ТЕМУР ПЎЛАТОВ:ШАРИФ АҲМЕДОВНИНГ ЭВРИЛИШ-МЕТАМОРФОЗАЛАРИ

ТЕМУР ПЎЛАТОВ:ШАРИФ АҲМЕДОВНИНГ ЭВРИЛИШ-МЕТАМОРФОЗАЛАРИ


Гарчи аҳён-аҳёнда бўлса ҳам, ўзбекзабон касбдошларимнинг ёзганлари билан танишиб тураман. Москвадаги адабий журнал ёки альманахларда асарлари чоп этилишини истаб, ҳикоя ва қиссаларига баҳо беришим тилагида каминага юбориладиган қўлёзмалар орасида, қизиқиш уйғотмайдиганлари билан бирга, яхши топилмалар ҳам учраб қолади.


Андижон фарзанди Шариф Аҳмедовнинг бир туркум эссе-ҳикоялари дастлабки сатрлариданоқ ғаройиб услуби билан эътиборимни тортди. Эссе-бадиа жанрида битилган, интеллектуал насрга мансуб ушбу асарлар замонавий ўзбек адабиётида камёб ҳодисадир.


Айтишим жоизки, Аҳмедов қаламига мансуб ҳикоялар мутолааси ўқувчи учун асло осон кечмайди, таг маъноларини англаб олиш осон эмас, бунинг учун тафаккурни ишлатиш талаб этилади.


Хорхе Луис Борхеснинг “ғалати” асарларини ўзбек тилига ўгирган Шариф Аҳмедов, бадиий меъёр ва сўз сезимини дурустгина ҳис этадики, бу ҳол уни Борхесга кўр-кўрона эргашишдан асраб қолганидан ташқари, улуғ аргентиналик яратган талқинлар негизида ўзининг хос асарларини - антик давр адиблари метаморфозалар, яъни эврилишлар деб атаган ўзининг адабий матнларини яратиш имконини берди.


Ушбу жанрнинг мумтоз бошловчилари қаторида қадимги Рим шоири Овидийни эслаб ўтиш мумкин. Ўн беш китобдан иборат маҳобатли достон иншо этган Овидий, Юнон ва Рим асотирлари талқинига таяниб, олам яралишининг ибтидосидан бошлаб содир бўлган ажабтовур эврилишлар ҳақида назмий ҳикоялар сўзлайди. 

Аснода эса, Франц Кафка қаламига мансуб “Эврилиш” ҳикояси XX аср модернистик адабиётига дохил, шаксиз, энг ёрқин маъжозий асар эканини тилга олгим келади.


Шариф Аҳмедовнинг воқеабандликдан йироқ эссе-ҳикояларини (айримлари, эҳтимол, истиснодир) баён қилиб бериш имконсиз. Ўша айрим истиснолардан бўлган “Бир бемор воқеаси”да хастахонада банди беморнинг кунлик ҳолатлари аро вақт оқими кечиб турса-да, ушбу оқим охир-оқибат бизни кутилмаган хотима қаршисида ҳозир қилиб, омонат ва беқарор тириклик жумбоқлари ҳақида ўйлашга ундайди.

Шариф Аҳмедовнинг эссе-ҳикояларидан бири, худди муаллифнинг адабий маслагини билдириб қўймоқчидек, айнан “Бир тушнинг эврилишлари” деб номланган. Ушбуда биридан иккинчисига, ундан яна бошқасига ўтиб борувчи ташбеҳлар силсиласи, бир воқеанинг бошқасига қатланиб бориши манзараси намоён бўлади. Асар воқелигида персонажларнинг ҳар бири, баайни онгламу-сезимлар оқимида каби, туш ва рўёлар оламида яшайди, ўз навбатида айни новоқеъ рўёлар, ижодий инкишоф воситасида, адабий ёхуд кундалик турмуш воқелигида барқарор этилади. Овидийнинг мифологик персонажларидан фарқли ўлароқ, Аҳмедов қаҳрамонлари доим фаолиятда, улар ҳар биримиз каби изтироб чекишади, муайян тарихий сиймолар ютуқларидан руҳланиб, кулфатларига шерик бўлишади.


