ТУЮЛАЁТГАН ТЎРТТА “Т” ТААЖЖУБИ ТЎҒРИСИДА

ТУЮЛАЁТГАН ТЎРТТА “Т” ТААЖЖУБИ ТЎҒРИСИДА

 

Ушбуни ёзишга қарор қилганимга қадар аксариятингиз сингари мен ҳам “ортиқча ҳиссиётга берилмаслик, вазиятни билмай туриб талқин қилмаслик” кайфиятида эдим. Ҳудди сиз каби хабарлар оқимида сузгичсиз, жабрасиз эдим.

Ҳа, мулоҳаза юритувларим охирги кунларда Саид-Абдулазиз Юсупов шахси билан боғлик кечаётган жараёнлар ҳақида. Ва, ҳибсга оид тафсилотга тўхталиб ўтирмайман, ҳамма билиб бўлган.

Инсоннинг ҳаракати тақдирга кўчади ёхуд айни ҳаракат – бу тақдирдир, хуллас, Юсупов ахборот қабул қилувчилар эътиборини “ФФФ” орқали қозонган. Омма фикри шу нуқтада қизғин тоб ҳосил қилган. Буёғи эса “Оқ ва қора”. Демак тушунарли.

Сезганим, матн маромини “ФФФ теореяси”га муқояса қилиш маъқулдек. Яъни, С.А.Юсупов эҳтиёт чораси тарзида қамоққа олингани ортидан урчиётган маълумотлар кишини ажиб бир таажжубга туширяптики, бу таажжубга тўртта туртки сабаб бўлмоқда – “ТТТТ”. Келинг, тубанда шулар ҳақида хаёлан тортишиб, тирашиб кўрсак.

“Т-1” – “тета-тет”.

Кўпчилик кўрди; муаллиф эҳтиётини олдиндан қилиб қўйган экан. Томошадан хулоса икки хил. Бири чиндан айбдор, ўзини оқлаш илинжида ҳаракат, индалло, негатив тасаввур. Иккинчиси, ростан ҳам у катта ўйин иштирокчиси ҳамда ўйиндан чиқиш йўлларини излаётган домангир ёки “ўйиндан ўт чиқаргани учун жазоланаётган беадаб”.

Бу ўринда истайсизми, йўқми Юсуповнинг амбициялари бўртиб чиқяпти. У шахсий мотивлардан кўра Президент ислоҳотларининг жарчисидек, шу йўлда курашчидек тутяпти, ўзини. Сабаблар келтиряпти. Ожиз томони (фарзанди икки соат йўқолиб қолгани)ни яширмаяпти. Шундан келиб чиқсак, муҳокама қилинишга арзийдиган сабаблар бор.

Таажжуб шуки, агар расмий хабарга ишонилса, у ЖКнинг 168-моддаси бўйича судланган ва қўйиб юборилган. Ва, мана шу ўйиқ эслатма бўйиндаги титан туморга битиб қўйилган, бошқача тушунсак, кейинги ҳаракатларини ўйлаб қилиши учун. Гарчи сих ва кабоб айри-айри бўлса-да, муҳими “куймайди”. Шу жойи сизни таажжубга солмаяптими?..

 

“Т-2” – “тескари талқин”

Ўқидик, Юсуповнинг ичкарига олинишига ҳеч қандай сиёсий тус бермаслик керак экан. Унинг қамоққа олинишида на давлатнинг, на ҳукуматнинг сиёсий айблови бор. Шунчаки, уч киши унга пора бериб, фирибгарлик қурбони бўлибди, учраб турадиган иш. Тушунишимча, уларнинг мурожаати асосида жинойи иш қўзғатилган. Шунданми, расмий манбалар “вазиятни нотўғри талқин қилмаслик”ка чақирмоқда.

Хўш, ўша бир гуруҳ жабрланувчилар ким? Уларнинг исм-фамилияси  “ҳимоя қилиш зарурати туфайли” ошкор этилмас экан. Демак улар “ҳимоя қилиниш” важи туфайли асраляпти. Таажжуб шуки, амалдаги қонунчилик бўйича улар пора бергани учун ҳам айбдор саналиши керакмасми? Уларнинг исм-фамилияси ҳам ҳеч қурса Юсупов каби С.Ю. тарзида эълон қилиниши керакмасми? Ахир бош прокурор айтди-ку: биз олишни эмас, беришни тўхтатишимиз керак, деб. Парадокс шуки, ҳудди шу маълумот эълон қилинган санада Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди бир одамни бошқа қилғиликларига қўшиб “пора бергани учун” 10 йил-у 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди. Майли, булар келгусидаги жараён, кўпам чуқурлашмаймиз.

Ишончли манбанинг  daryo.uz га айтишича, Юсуповнинг кабинетини тинтув қилиш чоғида “Байкал” газли тўппончаси топилиб, процессуал тартибда мусодара қилинибди. Қизиқ, жудаям қизиқ.

Таажжуб шундаки, 2012 йилда жаҳон қурол бозорига MP-654K сотув маркаси билан чиқарилган ва ўқдондаги соққаси (4,5 мм.) дастлабки 5 метрда ўртача 121 м/с тезликда учадиган бу совуқ матаҳ Ўзбекистонда очиқ сотувда борми? Уни-ку қўятуринг, бу қуролни наганмисол ёнда олиб юриш учун мардумда ўзига бўлган ишончнинг ўзи камлик қиладиёв. Унинг ёнига ўта кучли бир “ишонч” керак бўлмайдими, бизнинг шароитда?..

 “Т-3” – “туртилганни тепиш”

Одатда мавзуга оид ҳар хил узуқ-юлуқ фикрларни расмий мақоми билан узил-кесил ҳал этадиган uza.uz  сайтида “Матбуот “жон бермоқда” фонд эса “уйқуда” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Таажжуб шундаки, бу мақола анча бурун ёзилган ва то Юсупов билан боғлиқ бугунги ишлар бошланмагунча архивда димиқиб ётиб эди. Таажжуб шундаки, нега ўша пайтда нашр қилинмади? Ё, Юсупов шу қадар куч эдимики, “алам” у тиззалаб қолганда, у бошқараётган фонд мисолида олиняпти.    

“Т-4” – “ташқарилаган тутум”

Сир халта сўкига сирач суришдан фойда йўқ: Юсупов “ташқаридаги мухолифлар” билан суҳбатлар қилибди. Шу орқали либерал қарашларини ёйинламоқ истабди. Ҳатто у бу каби қарашларини анча йиллардан бери “ташқаридаги интернет ОАВлар” билан ўртоқлашиб тураркан. У мухолифат билан конструктив муносабат тарафдори экан. Баъзи бир одамларнинг айтишича, бу каби чиқишларни шахсан Президентнинг ўзи кўрганмуш. Бу аниқ далил характерида бўлмагани учун бир нима дейиш қийин.

Таажжуб шуки, у бунча ишни ўзича қилганмикан? Фақат ўзигагина ишониб, а? Ишонмайман дейсанми, Карл? Мен ҳам. Балким чекига тушгандир, билмадим, билмадим...

Таажжуб, таажжуб...





Report Page