“ТОШ” ВА “ЛОЙ” МАНЗИЛИДАГИ ТЕПАЛИК
#Тарих![](https://telegra.ph/file/bca24351bf105bbfe562e.jpg)
Тошкент шаҳридан қарийб 50 чақирим узоқликда жойлашган Паркент тумани ўзининг тоза ҳавоси, иқлими, манзараси, боғу роғлари-ю шаффоф сувлари, меҳмондўст ҳалқи билан кўпчиликка маълум ва машҳурдир. Туман тоғли ҳудуд ҳисобланиб, унинг аҳолиси асосан боғдорчилик, деҳқончилик, узумчилик, чорвачилик, сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланади. Унинг сўлим табиати ҳамиша меҳмонларни ўзига жалб этиб келган.
![](https://telegra.ph/file/4455fb249446b7c7c9535.jpg)
Бугунги кунда Паркент туманида Ўзбекистон Республикасидаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган 69 та объект мавжуд. Ҳозирда уларнинг айримларини фақатгина номи сақланиб қолинган холос. Мазкур Маданий мерос объектларининг кўпи асосан тепаликлардан иборат. Ана шулардан бири бу “Санганак тепа” тепалигидир.
![](https://telegra.ph/file/b3fd032ffebeec48cb193.jpg)
Келинг, аввало Санганак ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам. Санганак қишлоғи Паркент тумани марказидан қарийб 30 километр узоқликда жойлашган тоғли қишлоқ ҳисобланади. Унинг аҳолиси 1642 нафардан иборат бўлиб, асосан боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Қишлоқ бундан 600-700 йил муқаддам ташкил топганлиги тахмин қилинади. Ўша даврда унинг номи Санггил деб юритилган. “Санггил” тожик тилидан олинган бўлиб, санг-тош, гил-лой маъноларини англатади. Унинг номи кейинчалик эса Санганак бўлиб ўзгарган. “Янги Санганак” махалла фуқаролар йиғини раиси Иноятулло Раҳматуллаевнинг маълумотларига кўра ернинг таркиби асосан тош ва тупроқдан иборат.
![](https://telegra.ph/file/f8238208a5ecf943b8c12.jpg)
Қишлоқдаги “Санганак тепа” асрлар оша сақланиб келинмоқда. Маҳаллий аҳолининг берган маълумотларига кўра у ҳашар йўли билан бунёд этилган. Лекин, унинг қайси асрга тегишли эканлиги номаълум. 86 ёшли Мирбўта Оқбўтаевнинг айтишларича ўтмишда тепаликдан босқинчилардан ҳимоя истеҳкоми сифатида фойлаланилган экан. Атрофдаги қўшни қишлоқлар билан бир-бирларига муҳим хабарларни йўллашда тепалик алоқа воситасини ҳам бажарганлиги айтилади. Унда бирор маротаба ҳам тадқиқот олиб борилмаган, қазишма ишлари амалга оширилмаган.
![](https://telegra.ph/file/8143e55458f9da9e1b36c.jpg)
Қанча замонлар ўтиб, асрлар ошиб кетган бўлса ҳам бундай тепаликлар бизнинг тарихимиздан дарак бериб турибди. Ўтмиш билан бугунни боғлаб турган бу каби маданий меросимиз намуналарини асраб авайлашимиз керак ва унга ҳеч қачон бепарво бўлмаслигимиз лозим.
@tarix_chorrahasida