Борхеснинг шоҳ асарларидан бири – “Колриж туши”ни (С. Т. Колриж – инглиз романтик шоири) ўз ҳикоясининг эврилишларига асос тарзида танлаб олган Аҳмедов, айнан тушлар, тушлар муҳитида содир бўлаётган воқеалар ижодкор учун баъзи ҳолларда самаралироқ экани, ёзув столи қаршисида ўтирган пайтларинг хаёлда пайдо бўлганидан кўра равшанроқ воқеа ва сюжетларни баъзан айнан улар бизга тақдим этиши борасидаги фикрни асарининг бутун давомида илгари суради. Ва асар муҳитига бирикиб кетган ушбу туший саҳналар ижодкор учун чинакамликка айланади.


Уйқуга кетишидан аввал мўғул ҳукмдори Қубла Хон (Қубилойхон) ҳаёти-ҳолотидан сўзланган тарихий рисоласини ўқишга тутинган шоир Колриж, тез орада мудроққа чўмиб, муҳташам хон саройини ва бу саройни тараннум этган тенгсиз гўзал достонни туш кўради. Уйғонгач эса, сеҳрли тарзда нозил қилинган асарни қоғозга туширишга уринади, аммо аллакимнинг бемаврид ташрифи ишнинг белига тепади. "Ҳайрат ва алам ичра англадимки, - дейди сўнгроқ Колриж, - мен тушимнинг умумий манзарасини ҳамон кўриб турсам-да, саккиз-ўн мисрадан бошқа барча сатрлар дарё юзасидаги халқачалар янглиғ ғойиб бўлган ва таассуфки, уларни қайта тиклашнинг имкони йўқ эди”.


Шу ўринда олдиндан айтиб қўйгим келди – бир пайтлар “Ғойибнинг иккинчи сафари”ни битиш билан машғул эканман, ушбу қиссамнинг муҳим саҳналаридан бири айнан тушимда намоён бўлганди. Яхшики, Колриждан фарқли, уйқумда Тангрим кўнглимга солган сатрларни қоғозга муҳрлашимга биров ҳалал бермади менга. Бедорликда ҳеч тутқич бермаган ўша парча тушимнинг муҳитларида сайқалланиб, асар матнига табиий тарзда уйғунлашиб кетган эди.


VII асрда яшаб ижод қилган улуғ Ислом олими Муҳаммад Ибн Сирин, Фрейду Юнглардан бир қанча асрлар аввал тушлар табиатини ўрганиб, тушда кўрилган нарса аслида ташқи воқеликнинг давомидир, деган хулосага келган. Юксак иқтидорли ва табиати нозик одамлар назмий сатрлар билан зийнатланган кароматли тушлар кўрадилар, дейди мутафаккир. Лайли тимсолига ишқий ғазаллар битган мумтоз араб шоири Мажнунни (Қайс ибн ал-Мулавваҳ) Ибн Сирин фикрининг исботи ўлароқ, мисол тариқасида келтиради.


Ш. Аҳмедов ўз ҳикоясида ғаройиб эврилишлар занжирини бир туш манзарасидан бошқасига томон тортиб борар экан, Колриж тушида кўрилган хон кўшки атрофидаги тафсилотларни, галдаги халқа тарзида, XIII-XIV аср муаррихи Рашидиддин билан боғлайди. Элхоний ҳукмдорлар ҳузурида олий рутбали вазир бўлган Рашидиддин бир асар битиб, Қубла Хон ўз тушида кўриб, ёдида сақлаб қолган лойиҳа бўйича барпо эттирган росмана сарой ҳақида маълум қилган эди. Бир неча аср аввал дебоча олган мўғул ҳукмдорининг саройига доир воқеалар силсиласи, бир тушдан бошқасига кўчиб, яна узоқ давом этишини уқдиради Борхес.


