Бошқарма бошлиғи тиббий хатловда қатнашди - Когон тумани
Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати
Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, касалликларни профилактика қилиш ва эрта аниқлаш соғлиқни сақлаш тизимининг долзарб вазифаларидан бирига айланган. Тизимни янада ривожлантириш, айниқса олис ҳудудларда яшовчи одамларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ишларини тартибга солишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини йўлга қуйиш баробарида, жойларда аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирлари аллақачон бошлаб юборилган. Шу билан бирга ҳозирги вақтда кенг тарқалган диабет, юрак-қон томир каби касалликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш, соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш ва фаол жисмоний ҳаракатни йўлга қўйиш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишларини йўлга қўйилган.

Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидов, унинг биринчи ўринбосари Аскар Баҳронов, бошқарманинг даволаш-профилактика ва тиббий статистикани ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Икром Ҳусенов ва бошқарма аппаратининг бир гуруҳ ходимлари Когон туманидаги 23-оилавий поликлиникасида бўлишди.
Бу ерда Когон туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Феруз Ачилов аҳоли саломатлигини тиклаш, ҳудудда турли касалликларнинг тарқалиши олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан таништирди.

Ташрифдан мақсад Президентнинг 2020 йил 12 ноябридаги "Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ижросига эътиборни кучайтириш, шунингдек хатлов жараёнларида бевосита иштирок этишдан иборат бўлди.

Меҳмонлар тиббиёт ходимлари билан биргаликда аҳоли хонадонларига бориб, улар билан суҳбатлашдилар. Давлат раҳбарининг вилоятимизга қилган ташрифи, ундан кўзланган мақсад, тиббиёт ходимлари зиммасига юклатилган устувор вазифалар, шу билан бирга сўнгги пайтларда соҳага доир чиқарилган қарор ва фармонлар азмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Хонадонма хонадон юришиб ўтказилган хатлов натижаларини кўздан кечириш билан бирга, бу жараёнлардан четда қолган хонадон аъзоларини хатловдан ўтказиш ва антропометрик кўрсаткичларини ўлчаш ишларида бирламчи тиббий-санитария муассасалари ходимларига кўмаклашдилар.

Хуллас, бу каби тадбирлар Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларида шу кунларда уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар аҳолида соғлом турмушга доир кўникмалар ҳосил қилишда ва турли хасталикларнинг олдини олиш ҳамда уларни эрта аниқлашда ижобий натижа беришига шубҳа йўқ.
Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати