттиқ ёпишиб олган дўстларимиз ЎЗ-ЎЗИДАН ЯРАЛИШ деб яна бир хатога йўл қўйишади. Бу ерда яралиш, яратилиш сўзлари мутлақо сунъий жараёнга тегишли сўзлардир. Албатта ҳеч нарса ўз ўзидан яралиб қолмайди. Яратиш деб онгли сабабга нисбатан ишлатамиз. Одам уйни яратди, одам айфонни яратди, одам самолётни яратди. Албатта улар минг йил турса ҳам ўз-ўзидан яралиб қолмайди. Чунки улар сунъий хосилалар. Одам сунъий ёмғир ёғдириши мумкин, аммо табиий ёмғир одам аралашмаса ҳам океан сувлари буғланиб, ЎЗ-ЎЗИДАН ёғаверади. Қуёш ўз-ўзидан порлайверади, ўсимликлар ўз-ўзидан ўсаверади, чақмоқ ўз-ўзидан чақаверади, камалак ўз-ўзидан чиқаверади... Албатта бу ерда ўз-ўзидан деганда онгли таъсир йўқлиги таъкидланяпти. Ёмғир доим керак жойга эмас, бир хил жойга ёғади, торнадо доим гуноҳкорлар устида эмас, бир хил жойларда содир бўлади, қуёш керак жойларга керак вақтда эмас, бир хил жойларга, бир хил вақтда порлайди, вулқон бир хил жойларда отилади. Одамларнинг ўзлари экинни керак жойга экишади, уйни керак жойга қуришади, йўлга керак вақтда чиқишади.

Katta portlash modeli


Демак олам ўз-ўзидан яратилмаган, балки ўз-ўзидан юзага келган, пайдо бўлган. Бунинг ҳеч ҳам ажабланарли, кулгили ёки аҳмоқона жойи йўқ. Балки оламнинг юзага келишида қандайдир сабаб бўлиши мумкиндир, аммо атеистлар фақат сунъий сабабни инкор қилишади, худди чақмоқнинг сабаби Зевснинг ғазаби эмас, балки булутларнинг тўқнашуви бўлгани каби.


Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, борлиқ бу табиат, табиатни ортида онгли сабаб бор десак у ҳолда табиатни инкор қиламиз ва ЎЗ-ЎЗИДАН борлиқни ҳам инкор қиламиз. Бу худди диндорларнинг "худони инкор қилсанг оламни инкор қиласан, оламни инкор қилсанг ўзингни инкор қиласан" деган гапларига ўхшаб пафосли чиқдию аммо биз одамлар ақлли эмас, чиройли гапларга қулоқ осамиз. Сизни манипуляция қилишларига йўл қўйманг, борлиқнинг (табиатнинг) табиатини ўрганишдан тўхтаманг.



Report Page