ТИЛОВАТ САЖДАСИ
@quranuz_kanali
Инсон зоти учун энг катта шараф, энг буюк мақом Яратган Роббисига энг яқин бўлган пайти ‒ Унга сажда қилган онидир. Зотан, одам боласининг чинакам бахт-саодати Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, У Зотга сажда қилишидадир. Ана ўша саждалар ичидаги энг фазилатли саждалардан бири Парвардигори оламнинг каломига боғлиқ сажда ҳисобланади.
Қуръони Каримда бир қатор оятлар сажда ояти дейилади ва уларни ўқиган, эшитган киши сажда қилиши лозим бўлади. Чунки бу ояти карималарнинг ҳар бирида Аллоҳ таолога сажда қилиш ҳақида амр ёки шу маънода сўз боради.
Тилвоат саждасининг ҳукми
Сажда оятининг ярми ва ундан кўпроқ қисмини ўқиган ва эшитган одам бир марта тиловат саждасини қилиши вожиб. Уни тарк этиш тарки вожиб гуноҳини юклайди.
Айни пайтда намоз фарз бўлмаган кишига тиловат саждаси вожиб бўлмайди. Масалан, ҳайз ва нисофдаги аёллар сажда оятини эшитса ҳам ёки ўқиб юборса ҳам, уларга сажда вожиб бўлмайди.
Сажда оятини овоз узайтиргич орқали жонли эшитган кишига сажда вожиб бўлади. Аммо ёзиб олинган тиловатни эшитганда, сажда вожиб бўлмайди. Жинни ва тўтидан эшитилган тиловат билан ҳам сажда лозим бўлмайди.
Сажда оятининг маъно таржимасини ўқиш ёки эшитиш билан сажда вожиб бўлмайди, балки арабча асл матнни ўқиш ёки эшитиш билангина сажда вожиб бўлади.
Тилвоат саждасининг далиллари
Тиловат саждаси вожиблиги Қуръон ва Суннатда собит бўлиб, қуйидаги далилларга асосланади:
Аллоҳ таоло Сажда сурасида айтади:
«إِنَّمَا يُؤْمِنُ بِآيَاتِنَا الَّذِينَ إِذَا ذُكِّرُوا بِهَا خَرُّوا سُجَّدًا وَسَبَّحُوا بِحَمْدِ رَبِّهِمْ وَهُمْ لَا يَسْتَكْبِرُونَ»
«Оятларимизга улар‑ла эслатилганда саждага йиқиладиган, Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина иймон келтирурлар» (15-оят).
Аллоҳ таоло Иншиқоқ сурасида сажда қилмайдиганларни мазаммат қилади:
«وَإِذَا قُرِئَ عَلَيْهِمُ الْقُرْآنُ لَا يَسْجُدُونَ»
«Қачон уларга Қуръон ўқилса, сажда қилмаслар» (21-оят).
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «كَانَ النَّبِيُّ يَقْرَأُ السُّورَةَ الَّتِي فِيهَا السَّجْدَةُ فَيَسْجُدُ وَنَسْجُدُ مَعَهُ، حَتَّى مَا يَجِدُ أَحَدُنَا مَكَانًا لِمَوْضِعِ جَبْهَتِهِ». رَوَاهُ الْبُخَاري ومُسلِم.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда ояти бор сурани қироат қилиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у зот билан сажда қилар эдик. Ҳаттоки биримиз пешонасига жой топа олмай қолар эди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «كَانَ النَّبِيُّ يَقْرَأُ عَلَيْنَا الْقُرْآنَ، فَإِذَا مَرَّ بِالسَّجْدَةِ كَبَّرَ وَسَجَدَ، وَسَجَدْنَا مَعَهُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуръон қироат қилиб берар, қачон сажда оятидан ўтсалар, такбир айтиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у зот билан сажда қилар эдик».
Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилган.
Ушбу ояту ҳадислар ва бошқа далиллар асосида ҳанафий мазҳаби уламолари тиловат саждасини вожиб деб айтганлар.
