Табаррук замин — Бухорога зиёрат

Табаррук замин — Бухорога зиёрат

Bintu Sodiq


Бизни ёдга олганнинг замони обод бўлгай,

Макони обод бўлгай, жаҳони обод бўлгай.

Не экса ўриб олгай, ўшани одам, бешак,

Бизни ёдга олганнинг хирмони обод бўлгай!


Бухоро — табаррук замин. Турли савдо йўллари, маданият ва тамаддунлар чорраҳасида жойлашган бу кўҳна гўшанинг оҳанрабоси, кўрку таровати азал-азалдан инсонларни ўзига чорлаб келган.

Қадим Бухоро шаҳрига келган ҳар бир киши бу муқаддас заминда қўним топган етти буюк авлиё – пирларни зиёрат қилмай қайтмайди. Неча замонлардан буён бу анъана давом этиб келмоқда. 

Куни кеча жамоамизнинг бир нечта вакиллари устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ раҳбарлигида гўзал замин — Бухорои шарифга саёҳат қилиб, у ерда ана шу етти буюк авлиёни зиёрат қилдилар. Улар Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон), Хожа Ориф Рeвгарий (Шофиркон), Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Вобкент), Хожа Али Роминатий (Ромитан), Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (Ромитан), Хожа Саййид амр кулол ва Хожа Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд Бухорий (Когон) қабрлари жойлашган масканларни худди мана шу кетма-кетликда зиёрат қилдилар.

Бухорога дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган сайёҳлар бу шариф заминда тарих билан юзлашадилар. Инсониятнинг асрлар оша яшаб келаётган эзгу тутумлари, маданияти ва қадриятларига гувоҳ бўлиб, уларнинг умумбашарийлик, боқийлик сирларини англашга уринадилар. Ислом дини пешволари, алломалари, азиз-авлиёлари босган тупроқни, масжиду минораларни, бир сўз билан айтганда, уларнинг руҳлари кезиб юрган манзилларни зиёрат қилишга ошиқадилар...

Манбаларда Етти пири комил Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламдан бошланган “олтин силсила”нинг давомчилари сифатида эътироф этилган. Улар кўнгилни нафсу ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, Аллоҳни жон-дилдан севиш ғояларини тарғиб қилганлар. Ушбу азиз-авлиёларнинг асарлари, қилган ишлари замонлар оша одамларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келмоқда.  

Жамоамизнинг эзгу максад ва ният билан Бухорои шарифга қилган зиёратларини Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин. У ердаги зиёратгоҳларга босиб борган ҳар бир қадамлари учун ҳасанотларини ёзсин, ажру савобларини кўпайтириб берсин.


Барно Саидраҳмон

t.me/BintuSodiq

Report Page