Сирдарёда перинатал хизматлар такомиллаштирилмоқда

Сирдарёда перинатал хизматлар такомиллаштирилмоқда


Сирдарё вилоятида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида Осиё тараққиёт банкининг Шарқий, Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Инсон капитали ва ижтимоий ривожланиш бўлими етакчи соғлиқни сақлаш мутахассиси Ҳайман К. Вин бошчилигидаги мутахассислар ташриф буюрди.

Ташриф “Перинатал хизматларни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Марказдаги перинатал хизматлар кўлами, хизмат кўрсатиш жараёни ва мавжуд шарт-шароитлар атрофлича ўрганилди. Шунингдек, Д-МЕД электрон дастури орқали хизматларни рақамлаштириш ва унинг амалий самарадорлигини янада юксалтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

Ҳайман К. Вин ташриф давомида марказнинг перинатал хизматларини такомиллаштиришда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар аҳамиятини қуйидагича таъкидлади:
“Сирдарёда амалга оширилаётган лойиҳалар она ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Замонавий технологияларни жорий қилиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш нафақат маҳаллий аҳоли учун, балки бутун мамлакат соғлиқни сақлаш тизими учун намунавий тажриба бўлиб хизмат қилади,” – деди у.
Марказ директори, 1-тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева ҳам ташриф ва ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлаб, қуйидагиларни билдирди:
“Бу ташриф лойиҳанинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш ва янги халқаро тажрибаларни жорий этишда муҳим имконият яратди. Биз марказда перинатал хизматлар сонини янада кўпайтириш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва замонавий диагностика ҳамда даволаш усулларини кенг жорий этишга эътибор қаратмоқдамиз. Ҳамкорлик натижасида она ва болалар саломатлиги учун замонавий, самарали ва барқарор тизим яратиш имкони янада кенгайди,” – деди Шаҳло Хожаева.

Лойиҳа доирасидаги ҳамкорлик нафақат вилоятда она ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга, балки тиббий хизматларнинг самарадорлигини ошириш ва аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган. Бу ташриф ва ҳамкорлик Сирдарёда перинатал хизматлар соҳасида барқарор ривожланиш йўлида муҳим қадам эканлигини кўрсатади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири


Report Page