ТОЖИБАР АЗИЗОВА: "Зангиотадаги шифохонага кириш мумкин бўлса эди, турмуш ўртоғимга қараган фидойи шифокорларга шахсан миннатдорчилигимни билдирардим..."

ТОЖИБАР АЗИЗОВА: "Зангиотадаги шифохонага кириш мумкин бўлса эди, турмуш ўртоғимга қараган фидойи шифокорларга шахсан миннатдорчилигимни билдирардим..."

 ССВ Матбуот котиби

Матбуот ва интернет саҳифаларида публицист Шуҳрат Ризаевнинг Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизовнинг вафоти тафсилотлари баён қилинган мақоласи кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. ССВ Матбуот хизмати вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлди, мутахассисларга мурожаат қилди, шунингдек, марҳумнинг яқинлари билан ҳам боғланди.

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлими

Маълум бўлишича, марҳум М. Азизов Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига шу йилнинг 23 март куни мурожаат қилган. Беморда коронавирусга ПЗР тест таҳлили мусбат, ўпка тўқимаси 60-65 фоизгача зарарлангани ва организмнинг кислородга тўйинганлиги – сатурация даражаси 78-80 фоиз бўлгани учун беморнинг умумий аҳволи оғир деб баҳоланиб, шифохонанинг Б-блокидаги 2-реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморнинг касаллик тарихи ўрганилганда, шифохонага келишидан олдин 17 март куни ҳам ПЗР тест таҳлили топширгани ва таҳлил натижаси мусбат чиққани маълум бўлган. 18 март санасида эса беморда тана ҳароратининг 38 С даражагача кўтарилиши, нафас олишининг қийинлашиши, умумий ҳолсизлик кузатилган.

Шифохонага боргунга қадар уй шаротида 4 кун давомида даволанган. 22 март куни турмуш ўртоғи ва фарзандларида ҳам тана ҳарорати кўтарилиши кузатилганлиги сабабли бемор билан биргаликда 23 март кунида Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига мурожат қилган.

Ш.Ризаевнинг мақоласида марҳум реанимация бўлимига олинганда ўзини алоҳида хонага ўтказишда ёрдам сўраб мурожаат қилгани айтилади. Бу борада шифохона директори Дониёр Миразимовга мурожаат қилганимизда, беморлар нима учун реанимацион залга жойлаштириши кераклиги ҳақида атрофлича тушинтириш берди.

— Реанимация бўлими жаҳон стандартларига мос равишда жиҳозланган. Шифохонамизнинг реанимация бўлими 36 нафар беморга мўлжалланган бўлиб, 6 та реанимацион залдан иборат. Бутун дунё шифохоналарининг реанимация бўлимларида бўлгани каби бир залда 6 нафар ўта оғир беморга реанимацион ва интенсив ёрдам кўрсатилади, – дейди Д. Миразимов. – Ҳар бир залда 1 та реанимацион пост ташкил қилинган бўлиб, 1 нафар реаниматолог шифокор, 2 нафар реанимация ҳамшираси, 1 нафар кичик тиббий ходим  суткасига 3 сменада доимий равишда беморларни назорат қилиб туради.
Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов
Фақат бизнинг шифохонада эмас, балки дунёдаги энг етакчи клиникалар, масалан, Исроилдаги Ичилов маркази ва Ассута маркази, AҚШдаги Жонс Хопкинс университети шифохонаси ва Седарс-Синай тиббиёт мажмуаси, Германиядаги Мюнхен университети клиникаси ва Шарите тиббиёт мажмуаси, Жанубий Кореядаги Гачон тиббиёт университетининг Гиль шифохонаси ва Буюк Британиядаги Грейт-Ормонд-стрит шифохоналарининг реанимацион бўлимларида ҳам худди шундай тартиб жорий қилинган.
Таъкидлаш зарурки, реанимацияга олинган беморни алоҳида хонага жойлаштиришнинг бир қанча муаммолари бор. Реанимацион залда биргина кардиомонитор қурилмаси орқали 6 та беморнинг кўрсаткичларини бир вақтнинг ўзида назорат қилиб туриш мумкин. Бундай беморларни алоҳида хонага жойлаштиришнинг қийинчилиги шундаки, агар беморнинг аҳволи оғирлашгудек бўлса, асосий мутахассислар унинг ёнига зудлик билан етиб бориши учун вақт кетиши мумкин. Бизни танқид қилувчи ҳамюртларимиз бундай вазиятда бир сониянинг ҳам аҳамияти бебаҳо эканини ўйлаб фикр билдирганлари яхши эди.

