ТИББИЁТ ТЕХНИКАЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ ИМЗОЛАНДИ

ТИББИЁТ ТЕХНИКАЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВ ИМЗОЛАНДИ

"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси

“Ўзэлтехсаноат” уюшмасида Туркия Республикасининг «Ersan Group» компанияси директорлар кенгаши аъзоси Месут Эрдоган бошчилигидаги делегация вакиллари билан амалий ҳамкорликка асосланган мулоқот бўлиб ўтди. Музокаралар якунида Ўзбекистонда «Тиббиёт техникалари ва инвентарлари ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишув имзоланди.

Бундан кўзланган мақсад аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда тиббий жиҳозларни юртимизда ишлаб чиқариш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан яхши натижа беришига эришишдир.

Хабарингиз бор, 2020 йилнинг февраль ойида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М.Юнусов, Бошқарма бошлиғи И.Шукуровлар Туркиянинг «Ersan Group» компаниясига ташриф буюриб, лойиҳани амалга ошириш юзасидан дастлабки тарзда музокаралар олиб борган эди. Орадан қисқа вақт ўтиб, мазкур фикр алмашув ва ўзаро келишувлар натижаси ўлароқ, эндиликда лойиҳани юртимизда биргаликда амалга ошириш юзасидан дастлабки қадамлар қўйилди.

–      Ўзбекистон томони билан электротехника саноатида ишлаш биз учун амалий аҳамиятга эга. Айниқса, тиббиёт ривожлангани сари янги замонавий технологияларга, тиббий жиҳозлар ва зарур асбоб-ускуналарга эҳтиёж тобора ортиб боради. Келишувга эришган янги лойиҳамиз ушбу масалаларда ечим бўла олади, – дейди «Ersan Group» компанияси директорлар кенгаши аъзоси Месут Эрдоган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 2 млн доллар бўлиб, йиллик қуввати 6000 дона тиббий жиҳозлар ва инвентарлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бунинг натижасида 50 та янги иш ўринлари яратилади. 




Report Page