ТАРҒИБОТНИНГ ҒОЯВИЙ МИНБАРИ
SamTVR
Ҳуқуқ тарғиботининг турлари жуда кўп. Уларнинг энг самаралиси аҳоли билан юзма-юз учрашиб, суҳбатлашиш, уларни тинглаш, қийнаётган муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш, тўғри йўл кўрсатиб, ҳуқуқий маслаҳатлар беришдир. Судьяларнинг фуқароларнинг ҳузурига бориб дилдан суҳбатлашиши, уларнинг саволларига тўлақонли жавоб бериши, инсонпарлик йўлида дадил бораётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини оддий, тушунарли тилда тушунтириши одамларда қонунчиликка, судларга ҳурмат ҳиссини кучайтиради.

Самарқанд вилоят судининг судьяси А.Холбоев, ЖИБ Қўшработ туман судининг раиси И.Ғуломов, ФИБ Иштихон туманлараро судининг раиси Ф.Қаршиев, Иштихон туманлараро иқтисодий судининг раиси Н.Умаров Қўшработ туман Халқ қабулхонаси биносида "Аёллар дафтари"да рўйхатда турган хотин-қизлар билан учрашув ўтказди.

Йиғилишда бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, судларда аҳоли учун яратилаётган қулайликлар, қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан тушутиришлар берилди. Маърузалар расмийликдан йироқ, ўзаро суҳбат, оддий тушунтириш шаклида баён этилди. Шунинг учун савол-жавоблар ва фикр-мулоҳазалар кўп бўлди.

Шундан сўнг, аёллар дафтарида турган хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида алоҳида қабуллар ташкил этилди. Аёллар алимент, никоҳ, оилавий низолар, иш жойи билан боғлиқ масалаларда мурожаатлар қилишди. Ҳар бир мурожаатчига фикрини тўла-тўкис баён қилиши учун алоҳида эътибор қаратилиб, дилдан суҳбатлашилди, ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Аёлларнинг дардини эшитиш, тўғри йўл кўрсатиш, расмий тилда эмас, оддий, самимий оҳангда маслаҳат бериш кўп масалаларга ечим топади. Тадбирда шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди.
Темур БАРАТОВ,
Самарқанд вилоят суди судья катта ёрдамчиси.