ТОМОРҚАДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ДЕПУТАТНИНГ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА БЎЛДИ

ТОМОРҚАДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ДЕПУТАТНИНГ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА БЎЛДИ

Зухро Мирзоҳамдамова, O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

Бугун юртимизда аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг асосий манбаи бўлган томорқачиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Томорқа ер участкаларидан унумли фойдаланиш – юртдошларимизнинг реал даромадини оширибгина қолмасдан, балким ўз-ўзини банд қилишларида ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Табиийки, ўз юртида реал моддий даромадга эришган фуқароларимиз хорижга меҳнат қилишга чиқиб кетишмайди.

Тошкент вилоятида ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бу борада парламент назорати самарадорлигини кучайтириш мақсадида туркум учрашувлар ташкил этаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пакнинг тарғибот тадбирларида айни масала ҳам диққат марказида бўлди. 

Ўрта Чирчиқ тумани “Туркистон” МФЙда аҳоли хонадонларидаги томорқалардан фойдаланишнинг самарадорлигини кўздан кечирган депутат бир парча ердан юқори ҳосил олаётган омилкорлар билан ҳам мулоқотда бўлди.

Хусусан, маҳалладаги ибратли оила соҳиблари бўлган Темирпўлатдониёрхўжа ота ҳамда Каромат опа Абсаматоваларнинг хонадонларида олиб борилган ўрганишларда уларнинг мўъжазгина 6 сотихли томорқасида турли гуллар, резавор мевалар, сабзавотлар етиштирилиб, йилига 3 мартадан ҳосил олинаётганига гувоҳ бўлинди.

Темирпўлатдониёрхўжа ота ўзининг томорқачилик тажрибасини депутат билан ўртоқлашаркан, дастлаб нафақа даврида эрмак бўлган машғулот ортидан келган мўмайгина даромад оила фаровонлигини янада ортишига сабаб бўлганини сўзлади. Шу даромад ортидан фарзандларига тўйлар қилиб, қизларининг олийгоҳларда таълим олишларида кўмаклашаётганини фахр билан тилга олди.

Маҳалла омилкорлари билан кечган суҳбатларда депутат сўнгги йилларда республикада деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани хусусидаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиб, қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш учун энг аввало, самарали ҳаракат қилиш, одамларда тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқишни кучайтириш, томорқадан унумли фойдаланиш кераклигини уқтирди.

Маҳаллада истиқомат қилувчи тиниб-тинчимас томорқа эгаларининг илғор тажриба ва иш услубларини кенг оммалаштириш лозимлиги масаласига ҳам тўхталиб, уларнинг кўнгиллиларини кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга бириктириш, томорқасига эҳтиёж учун зарур бўладиган экинлар экиш ва парваришлашда ёрдам беришларини ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Бу ҳам эҳтиёжманд ён қўшниси, ёинки, маҳалладоши қийин аҳволга тушиб қолганида жим қараб тура олмайдиган меҳр-оқибатли халқимизга хос фазилат эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида бот-бот сўз юритаётгани замирида аввало, халқимизнинг бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашини исташи ётганини айтди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни ошириш, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини таъминлашда кўмаклашиш – партиянинг ҳам устувор вазифалари сирасига киришини билдирди.

Бир парча ери бўлса ҳам, унга кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарурлигини таъкидлаган депутат ҳудудда экспортбоп мевалар экиш, чорвачиликни ривожлантириш борасидаги ўз тавсияларини ҳам берди.

 



Report Page