ТОШКЕНТ БОБУР ТАҚДИРИДА
“Бобурнома”нинг дастлабки саҳифалари 1494 йил воқеалари, Фарғона вилоятининг тасвири билан бошланади. Муаллиф Исфара вилояти ҳақида сўз юритар экан, Мовароуннаҳрнинг Шайбонийхон томонидан эгалланиши тарихига тўхталади: “Муҳаммад Шайбонийхон Султон Маҳмудхон била Олачахонға шикаст бериб, Тошканд ва Шоҳрухияни олғон маҳалда, ушбу Сўх била ҳушёр кўҳпоялариға келиб, бир йилға ёвуқ танқислиқ била ўткариб, Кобул азимати қилдим”.
Ушбу тарихий далилда биз икки муҳим фактга дуч келамиз. Бу воқеадан олдинги Бобурнинг Тошкент ва унинг хонликлари билан бўлган муносабати заминида, аниқроғи, шаҳар Шайбонийхон томонидан забт этилгунга қадар Тошкент шаҳрига хон бўлган Бобурнинг она томонидан қариндошлари ҳамиша унга паноҳ бўлганлар.
Темурийлар салтанати даврида Тошкент ва Шоҳрухия шаҳарлари 1506 йилга қадар Чиғатой хонлари тасарруфида бўлган. “Ўшал фурсаттин тарих тўққуз юз секкизгача Тошканд ва Шоҳрухия вилояти Чиғатой хонларининг тасарруфида эди, — деб ёзади Бобур. — Бу фурсатта мўғул улусининг хон ва султонлиғи Юнусхоннинг улуғ ўғли, менинг тағойим Султон Маҳмудхонда эди. Умаршайх мирзонинг оғаси, Самарқанд подшоҳи Султон Аҳмад мирзо ва мўғул улусининг хони Султон Маҳмудхон, чун Умаршайх мирзонинг бадмаошлиғидин мутазаррир эрдилар, бир-бирлари билан иттифоқ қилиб, Султон Аҳмад мирзо Султон Маҳмудхонни куёв қилиб, мазкур бўлғон тарихда, Хўжанд суйининг жануб жонибидин Султон Аҳмад мирзо ва шимол тарафидин Султон Маҳмудхон Умаршайх мирзонинг устига черик торттилар”.
“Бобурнома”да темурий шаҳзодалар билан боғлиқ сарой аёлларининг саодатли, аммо кўпинча аянчли тақдирларига оид маълумотларга дуч келамиз. Уларнинг бир қисми Тошкент хонлиги ва, умуман, Тошкент шаҳри тақдири билан ҳам боғлиқ. Бу таҳликали воқеалар, зодагон аёлларнинг тақдиру қисматига молик воқеалар, юқорида қайд этганимиздек, Тошкент шаҳри турли султон ва шоҳларнинг қўлидан қўлига ўтганлиги заминида вужудга келганлигини кўрамиз. Заҳириддин Бобур ушбу маълумотларни отаси Умаршайх мирзонинг аҳли аёли зикрида келтириб “ўзгалардин кичик бир қизнинг улуғ Султон Нигорхоним эдиким…” деб бошлаб, Султон Нигорхонимнинг мардона хусусияти, ўктамлиги ҳақида фикр юритади. У сарой аҳлининг ҳеч биридан сўрамасдан, билдирмасдан Тошкентга паноҳ излаб келади ва ниятига эришади. Бироқ, тақдир уни кўп сарсон-саргардон қилади. Бобур бу масалага ҳам холис ёндашади: “Султон Маҳмуд мирзо ўлгандин сўнг ўғлини олиб, ҳеч кимга хабар қилмай, Тошкандға оғалариға бориб эди. Бир неча йилдин сўнг Адик Султонғаким, Чингизхоннинг улуғ ўғли Жўжи насли қозоқ султонларидиндур, бердилар. Хонларни Шайбонийхон босиб Тошканд ва Шоҳрухияни олғонда ўн икки мўғул навкари била қочиб Адик Султонға борди. Адик Султондин икки қизи бўлди, бирини Шайбонийхон султонлариға, яна бирини Султон Саъидхоннинг ўғли Рашид Султонға берди. Адик Султондин сўнг қозоқ улусининг хони Қосимхон олди… Қосимхон ўлгандан сўнг хоним Кошғарға, Султон Саъидхон қошиға келди”.
Албатта, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик тарихидаги ҳар бир лаҳза, ким шаҳарга бош бўлганию, ким уни салтанатдан айиргани илм учун ҳам, тарих илми билан қизиқувчилар учун ҳам муҳим деб биламиз. “Бобурнома”да Султон Аҳмад мирзо — темурий султонлардан бирининг номи тез-тез тилга олинади, муаллиф у ҳақда асосан ижобий фикр билдиради. Бобурга Султон Аҳмад мирзо амаки бўлиб, у муайян муддат Тошкент ва Сайрамни Бобурнинг отаси Умаршайх мирзога беради.
Бобур Султон Аҳмаднинг уруш ва муҳорабаларини ёритар экан, унинг Тошкент ва унинг атрофида бу шаҳарни эгаллаш, ўз тасарруфига киритиш учун кўп жангу жадаллар бўлгани, улар олиб борган курашларни қуйидагича тасвирлайди: “Яна бир мартаба Тошканд навоҳисида, Чир суйининг ёқасида Султон Маҳмудхон била… бир-бирига боқмай бузулдилар, кўпрак черик эли Чир суйида ғарқ бўлдилар”.
Мақоламизнинг давомини газетамизнинг 7 сонида ўқинг