Буни кўрингки, маъжозлар шодасини энди Ш. Аҳмедовнинг ўзи тўлдиришга киришади. Муаллиф улуғ озарий шоири Низомий Ганжавийни, бир эмас, балки энди етти муҳташам сарой малоҳати тараннум этилган унинг “Ҳафт Пайкар” достонини мазкур шажарага олиб киради. Маълумингизки, ушбу кўшклар ҳам Низомийга айнан тушларида намоён бўлган, шоирнинг рўёларидан воқеликка сизиб чиққан саройлар малоҳати, ниҳоят, бизга ҳамон чексиз баҳралар улашаётган назмий сатрларига муҳрланган.


Турли давр ва турли усталар ижодининг маҳсули бўлган, юқорида тилга олганимиз меъморий ва назмий асарлар силсиласига ушбу ҳикоя муаллифининг ўз рўёлари ҳам табиий тарзда бирикиб кетади. Улуғ Бобурнинг кентдоши эврилишлар занжирига Тож Маҳални – жазирама Ҳинд заминини зийнатлаб, туркий даҳо обидаси ўлароқ, қарийб тўрт асрдирки бутун оламни ҳайратга солиб турган мўъжизани қўшмаслиги мумкин эмасди.


“Хонамдаги уқубатгул” ҳикоясининг бир қарашда сокин муҳитларидан ҳам илоҳий аралашув-мудоҳала мавзуси дафъатан юзага чиқиб келади. Ҳикоянинг воқеалари муаллифнинг ўзи чечаклари мўл эканидан “Гулистон” деб атамоқчи бўлган юртда дебоча олиб, аста Жанубий Американинг сельва ўрмонлари томон сурилиб боради. Биз passiflora, яъни уқубатгул хислатларидан бохабар бўларканмиз, ўзаро муҳорабалардан ҳориган маҳаллий ҳиндулар ундан уйқудори ва тинчлантирувчи малҳамлар тайёрлашганини билиб оламиз. Уйқу ва тушлар мавзусига шу тариқа яна дуч келган тоқатли ўқувчи, рўёлару хаёллар билан боғлиқ навбатдаги дўнишларга ўзини чоғлайди. Аммо бундаги эврилиш оддийроқ бўлиб чиқади.


Испан конкистадорлари наздида пассифлора чечаги дастлаб турлича тимсолда намоён бўлади – бир сафар инкалар хазинасига кўз тиккан Кортес етовидаги Мексика истилочиларига муносиб ҳарбий нишон тарзида тақдим этилса, бошқа гал эса жувонлари тафтини қўмсаган оврўпалик келгинди бу қароқчилар тасаввурида малоҳатли аёл чеҳраси бўлиб гавдаланади.


Бу орада муғомбир бир иезуит ўртага чиқдики, маҳаллий ҳиндуларни жиловлаб туриш осон бўлсин учун ғалати ривоят ихтиро этди, ушбу матал руҳонийлар қўлида узоқ вақтлар дурустгина илоҳий қурол бўлиб хизмат этди - passiflora энди Исо масеҳ изтиробларининг тимсоли бўлиб ифодалана бошланди. Боғлама ҳосил қилган бу гулнинг уч дона уруғдони Иисус (Исо ибн Марям) чормих этилганда қўл ва оёқларига урилган михлар, уруғдон остида қўним топган беш дона ўсимта - илоҳий вужудга етказилган жароҳатлар, турфа ранглар билан товланган найчалари - пайғамбар бошига кийдирилган тиканак тож, ўткир гулбарглари эса унинг вужудини тилка-пора қилган тиғдор найзалар тарзида тушунтирилди. Ҳаттоки, гулбарглар орқа қисмида хиёнаткор Еҳудага тўланган ўттиз кумуш тангаларга ишоралар ҳам топилган эди.


Эврилишлар силсиласида диний мавзуни давом эттирган Иисус (Исо ибн Марям) воқеаси бизни “Бир тушнинг эврилишлари” ҳикоясига яна мурожаат қилишга, тўғрироғи, ундаги персонажлардан бири – инглизларнинг дастлабки черков бахшиси Кэдмонни эсга олишга ундайди. 


