ТАЪСИРЧАН СОЛИҚ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

ТАЪСИРЧАН СОЛИҚ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ


Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига кўра, Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Конституциянинг 54-моддасида, Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.09.2018 йилдаги Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ПҚ-3928-сонли қарорида, Тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишда кўмаклашиш, мулкдорларнинг ўзларига тегишли бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш бўйича масъулиятини кучайтириш борасида кўрилаётган чоралар амалда ўз самарадорлигини кўрсатганлиги қайд этилган.

Мазкур Қарорга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги идоралараро комиссиялар ҳамда туманлар (шаҳарлар)да фойдаланилмаётган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича намунавий таркибдаги ишчи гуруҳлар ташкил этилган.

Қарорда Идоралараро комиссияларга қуйидагиларни амалга оширилишини ташкил этиш ва назорат қилиш вазифалари юклатилган:

доимий мониторинг натижаларига кўра тегишли ҳудуддаги фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш ва уларнинг рўйхатларини шакллантириш;

фойдаланилмаётган объектлар фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича «йўл хариталари» ва инвестиция лойиҳаларини мулкдорлар билан бирга ишлаб чиқиш, шунингдек, уларни тасдиқлаш;

фойдаланилмаётган объектлар фаолиятини тиклаш бўйича таклифларни тақдим этмаган ёки тасдиқланган «йўл хариталари» ижросини таъминламаётган мулкдорларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш ҳақида хулосалар чиқариш;

давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва ишчи гуруҳлар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиш;

тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар ва тижорат банклари кредитларини олишда кўмаклашиш.

Шунингдек, Қарорга асосан қуйидаги тартиблар ҳам ўрнатилган:

а) давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар ўрнатилган тартибда сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида, шу жумладан ижарага берилади;

б) фойдаланилмаётган объектларнинг хусусий мулкдорларига қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:

юридик шахсларга - соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;

юридик ва жисмоний шахсларга - мол-мулк ва ер солиқларини икки карра микдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг - беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик - ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш;

қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш.

Қарорнинг 5-бандига кўра, қарорда кўрсатилган таъсир чоралари идоралараро комиссия хулосасига асосан мулкдорнинг идоралараро комиссия хулосаси билан танишганидан кейинги ойдан бошлаб қўлланиши;

идоралараро комиссиянинг таъсир чораларини қўллаш ҳақидаги хулосасини чиқариш учун мулкдор томонидан фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдим этилмаганлиги ёки фойдаланилмаётган объектдан самарали фойдаланиш бўйича тасдиқланган “йўл харитаси”нинг бажарилмаслиги асос бўлиши;

идоралараро комиссия қарори комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, бунда идоралараро комиссия йиғилишида унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этиши шартдир;

Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 ноябрдаги ПФ-5868-сонли “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Фармонига асосан 2019 йил 13 ноябрдан ўз кучини йўқотган.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 666-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур Қарорга асосан, Бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳасида қўшимча шарт-шароитлар яратилаётгани натижасида тадбиркорлик субъектлари томонидан кўплаб инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Қарорга асосан фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш бўйича 1-ишчи гуруҳи ва 2-ишчи гуруҳлари ташкил этилган.

Ишчи гуруҳларига қуйидаги бир-қатор вазифалар юклатилган:

 1-ишчи гуруҳига: фойдаланилмаётган объектларни жойига борган ҳолда хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантиришни ташкил этиш;

фойдаланилмаётган объектларга нисбатан таъсирчан солиқ механизмини қўллаш бўйича давлат солиқ хизмати органларига хулоса тақдим этиш;

2-ишчи гуруҳига: фойдаланилмаётган объектларни ишга тушириш муаммоларини ўрганиш;

аниқланган муаммоларни ҳал қилиш ва фойдаланилмаётган объектларни ишга туширишга доир лойиҳаларни ишлаб чиқишда ва инвесторларни жалб қилишда мулкдорга кўмаклашиш;

фойдаланилмаётган объект ҳақиқатда хўжалик фаолиятига жалб қилинганлигини жойига борган ҳолда ўрганиш орқали таъсирчан солиқ механизмини тўхтатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига хулоса тақдим этиш.

Вазирлар Махкамасининг 666-сонли қарори талабларини бажариш аввало давлат органлари мансабдор шахсларининг зиммасига масъулият ва вазифалар юклатилган бўлиб, мансабдор шахсларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни қонун талаблари асосида бажармаслиги, яъни хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида манфаатдор шахсларнинг (тадбиркорлик субъектларининг) ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузилишига олиб келиниши мумкин.

Мазкур ҳолатда маъмурий судлар томонидан манфаатдор шахсларнинг шикоят аризаларига асосан давлат органларининг қарорларини (маъмурий ҳужжатларини) ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиши мумкинлиги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 189-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳатларининг асосий мақсади аввало қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгандир.

 

Нурафшон туманлараро маъмурий

судининг судьяси

М.Тошпулотов



Report Page