ТОШКEНТДА ЯНГИ ГАЗ ТАҚСИМЛАШ ТАРМОҒИНИНГ ҚУРИЛИШИ БОШЛАНДИ

ТОШКEНТДА ЯНГИ ГАЗ ТАҚСИМЛАШ ТАРМОҒИНИНГ ҚУРИЛИШИ БОШЛАНДИ


"Hududgazta'minot" АЖ томонидан янги йил арафасида узунлиги қарийб 8 километр ва диаметри 1020 мм бўлган газ қувурининг қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди. Пойтахтимиз газ тақсимлаш тизимида бу каби қурилиш сўнгги 40 йилда илк бор амалга оширилаётган бўлиб, уни фойдаланишга топширилиши газ таъминотини тубдан яхшилайди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда пойтахтимизда 671 мингдан зиёд жисмоний ва 13 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар мавжуд бўлиб, уларга жорий йилда, 4 миллиард метр кубдан зиёд табиий газ етказиб берилди, бу ўтган 2019 йилга нисбатан 10 фоизга кўпдир.

"Зангори ёқилғи" истеъмоли ҳажмининг ортиши, биринчи навбатда пойтахт инфратузилмаси жадаллик билан ривожланиб, янги турар-жой массивлар қурилиши, янгидан-янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилаётгани билан боғлиқдир. Бу ўз навбатида, мавжуд газ тақсимлаш тизими инфратузилмасининг кенгайтирилишини талаб этади. 

Ҳозирда, Сергели туманида "Hududgazta'minot" АЖнинг қурилиш бўйича махсус штаби ташкил этилди. Қурилиш майдончасига 2506 метр қувурлар етказиб берилиб, шундан 655 метрини ўрнатиш ишлари якунланди. Қурилиш ишларига 30 дан ортиқ мутахассис ва 10 дан ортиқ махсус техникалар жалб қилинган.

Мазкур қурилиш лойиҳаси 2021 йил январь ойининг охирига қадар якунланиши режалаштирилган. Унинг фойдаланишга топширилиши пойтахтимиз ягона газ тармоғи ҳалқасини яратиш ва бунинг натижасида истеъмолчиларга барқарор табиий газ етказиб беришни таъминлайди, хусусан, Чилонзор, Учтепа, Яккасарой, Миробод ва Шайхонтоҳур туманларининг табиий газ таъминотини тубдан яхшилаш имконини беради.    

"Hududgazta'minot" АЖ матбуот хизмати


Report Page