Тилвоат саждасининг фазилатлари
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: «قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ فَسَجَدَ، اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي، يَقُولُ: يَا وَيْلَهُ - وَفِي رِوَايَةِ أَبِي كُرَيْبٍ: يَا وَيْلِي - أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ، وَأُمِرْتُ بِالسُّجُودِ فَأَبَيْتُ فَلِيَ النَّارُ». رَوَاهُ مُسلِم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Одам боласи сажда(ояти)ни ўқиб, сажда қилса, шайтон йиғлаб узоқлашади ва «Ҳолига вой бўлсин! – (ровий) Абу Курайбнинг ривоятида «Ҳолимга вой» – Одам боласи сажда қилишга буюрилган эди, сажда қилди ва унга жаннат берилди. Менга ҳам сажда қилиш буюрилди, лекин мен бош тортдим. Энди менга дўзах бўлади», дейди».
Муслим ривоят қилган.
عَن ثَوبانَ مولى رسولِ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليْهِ وسلَّمَ قال: «سمعتُ رسولَ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليْهِ وسلَّمَ يقولُ: «ما من عبدٍ يسجدُ للَّهِ سجدةً إلَّا رفعَهُ اللَّهُ عزَّ وجلَّ بِها درجةً وحطَّ عنْهُ بِها خطيئةً». رَوَاهُ النَّسَائِي.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Қайси бир банда Аллоҳ учун битта сажда қилса, Аллоҳ азза ва жалла ўша сабабидан уни бир даража кўтаради ва ундан битта хатони ўчиради».
Насоий ривоят қилган.
Тиловат саждасини адо этиш йўсини
Тиловат саждасини ният қилиб, қиблага юзланган ҳолда, такбир айтганча тўғри саждага бориб, унда сажда тасбеҳлари ва дуоларидан бирини ёки бир нечтасини айтиб, яна такбир айтган ҳолда саждадан турилади. Бунда қўл кўтариб қулоқ қоқиш, ташаҳҳуд ва салом бўлмайди, фақат саждага бориш ва қайтишда такбир айтилади, холос. Агар намоз саждасида тасбеҳни ҳам айтмай, фақат сажданинг ўзини бажарса ҳам, вожиб соқит бўлади, аммо суннат адо топмайди. Бунда ҳам худди намоздаги каби етти аъзо билан сажда қилинади.
Ўтирган одам тиловат саждаси учун туриб, кейин саждага боргани афзал. Аммо ўтирган жойидан саждага йиқилса ҳам жоиз. Мусофир одам уловда ўтирган ҳолида имо‑ишора билан тиловат саждасини қилиши мумкин. Бунда қиблага юзланиши шарт бўлмайди. Самолёт, поездда сафар қилган одам ҳам ўтирган жойида имо билан сажда қилаверади. Саждага бора олмайдиган одам ҳам саждани ишора билан адо этади.
Тиловат саждасини адо этиш шартлари
Тиловат саждаси учун намознинг шартлари топилиш шарт: таҳоратли, сатри авратда, усти‑боши, жойи пок, қиблага юзланган ҳолда бўлиши лозим. Шартлар топилмаган пайтда шарт топилгунча саждани таъхир қилиб туради.
Тиловат саждасини адо этиш вақти
Тиловат саждаси намоз ўқиш макруҳ бўлган уч пайт: кун чиққан пайтда, қуёш тиккага келганда ва қуёш ботиш олдидаги завол пайтида қилинмайди.
Уни сажда оятларини ўқиган заҳоти қилиш мустаҳаб, бироз кечиктириш ҳам мумкин. Аммо узоқ муддатга таъхир қилиш дуруст эмас ва бу ҳолда қазоси соқит бўлиб, тарки вожиб гуноҳи воқе бўлади. Зеро, тиловат саждасини узоқ муддатга таъхир қилинганда ундан кўзланган мақсад бекор бўлади.
Намозда ўқилган сажда ояти учун намоздан ташқарида сажда қилинмайди. Балки, намоздаги рукуъ ва сажда тиловат саждаси учун ҳам ўтади. Шарти ‒ сажда оятини ўқиган заҳоти саждага бориш ёки намознинг рукуъсини қилиш керак.