Шу ўринда қарийб бир ой давомида М. Азизовнинг муолажа ишларига бевосита раҳбарлик қилган реанимация бўлими бошлиғи Бегали Ҳакимовни ҳам суҳбатга тортдик.

—  Шифохонамиздаги бошқа оғир аҳволда ётган беморлар қатори марҳум М.Азизовнинг ҳам аҳволи нафақат мамлакатимиздаги етакчи шифокорлар, балки жаҳоннинг соҳадаги энг нуфузли мутахассис олимлари томонидан ўрганилиб, керакли тавсиялар олиб турилди, – дейди Б. Ҳакимов. – Хусусан, охирги марта Москва Соғликни сақлаш бошқармаси бош реаниматологи, профессор, тиббиёт фанлари доктори М.Н.Замятин ҳамда юртимизнинг етакчи профессорлари иштирокида бемор бевосита тиббий кўрикдан ўтказилиб, консультациялар ташкил қилинди. Уларнинг тиббий кўрсатма ва маслаҳатлари асосида интенсив даво муолажалари давом эттирилди.
Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонаси 2-реанимация бўлими бошлиғи Бегали Ҳакимов
Беморнинг турмуш ўртоғи Т.Азизованинг ҳолати 9 кунда,  бошқа оила аъзоларининг ҳам умумий ҳолати 7 кундаёқ яхшиланиб, касалликдан фориғ бўлганлиги учун уйига рухсат берилган. Кейинчалик беморнинг талабига кўра, турмуш ўртоғи унга қаровчи сифатида чақирилди. Бироқ бемордаги юрак ишемик касаллиги, хафақон касаллиги 2-3 даражаси, қандли диабетнинг 2-тури, семизлик 2-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар фонида унинг умумий аҳволи оғирлашиб борди. 5 апрель куни қайта ўтказилган МСКТ текширувида ўпка тўқимасининг зарарланиши 70-75 фоизга ошгани кузатилди.

Шу йилнинг 16 апрель куни олиб борилган интенсив даво муолажаларига қарамасдан, беморда клиник ўлим холати, яъни юрак фаолиятининг тўхташи кузатилди, беморда ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан биологик ўлим ҳолати қайд этилган.

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлими

Беморда ўтказилган интенсив даво чораларининг ҳар бир босқичини турмуш ўртоғи кузатиб борганини қайд этиш лозим. Шу ўринда Тожибар Азизованинг марҳумнинг шифохонадаги ҳолати, унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шифокорлар томонидан олиб борилган тезкор чоралар ҳақидаги фикрларини ҳам ҳавола қиламиз.

—  Афсуски, бугун ижтимоий тармоқларда турмуш ўртоғимнинг вафоти тўғрисида тарқалаётган турли асоссиз маълумотларни ўқиб, хафа бўлаяпмиз, — дейди Тожибар Азизова. — Гўёки, ушбу хабарларда Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида беморлар учун етарли шароит бўлмагани туфайли Мирза акам вафот этгандек. Очиғини айтсам, мен фақат кўрган нарсаларимгагина ишонаман. Шу боис, умр йўлдошимнинг сўнгги кунига қадар ёнида бўлган инсон сифатида шуни ишонч билан айта оламанки, ушбу муассасада меҳнат қилаётган кичик ходимдан тортиб, ҳамшира, фельдшер ва шифокорларгача Мирза акамнинг соғайиб кетишлари учун юракдан ишлашди. Ишонинг, қўлларидан нима келса, қайси даво муолажаси зарур бўлса, амалга оширдилар.
Мирза Азизов ва Тожибар Азизова
Раҳматли турмуш ўртоғим табиатан нозиктаъб инсон эдилар. Шифокорларнинг қатъий талабларига ҳам унча эътибор бермасдан, бироз эркалик қилганлари бор гап. Ўзлари “мендан оғир аҳволдаги беморлар ҳам соғайиб чиқяпти, менинг аҳволим ўнгланмаяпти” деган гапни кўп айтдилар. Орадан бироз вақт ўтиб, ўйлаб кўрсам, шифокорларнинг талабларини сўзсиз бажарганимизда Мирза акамни сақлаб қолиш мумкинмиди, деган хаёлга бораман.
Шифокор ва ҳамшираларнинг умр йўлдошимга кўрсатган ғамхўрликларидан бутун оиламиз бир умр миннатдормиз. Қанийди, шифохонага киришга имкон бўлсаю, ўша ердаги барча ҳамшира ва шифокорларни бир-бир бағримга босиб, уларга беминнат хизматлари учун раҳматлар айтсам.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасининг реанимация бўлими ходимлари


Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасининг қабул бўлими

▶️@ssvuz

▶️@ssvmatbuotkotibi