“ТОШИССИҚҚУВАТИ”ГА ҚАРАШЛИ “САНОАТЭНEРГО” ҚАЗОНЛАРИДАН БИРИ ҲУДУДИДА ТАБИИЙ ГАЗНИ ЎҒИРЛАШ ҲОЛАТИ АНИҚЛАНДИ

“Hududgazta'minot” АЖнинг Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ва “Ўзнефтгазинспекция” билан ҳамкорликда қиш мавсуми даврида табиий газни ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатлар фош қилиниши давом этмоқда.
Совуқ тушиши билан пойтахтдаги кўп қаватли уйларнинг эгалари квартираларидаги иссиқлик таъминоти талаб даражасида эмаслиги ёки умуман иситиш тизимининг йўқлиги билан боғлиқ шикоятлар кўпайди. Куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти учун масъул бўлган қозонхоналар вакиллари баҳона сифатида бунинг сабаби қилиб, газ етказиб беришдаги босимнинг пастлиги билан изоҳлашган эди.
Иссиқлик таъминоти корхоналарини табиий газ билан таъминлаш тизимини ўрганиш жараёнида, Тошкент шаҳрининг Сергели тумани, Нилуфар кўчаси 28-уйида жойлашган ҳамда“Қурувчи” массивининг кўп қаватли уйларини ва бошқа объектларни иссиқлик билан таъминловчи “Тошиссиққувати”га қарашли “Саноатэнeрго” қазонларидан бирининг қўриқланувчи ҳудудида табиий газни ўғирлаш ҳолати аниқланди.
Қозонхона биносининг ички қисмида иккита оҳак пишириш учун печ ва 12 та ностандарт газ горелкаларининг табиий газ таъминоти тизимига резина шланг орқали улангани аниқланди. Оҳак печларининг бирида тайёр маҳсулот, иккинчисида оҳак тошлари мавжуд бўлган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу объектда табиий газни ноқонуний истеъмол қилиш ҳажми 571,3 минг куб метрни ҳамда ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар натижасида газ таъминоти ташкилотларига етказилган зарар 571,3 миллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.
Қайд этилган қонунбузарлик ҳолатлари бўйича барча далил ва ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим этилди. Табиий газ тармоқлариги ноқонуний уланишларни аниқлаш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
“Hududgazta'minot” АЖ матбуот хизмати