ТЕСТ ИМТИҲОНЛАРИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

ТЕСТ ИМТИҲОНЛАРИГА СТАРТ БЕРИЛДИ


Бугун эрта тонгдан юртимиз бўйлаб 2025-2026 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари бошланди.

Статистик маълумотларга кўра, жорий  ўқув йилида Навоий  вилоятидаги олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларига 32 335  нафар абитуриентлар ҳужжат топширган. Бир сменада 1 650 нафар, бир кунда 3300 нафар абитуриентлар тест синовларидан ўтказилиши режалаштирилган.  Яъни, тест жараёнлари икки сменада бўлиб ўтади. Биринчи смена соат 8.00 да, иккинчи смена соат 15.00да бошланади.

Бугун дастлабки тест имтиҳонлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг янги биносида ташкил этилди. Жорий йилда олий ва профессионал таълим муассасаларига, шунингдек, Президент мактабига кириш имтиҳонлари ушбу янги бинода ва “Кимёгар” ўйингоҳининг спорт залида ўтказилиши режалаштирилган.

        Тест синовлари бўлиб ўтаётган мазкур биноларда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт - шароитлар яратилган бўлиб, мазкур жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва холис ўтиши учун барча зарур ташкилий ва техник чоралар – тадбирлар амалга оширилган. Ҳудудга киришда қуёш нуридан сақланиш ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда соябонлар ўрнатилган, бинолар совутиш мосламалари билан жиҳозланган, абитуриентлар вақтни кузатиб боришлари учун катта ҳажмли электрон соатлар ўрнатилган. Фарзандларини кутаётган ота - оналар учун шу ҳудудда жойлашган 20-умумтаълим мактабида махсус кутиш жойлари ташкил этилиб, интернет ва жараёнларни бевосита кузатиб боришларига мўлжалланган катта экранли телевизор ва мониторлар ўрнатилган.

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳони - ҳар бир талабанинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган синовдир. Бу имтиҳон орқали ёшлар ўз билим ва кўникмаларини намоён этади, шунингдек, келажакда танлаган касблари учун дастлабки қадамни қўядилар. Имтиҳон жараёни ҳар бир абитуриентдан нафақат билим, балки сабр-тоқат, диққатни жамлаш  ва масъулиятни ҳам талаб қилади.

Баҳор Якубова (абитуриент):

– Бу йил Навоий шаҳридаги 13-умумтаълим мактабини тамомладим. Мактабда ўқиш билан бир пайтда қўшимча дарсларга ҳам қатнаб, билимларимни ошириб бордим ва 3 та сертификатга эга бўлдим. Бугун имтиҳонларда мутахассислик ва мажбурий фандан тест топширдим. Албатта, жуда ҳаяжонландим. Ҳаётимдаги катта имтиҳонлардан бири бу. Талаба бўлишимга ишонаман. Насиб этса, грант асосида ўқийман. Ота – онамнинг ва Устозларимнинг ишончини оқлайман.

– Ичкарида шароит қандай экан?

– Жуда яхши шарт - шароит қилинган. Салқин, ичиш учун ҳамма абитуриентларга қадоқланган сув тарқатилди. Шинам, кенг хона. Кузатувчилар ҳам хушмуомала. Менда яхши таассурот қолдирди.

Камолиддин Шарофиддинов ( абитуриент):

 – Менда битта ҳорижий тил сертификати бор. Келажакда меҳмонхона бизнеси соҳасида ишламоқчиман ва бунинг учун аввало инглиз тили бўйича мутахассис бўламан. Тошкентда Жаҳон тиллари университетида ёки Самарқандда ўқишни ният қилганман. Тестда ўзим билган саволлар тушди, жуда ҳурсандман!

Ҳолида Шаропова (Нурота туманидан):

– Қизим тестга кириб, бир соатда чиқиб келса, денг. Кўп кутишга ҳам тўғри келмади. Монитордан ҳаммасини кузатиб ўтирдик. Ўзим имтиҳон топширгандай бўлдим. Ҳамма саволларни ишлаб чиқдингми, қолиб кетмадими, деб қайта – қайта сўрадим. Ҳаммасини ечдим, дейди. 3 та сертификати ҳам бор эди... Бу иккинчи фарзандимиз. Катта акаси ҳам Тошкентда ўқийди. Қизимга ҳам акасининг йўлини берсин ва грантга қабул қилинсин, деб ният қилиб ўтирибман.

Жорий ўқув йилида тест имтиҳонлари Республика Президентининг 2024 йил 24 майдаги “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига кўра “Аввал тест, кейин танлов” тамойилига мувофиқ икки босқичда амалга оширилади.

Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра, тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Бугун тест синовларида иштирок этган барча талабаларга омад ёр бўлсин!

Гулчеҳра Бердиёрова

 

 

 

 

 

 

 

 




Report Page