ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ИБРАТЛИ ТАШАББУСГА СТАРТ БЕРИЛДИ

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ИБРАТЛИ ТАШАББУСГА СТАРТ БЕРИЛДИ


Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатномасида барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифа ва йўналишлар белгилаб берилганди.

Хусусан, мамлакатимизда кам таъминланган аҳоли сони 12−15 фоизни, яъни тахминан 4,5−5 млн кишини ташкил этиши таъкидланиб, уларни қўллаб-қувватлаш ва ночорликдан чиқаришга кўмаклашиш мақсадида Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт Дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилганди.

Президентимиз шу йилнинг 27 февраль куни мазкур масалага бағишланган видеоселектор йиғилишида эътироф этганидек, «Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак».

 

Дарҳақиқат, одамларнинг меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиб бериш барча даражадаги давлат органлари зиммасида турган биринчи навбатдаги вазифадир.


Тошкент вилоятида ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, ночор оилаларга ҳар томонлама кўмаклашиш, камбағалликни камайтиришнинг аниқ ва манзилли чора-тадбирларини белгилаш ва бу борадаги дастурий мақсад-вазифаларни ҳаётга жорий этиш юзасидан изчил фаолият олиб борилмоқда.

 

Бу йўналишда, энг аввало, вилоят миқёсидаги ҳар бир маҳалла, туман ва шаҳарлар кесимидаги ҳақиқий ҳолат, мавжуд шарт-шароит ва имкониятлар чуқур ўрганилиб, таҳлил этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос бўлган анъаналаридан келиб чиққан ҳолда чоралар белгиланди. Бунда камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сони ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилиб, ҳар бир туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари инобатга олинди.

Яна бир ибратга сазовор жиҳати шундаки, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан куни кеча вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож, бемор ва ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, “Минг оилага - минг туҳфа!” ижтимоий хайрия акциясига старт берилди.

Хайрия акцияси доирасида вилоят ҳокимлиги томонидан саховатпеша инсонлар, ҳомийлар ва корхона-ташкилотлар кўмагида мингта кам даромадли оиланинг ҳар бирига қорамол ҳадя қилиш кўзда тутилган.


Ушбу меҳр-саховат тадбири жорий йилнинг 25 март куни Оққўрғон туманидан бошланиб, камбағал ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 41 тасига турмуш шароитини яхшилаб олиши учун бир бошдан соғин сигир топширилди.

– Бизга кўрсатилган бу юксак мурувватдан кўзларим ёшга тўлди, – дейди Оққўрғон туманидаги “Зарбдор” МФЙ фуқароси Нигора Қодирова. – Албатта, севинганимдан йиғлаб юбордим. Кутмагандим, тўғриси. Шундай бағрикенг, одамийлик, оқибат, хайр-саховат устун юртда яшаётганимдан яна бир бор шукроналар айтдим. Биринчи навбатда, биз каби қўли калта оилаларни қўллаб-қувватлаётган, камбағаллигимизни аритаман деб туну кун заҳмат чекаётган Президентимизга, шу ташаббусни бошлаган вилоятимиз ҳокимига чексиз ташаккурлар бўлсин. Энди бизнинг уйимизга ҳам барака кирди, оғзимиз оққа етди. Минг раҳмат.

Камбағал оилаларнинг турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган “Минг оилага - минг туҳфа!” ижтимоий хайрия акцияси яқин кунларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилади ва мингта оила қорамолли бўлади.

Акция юқори кўтаринкиликда, уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.


Тошкент вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати.



Report Page