Имом сажда оятини ўқиса, муқтадий уни эшитса‑эшитмаса, имом билан тиловат саждасини қилади. Аммо ким ўша ракъатда имомнинг саждасидан кейин иқтидо қилса, тиловат саждасини қилмайди. Имом сажда оятини тиловат қилганда уни эшитган киши унга сажда ояти ўқилган ракатдан бошқа ракъатда иқтидо қилса, худди ўзи билан намозда бирга бўлмаган одамдан сажда оятини эшитган намозхон каби, намоздан сўнг сажда қилади. Намоздан ташқарида ўқилган қироат учун намозда сажда қилинмайди.
Сажда ояти такрорланганда нима қилинади?
Бир мажлисда битта сажда оятини неча бор такрор қилса ҳам бир марта сажда қилиш вожиб бўлади. Аммо бошқа‑бошқа сажда оятлари ўқилса, ҳар бири учун алоҳида сажда вожиб бўлади. Шунингдек, мажлис ўзгарса ҳам, ҳар бир ўзгариш учун алоҳида сажда қилиш вожиб. Дарахтда шохдан шохга ўтиш, шунингдек, хонадан хонага чиқиш жойни ўзгаритириш ҳисобланади. Юриб ўқиганда ҳам ҳар бир сажда ояти тиловати учун алоҳида сажда қилиш лозим. Намознинг ҳар бир ракати бир мажлис ҳисобида саналади.
Сажда оятини ташлаб қироат қилса бўладими?
Сажда оятининг ўзини тарк қилиш макруҳдир. Аммо сажда оятининг ўзини ўқиш макруҳ эмас. Агар сажда оятини ташлаб ўқиш даркор бўлиб қолса, у билан бирга ундан олдинги ёки кейинги оятлардан бир‑икки оят қўшиб ташлаб ўқиса, кароҳияти йўқ. Одамлар олдида ўқиганда шундай қилган афзал, токи таҳорати ва имкони йўқларга танглик бўлмасин. Шунингдек, сажда оятларини махфий ўқиш ҳам яхши. Бунда сажда оятининг ўзини махфий қилиш кифоя.
Бир мажлисда икки ёки ундан кўп одам бир сажда оятини навбат билан такрорласа ёки бир нечта сажда оятини ўқиса ҳам бир марта сажда вожиб бўлади.
Саждага бориш‑қайтишда айтиладиган такбир
اللَّهُ أَكْبَرُ
Ўқилиши:
Аллōҳу акбар.
Маъноси:
Аллоҳ энг улуғдир.
Саждада ўқиладиган дуо‑тасбеҳлар
سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذِي خَلَقَهُ، وَشَقَّ سَمْعَهُ وَبَصَرَهُ بِحَوْلِهِ وَقُوَّتِهِ. رَوَاهُ مُسلِم عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ.
Ўқилиши:
«Сажада важҳӣ лиллаз:ӣ холақоҳӯ ва шаққо самъаҳӯ ва басороҳӯ биҳ:авлиҳӣ ва қувватиҳ».
Маъноси:
«Юзим уни яратган ва Ўз кудрату қуввати ила унинг қулоғу кўзини очган Зотга сажда қилди».
Имом муслим Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
اللَّهُمَّ لَكَ سَجَدْتُ، وَبِكَ ءَامَنْتُ، وَلَكَ أَسْلَمْتُ، سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذِي خَلَقَهُ وَصَوَّرَهُ، وَشَقَّ سَمْعَهُ وَبَصَرَهُ، تَبَارَكَ اللهُ أَحْسَنُ الْخَالِقِينَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِي عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ.
Ўқилиши:
«Аллōҳумма лака сажатту, ва бика āманту, ва лака асламту. Сажада важҳӣ лиллаз:ӣ холақоҳӯ ва шаққо самъаҳӯ басороҳ. Табāрокаллōҳу аҳ:санул‑хōлиқӣн».