Батамом саводсиз оддий бу чўпон отхонада, отлар орасида пинакка кетишга чоғланган маҳал, кимдир унинг исмини айтиб чақиради ва куйлашга амр этади. Ўтакаси ёрилаёзган Кэдмон Худо уни куйлаш уқувидан тамом қисиб қўйганини айтса-да, буйруқ яна такрор янграйди: “Яратилиш ибтидоси ҳақида куйла!” Ва шунда бахши аввал ўзи ҳеч эшитмаган мисраларни баралла куйлай бошлади. Эрталаб эса хотирига муҳрланган қўшиқни роҳибларга қайта айтиб берар экан, бундан таажжубланган дин пешволари Муборак битик мисраларини илоҳий қудратгина оддий чўпон дилию тилига муҳр этганини басма-басига асослай кетишади. Илоҳий қўшиқнинг хушоҳанг мисралари тиниб, сўнгги саслари атрофга сингиб борар экан, Қиёмат ва жаҳаннам азобларидан даҳшатга чўмган роҳиблар қалби, зум ўтмай жаннат фароғатлари хаёлидан саодат осудалигига қовушди.


Бу ўринда мен ўзим ҳам диний мавзудаги бу каби эврилишлар давомини боғлашни истардим. Қалбимиз ва ёдларимизда муқаррарки, Арабистоннинг Ҳиро ғорида хилватнишин қолган бесаводу оддий бир туякаш зотни бехос фалакдан келган садо уйғотиб юборади: “ Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг Карамлиларнинг карамлисидир. У, қалам билан илм ўргатгандир...” Туякаш ўзининг саводи йўқлиги, ўқишни билмаслигини айтса ҳам, ул даъват яна такрор эшитиларди.


Яратганнинг ушбу амри кейинчалик Қуръони Каримга “Алақ” сураси бўлиб кирди, амрга итоат қилган зот эса башариятга юборилган энг сўнгги набий – Муҳаммад Мустафо (С. А. С.) бўлиб қалбларимиздан мангуга жой олди.


Шоир Колриж бошидан кечирган эврилишлар “Порлокдан келган одам” ҳикоясида ҳам ўз давомини топади. Ушбу ҳикояда биз дуч келганимиз – Вебстер исмли одмигина бир одам майда тужжорлик билан рўзғор тебратади, аммо, недир сабабдан ашъорлар битишга кўнгил қўйган ғалати бу персонаж, иттифоқо, Колрижнинг ижодий оламига бехос бостириб киради ва шоир тушида нозил қилинган ўша “Қубла Хон” достони якунланишига ҳалал беради. 

Колриж билан содир бўлган ушбу ҳодисани Ш. Аҳмедов ҳам сирли кучларнинг бемаврид ва ё бехосият аралашуви қабилидаги тушунтиради. Бу каби воқеалар сирасида Шарқ тарихидан ҳам бир неча мисоллар келтиради. Хусусан, Нишопурни талон-тарож қилиш чоғида Тўлуйхон навкарлари томонидан ўлдирилган шайх Фаридиддин Аттор қисмати ва сўнгги хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг шавкатли умрига зомин бўлган аллақайси курдий қароқчибачча воқеалари шулар жумласидандир.


Сўнггида, “Торозий тошбақаси”даги эврилиш воқеасини ёдга олишни истардим. Ушбу роман муаллифи сифатида хулоса қилган эдимки, таносуҳ-эврилишга бир карра дучор бўлган Бенишон исмли ҳакам, мавлоно Торозий ҳар қанча уринмасин, инсон қиёфасига қайтишга бошқа муваффақ бўла олмайди.


Қиссадан ҳисса шуки, бир-бирига муттасил боғланиб, урчиб боришга мойил тимсолу-ташбеҳлар сўнгсиз давом этиши мумкин ва унинг, ушбу шажаранинг ортга томон йўналган ҳаракатига улуғ ва қудратли зот – Оллоҳ Таолодан ўзга ҳеч кимса бас кела олмас.


Шариф Аҳмедов ўз она тили – ўзбек тили ва русчада ҳам қарийб бирдек ёзади. Ва унинг битиклари, шубҳа йўқки, ўзбек миллий адабиётига ассоциатив, интеллектуал ва маъжозий адабиёт деб аталган янги қирра бўлиб қўшилажак.


ТЕМУР ПЎЛАТОВ,

Ўзбекистон Халқ ёзувчиси

Тожикистон Халқ ёзувчиси



Report Page