«Аллоҳим! Сенга сажда қилдим, Сенга иймон келтирдим ва Сенга таслим бўлдим. Юзим ўзини яратган, суврат берган ҳамда қулоғу кўзини очган Зотга сажда қилди. Халқ қилувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотлидир».
Имом Термизий Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
اللَّهُمَّ اكْتُبْ لِي بِهَا عِنْدَكَ أَجْرًا، وَضَعْ عَنِّي بِهَا وِزْرًا، وَاجْعَلْهَا لِي عِنْدَكَ ذُخْرًا، وَتَقَبَّلْهَا مِنِّي كَمَا تَقَبَّلْتَهَا مِنْ عَبْدِكَ دَاوُدَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِي عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ.
Ўқилиши:
«Аллōҳуммак‑туб лӣ биҳā ъиндака ажрон, ва доъ ъаннӣ биҳā визрон важъалҳā лӣ ъиндака з:ухрон ва тақоббалҳā миннӣ камā тақоббалтаҳā мин ъабдика Дāвӯд».
Маъноси:
«Аллоҳим! Бу (сажда) ила менга Ўз ҳузурингда ажр ёзгин, у ила мендан гуноҳларни аритгин, уни мен учун ҳузурингда захира қилгин ва уни банданг Довуддан қабул қилганингдек, мен ҳам қабул қилгин!»
Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Мазкур дуоларни билмаган одам намоздаги оддий сажда тасбеҳини айтса ҳам кифоя.
سُبْحَانَ رَبِّيَ الْأَعْلَى.
Ўқилиши:
Субҳ:āна роббийал-аълā.
Маъноси:
Олий Зот бўлмиш Роббимни пок дея ёд этаман.
Тиловат саждасидан кейин таъаввуз‑басмала айтиладими?
Тиловат саждаси қироатга оид амал бўлгани учун ундан кейин таъаввуз ҳам, басмала ҳам шарт эмас. Тиловатни келган жойдан бевосита давом эттириб кетаверади. Илло сажда ояти суранинг охирида бўлса, кейинги суранинг аввалидаги басмалани айтилади.
Қуръони Каримдаги сажда оятлари
1. Аъроф сурасининг охирги, 206‑ояти.
2. Раъд сурасининг 15‑ояти.
3. Наҳл сураси, 49‑оят.
4. «Бану Исроил» (Исро) сураси, 109‑оят.
5. Марям сураси, 58‑оят.
6. Ҳаж сурасидаги биринчи сажда ояти, яъни 18‑оят.
7. Фурқон сураси, 60‑оят.
8. Намл сураси, 26‑оят.
9. Сажда сураси, 15‑оят.
10. Сод сураси, 24‑оят.
11. Фуссилат сураси, 37‑оят.
12. Нажм сураси, 62‑оят.
13. Иншиқоқ сураси, 21‑оят.
14. Алақ сураси, 19‑оят.
Мусҳафда сажда оятлари махсус белги билан кўрсатилади. Ҳанафий мазҳабида сажда оятининг кўп қисмини ўқиш саждани вожиб қилса, бошқа мазҳабларда саждани оятдаги маълум калима вожиб қилади. Шу боис, мусҳафларда ана ўшандай калима устига махсус чизиқ тортилади ва сажда оятининг сўнгига сажда қилишга ишора сифатида минора шаклида белги қўйилади. Шуни айтиш лозимки, Сод сурасидаги сажда оятининг якуни бошқа мазҳабларга кўра белгиланган, ҳанафий мазҳабига кўра яна бир оят ‒ суранинг 25‑ояти ҳам сажда ояти ҳисобланади ва ундан кейин сажда қилиш лозим.
Ҳаж сурасининг 77‑ояти бошқа мазҳабларда сажда оятларидан саналади. Аммо ҳанафий мазҳаби уламолари бу оятни сажда оятларига киритмаганлар.
(Мақола Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Кифоя» китоблари ҳамда бошқа ҳадис ва ҳанафий фиқҳига оид манбалар асосида тайёрланди)
Қуръони Карим ходими
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид