ТАРЖИМА
Константин ПАУСТОВСКИЙ
ОДДИЙ МУШАМБА[1]
Тифлис атрофида машҳур Верия ва Ортачаль боғлари бор. У жойлар ёзда маза қилиб дам олишга, кунингни тараллабедод ўтказишга соз. Ҳар бир кичкина боғча кафе-шантан[2] ёки қовоқхонага айлантирилган. Оқшомда иссиқнинг тафти қайта бошлаши билан тифлисликлар шу ёққа қараб суради. Ўзига тўқлар – аравада, бундайроқлар – пойи-пиёда. Кафе-шантанчаларга дабдабали, дидсизларча номлар қўйилган. Энг қимматининг номи – “Эльдорадо”. Кейин ке-е-етди: “Фантазия”, “Сан-Суси”, “Шантеклер”, “Жентельмен”... Ортачаль боғларидан унча узоқ бўлмаган жойда “оромижон” дея таърифланадиган кўчалар бор. Кафе-шантанларнинг аксарият мижозлари аввал шу кўчаларга кирар, у ердан эса шанғи аёлларни етаклаб келишарди.
Тифлислик мардумни бу боғларда нима кутади? Салқингина ҳаво, оғизда эрийдиган қўйгўшти, ашулаю рақслар, қимор ўйинлари ҳамда офатижон бўлса-да, дағаллашиб кетган жононлар.
Чинор ва тут дарахтларининг соя-салқини одамни ўзига чорлар, шундоқ ёнгинасида бутун Тифлис – оташ бўлиб ёнаётган тоғлар қуршовидаги қайноқ ҳавзада чўзилиб ётар экан, бу салқиннинг қандай сақланиб туриши ғалати. Ваҳоланки, гир айлана юксакликлардан Тифлисга шунчаки қарашнинг ўзи ҳам юракка аллатавур ҳадик солади: чўғдай ланғиллаган Тифлис ҳадемай гувиллаб ёниб кетадиганга ўхшайди. Қайдам... бу салқин, эҳтимол, фонтанлардан уфурар ёки тоғдаги қорликларнинг нафаси боғларга сездирмай кириб келар... Шаҳарда фақат субҳи козиб чоғи андак нафас олса бўлади – уйларнинг бир нави совуган вақти шу ўзи. Қуёш Кахетиядан кўтарилсин, бўлди-тамом – шу заҳотиёқ шаҳарга тинка-мадорни қуритадиган жазирама қуйилади.
Врия боғларида чиқиш қиладиган ашулачилар орасида бир қиз бор. У анчайин эринчоқ, бели нозигу елкалари кенг, буғдойранг нозик бўйнидан ёшлик уфуради, бадани пушти атиргулни эслатади. Исми Маргарита.
Қизгина оқшомлари қўшиқ куйлайдиган кафе-шантандаги мижозлар унинг руслашган олмон эканини айтар, лекин боғнинг хўжайини бўлмиш тегманозик мингрел[3] бу гапни эшитса, ҳар гал катта жанжал кўтарарди.
– Миянг тескари бўпқолганга ўхшайди! – дея ариллайди хўжайин. – Фарангистон деган мамлакатни эшитмаганмисан?
– Ҳммм... эшитганман, – дейди оғзига маҳкам бўлмаган мижоз қовоғини уюб.
– Ўша мамлакатда Эльза деган губерня борлигини ҳам эшитганмисан? Эшитганмисан, а? Эшитган бўлсанг, бу – ўша губернядан, билдингми? Эль-за-дан! Асл француженка! Қанақа одамлар-а булар! Оддий нарсаларни билмайди! Муштлашишми – билади, қайтим бермасликми – билади, кўчада қизларга шилқимлик қилишми – билади, қартада фириб ишлатишми – билади, лекин мияни ишлатишга келганда – таққа-турум! – балониям билмайди!
Маргарита камдан-кам ҳолларда мижозлар билан тамадди қилишга рози бўлади. Улардан лоқайдларча, худди шундай бўлиши керакдек, майда-чуйда совғачалар олади. Кейин совғачаларни дугоналарига тарқатади... У ёппа-ёлғиз.
Сираси, қиз одамлар ҳақида, хусусан, эркаклар ҳақида нима деб ўйлайди – билиб бўлмайди. Кўплар уни жазман қилиб олмоқчи бўлади. Маргарита кам гапиради-ю, лекин аллатавр бошқача; эмишки, у иккиқаватли овозда куйлармиш.
Уни тинглагани опера артистлари ва мусиқачилар ҳам келади; овози силсилавий заиф акс-садо бераётгандек худди. Актёрларнинг айтишича, бу худди “кўз алдови”га ўхшаган “вокал алдов” эмиш. Ваҳоланки, ҳеч қандай иккинчи овоз йўқ. Одамлар бўлса ҳадеб шу гапни айтаверади, айтаверади. ўзича тортишаверади... Шундайку-я, лекин барибир Маргаританинг қўшиғини тинглаган одамга овозости овоз эшитилади. Худдики асосий овоз олтину, иккинчисини кумуш дейсиз!
Бир куни ашулачи ва мусиқачилар “Варяг” қовоқхонасини бутун оқшомга банд қилдилар. Маргаритани таклиф қилиб, мухлислар учун ёпиқ концерт уюштиришди.
Концерт тугагач, кекса дирижёр даст турди ва дедики: “Бани одамнинг овози энг мураккаб мусиқа асбоби, роялу скрипкадан-да мукаммал турур. Алалхусус, анинг овозида бир фурсатнинг ўзида ранго-ранг оҳанглар мавжуд ўлмоғи мутлақо мумкин ва табиийдур”. Маргарита бўлса бошини қуйи индиргача шароб ичиб ўтираверди. Қизил ипак кўйлаги сочларида ёнғиндай мавжланади. У гоҳ-гоҳ нигоҳларини ердан узиб, стол атрофида ўтирганларнинг барини кўздан кечиради, бироқ қорачиғининг хира тубларида на кулги бор, на олов.
Баланд бўйли, эски пиджак кийган қоқшол бир гуржи йигит эшик кесакисига суянганча қимир этмай Маргаритага термулади. Унинг юзи ҳам чўкиб кетган, кўзлари ғуссали боқади. Бу – дайди рассом Нико Пиросманиишвили. У Маргаритани севади. Маргарита унинг бутун оламдаги яккаю ягонаси! Ернинг Маргарита пойи қадами тегмаган ҳар бир қаричи унга дашту саҳро бўлиб туюлади. Ўша пойи қадам етган тупроқ эса илоҳий бир макондир унинг учун – ул тупроқнинг ҳар зарраси нақ олмосдай пориллайди.
Ўртамиёна форс шоирлари худдики Пиросманининг туйғуларини шеърга айлантиргандек. Роса санъатпардоз бўлса-да, ўша форсийларнинг ёзганларида барибир ҳақиқат бор.
Маргаританинг овозини эшитмаган кун Нико учун нақ дўзахнинг ўзгинаси бўлади.
Мажнунона ишқ соппа-соғ одамда ҳам номурод хоҳиш-истакларни туғдиради. Инсон овозини ўпиш ёки сайраётган зарғалдоққушнинг бошини силаш ва ёхуд ҳаммаёқни чангитиб, чириқ-чириқ қилиб бозорга айлантирган чумчуқларга қўшилиб кулиш қайси бинойидай одамнинг хаёлиига келади дейсиз?
Пиросманида баъзан Маргаританинг қўшиқ куйлаганда дириллайдиган томоғига оҳиста қўл теккизиш, туғёнга тўла муҳташам садолар барпо этаётган синоатли товушга, иссиқ ҳаво оқимига нафаси билан тегиниш каби ғайритабиий истак туғилади.
Одамлар улуғвор муҳаббат инсонни таслим этади, дейди. Лекин Никонинг муҳаббати Маргаритани таслим этолмади. Жуда бўлмаганда, ҳамма шундай деб ўйлар эди. Аслида шундаймиди – буни ҳам билиб бўлмайди. Никонинг ўзи-да бирнима деёлмасди. Маргарита худди тушда яшаётганга ўхшар, унинг қалби ҳамма учун таққа-тақ ёпиқ; одамлар эса аёлнинг ҳуснига ошиқ эдилар. Маргарита ташқи кўринишига эътибор билан қараб, чиройли кийиниб юрса-да, унинг ўзига бу гўзалликнинг лозимати умуман йўқдек бир тасаввур туғдирарди.
Шойи кўйлакларини шитирлатиб ва шарқона атирлар сепиб юрадиган Маргарита мукаммал аёлликнинг мужассами бўлиб гавдаланади. Лекин бу гўзалликда мудҳиш алланима бордек, чамаси, буни унинг ўзи ҳам ҳис қиларди гўё... Пиросмани ердан чиқдими, осмондан тушдими – аниғини ҳеч ким билмай қолди. Кейинчалик – ўлимидан кейин Кирилл Зданевич[4] унинг ҳаётига оид маълумотларни бўлак-сўлак қилиб тўплади ва тўлиқ таржимаи ҳол яратди.
Пиросмани 1862 йилда Кахетиянинг Мирзаки қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилган. Бола чоғидаёқ ота-она уни Тифлисдаги бой-бадавлат гуржи оиласига хизматкорликка беради. Пиросмани йигирма ёшигача шунда ишлайди; кейин эса Закавказье темир йўлларида кондуктор бўлиб ишга киради. Расм чизишни ўшанда бошлаган. Илк марта станция бошлиғи ва унинг хотини портретини ишлайди. Аниқки, бу портрет эмас, карикатуранинг нақ ўзи эди, чунки станция бошлиғи суратни кўриши билан Пиросманини ишдан ҳайдаб юборади.
Нима қилиш керак? Пиросмани Тифлисдаги камбағалларнинг аксарияти қиладиган шубҳали ва тубан, алдовга асосланган ишларни қилолмас, иллоким, у ниҳоятда софдил ва мағрур эди. Йўқ, у такасалтанг ишсиз ҳам, тифлислик яримйўқсил, қувноқ ва безбет майда савдогарлардан ҳам эмасди. Ўша савдогарларга ўхшаб ҳаводан, латифадан, ҳаёсиз ҳазил-ҳузуллару, эшакдай ҳангиллашлардан пул қилишни билмасди.
Бир фурсат майдон четида сут ҳам сотиб кўрди, фойда ҳаминқадар бўлди. Бора-бора ўша иш ҳам бадига урди. У мусаввирликни, фақат ва фақат чизишни севар, хоҳларди. Аввал-бошлаб ўзининг дўконини гулдай бежаб ташлади. Ўзи чизган илк расмларини кимларгадир тортиқ қилди, бундан одамларнинг хурсанд бўлганини кўриб, ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис этди.
Баъзан картиналарини, майдондагиларнинг таъбири ила айтганда, “картинка”ларини ҳар тур керак-нокерак ашқол-дашқолларни олиб-сотувчиларга сотарди. Ўша ашқол-дашқоллар ажнабийчасига аллатавр “брик-а-бра” деб аталар, уларнинг хос харидорлари бўларди. Олибсотарлар бу “брик-а-бра”ни ниҳоятда жозибали ва чиройли сўз деб билар, аммо на сотувчиларнинг ўзи, на Пиросмани, на харидор тушунарди бу сўзга.
Иллоки, бу сўз ҳам иш бермади. Харидорлар ҳайрон бўлар, ҳатто ҳадиксираб, пировардида расмларни олмай қўяқолдилар. Олибсотарлар эса Пиросманига арзимас чойчақа бердилар.
Шундай қилиб Пиросмани оч-наҳор қола бошлади. Баъзан бош айланиши ўтиб кетгунча бирон уй ёки дунёмиз қадар кекса ва чанг босган дарахтга суяниб, сассиз ўтирарди.
Юртга, она қишлоққа қайтиш фурсати етди. У ерда эса Пиросманининг бошига маиший ва оилавий урф-одатларнинг бутун оғирлиги тушиши аниқ. Қариндош-уруғлару қўшниларни ҳайратга солиб, рассом қишлоқдаги уйига ҳам бошдан-охир расм чизиб чиқди.
Кейин эса ўша уйда хос базм уюштирди-ю, кейин шу қишлоқча тантана тасвирланган тўртта картина чизди. Хослиги шунда эдики, мазкур базмда бойлар қатнаштирилмади. Меҳмонлар шароб тўла қадаҳларни баланд кўтариб қойим турар, баъзилари ўтирволган, ҳатто чўзилиб ётганлари ҳам бор. Бу пўрим ва ҳаяжонли оломон рассом томонидан довлик ила тасвирланган.
Пиросмани, ниҳоят, ўзича зўр деб билган бир йўл топди: Тифлисга қайтиб келди, бир неча маротабалик тушлигу кечки тамадди ва шароб эвазига кичкина қовоқхоналарга пешлавҳалар чизиб бера бошлади. Иш ҳақининг бир қисмини бўёқ харид қилиш ва тунашжойи ижараси учун пул шаклида оларди. Лекин барибир расм чизиш учун керакли ул-булни сотиб олишга пули етмасди. Қовоқхона соҳиблари эски тунука пешлавҳаларнинг устини бўяб, чизиб бер, дердилар. Лекин Пиросмани бунга кўнмади. Тунука пешлавҳалар занглаб кетган. Пиросмани яхши билардики, махсус таҳсил олмаган, русларнинг таъбири билан айтганда “самоучка” (“худра”) бўлса-да, ранглар ва нақшларнинг оҳорилиги, мустаҳкамлиги бобида ўзи буюк рассомлар билан бемалол рақобатлаша олади (у ўша буюкларнинг картиналари нусхасини кўрган). Ҳатто нақ Делакруа билан ҳам рақобатлашиши мумкин – бу мўйқаламчи ҳақда буюк рассом бўлишни орзу қилган бир гимназист гапириб берганди унга.
Керакли дов-дастгоҳ йўқ, нима қилсин – Пиросмани қовоқхоналарда, ҳатто энг арзон-гаров қовоқхонада ҳам топиладиган ягона нарсага – столлардан йиғиштириб олинган оддий мушамбаларга чиза бошлади. Мушамбалар оқ ва қора, Пиросмани лузуматига қараб мушамбанинг бўялмаган бўлагини қолдириб кетиб чизар эди. Кейин шу усулни портретларга ҳам қўллади. Шу усулда яратилган айрим суратлар фавқулодда ажойиб эди!
У чизган “Князь” деб номланган сурат хотирамга қаттиқ муҳрланган. Расмда қора черкеска кийган рангпар чол тап-тақир унумсиз ер узра қўлида шох-қадаҳ тутиб турибди. Орқасида худди харитадаги каби тоғли Кавказ суроби кўзга ташланади. Князнинг черкескаси мушамбанинг қоп-қора қалам теккизилмаган бўлагига тўғри келган, субҳнинг хира ёруғида аниқ-тиниқ ажралиб турибди. Тонгги бу яхтилик қандай бўёқ билан берилганига эса ҳеч ақлим етмади.
Мана шунақанги портретлари учун рассом иши бирмунча юришиб кетган чоқларда 20-30 рублча пул топарди.
Пиросманининг биллурдай узумлар, қовоқлару сабзиранг хурмолар, қуюқ мандарин боғлари ва турли-туман ўт-ўланлар, бақлажон, сихкабоб, пишлоқ ва қовурилган “локо” балиғидан тузилган натюрмортлар тасвирланган пешлавҳалари мижозларга маъқул эди. Лекин бунақанги натюрмортларни тинмасдан чизишга унинг кучи етмайди. Меъёрдан ошиш, ҳар қандай замону маконда бўлгани каби, одамни зериктириб юборади. Шунда Пиросмани деҳқонларнинг камбар дастурхонларига ўт-ўланлар устида уюштирилган гавжум базмларни чиза бошлади. Энди пешлавҳаларда одамлар, табиат манзаралари, турли ҳайвонлар, асосан сабру чидамда қойим эшаклар пайдо бўлди.
Баъзан Пиросмани ва хўжайин биргаликда духанга[5] ном топардилар. Ном қанча мураккаб бўлса, шунча маъқул келар, Пиросмани мийиғида кулганча шундай деб ёзарди: “Электр кабоблар”, “Ёлғиз ўзинг ичма!” Бунақанги жозибали номларга, айниқса, Озургети, Ахалкалаха ёки Сагарежо сингари гуржи қишлоғи одамлари жа-а ошиқ эдилар.
Мен Пиросманини кўра олмадим: мен Тифлисга келгунимга қадар у вафот этган экан.
Пиросманидан бой мерос қолди. Унинг расмларини Кирилл Зданевич йиллар давомида, битта-битталаб йиғди. Рассомнинг жамийки асарларини топди; ажойиб санъаткор меросини қутқариб қолишдек бир қаҳрамонлик кўрсатди, деса ҳам бўлади. У топганларининг ҳамма-ҳаммасини давлатга, аниқроғи, халққа туҳфа этди.
1913 йилда Кирилл Зданевич Петроградда Гончарова ва Ларионовлар билан учрашди. Бу рассомлар Петроградга Молдавиядан ташриф буюрган, Тирасполдан[6] ўзлари топган, санъат асари дегудек пешлавҳаларни олиб келган эдилар.
Пешлавҳалар Кирилл Зданевичга жуда ёқди. Орадан ҳеч қанча ўтмай у Тифлисда “Варяг” духанида санъаткорона яратилган яна бошқа пешлавҳаларни кўриб қолди ва уларни сотиб олди. Булар Нико Пиросманишвили деган номаълум рассом томонидан чизилган эди. Кириллнинг деҳқон, духанчи, саёқ мусиқачилар, қишлоқ ўқитувчиларидан таниш-билишлари кўп бўлиб, у ўшаларга Пиросманининг картина ва пешлавҳаларни топишни буюрди. Духанчилар аввалига пешлавҳаларни арзон-гаровга сотдилар. Тезда бутун Гуржистон бўйлаб Тифлисдан аллақандай бир рассом бу расмларни хорижга олиб кетиш учун сотиб олаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди; духанчилар энди нарх устига нарх бича бошладилар.
Кирилл ва қария Зданевичлар ўша маҳалда жуда камбағал эдилар. Пиросманининг картиналарини сотиб олиш учун менга ҳам баъзан оиламни қуруқ нон-сувга ўтқазиб қўйишимга тўғри келган. Мария[7] энг охирги сирғаси ёки энг охирги пиджагини сотиб келгани Дезертир бозорига югурарди. Кирилл озгина пул топиш умидида бутун Тифлисни айланар, қария[8] вояга етмаган жужуқлари учун тўланадиган пулни олдиндан олар эди.
Ниҳоят, қошлари уюлган Кирилл (у қанча ҳаяжонланса, қошлари шунча уюлади) бир картинани олиб келди. Бир сўз демай уни очди ва “Қалай?” деди – расм шундан кейин бир неча кун меҳмонхонанинг тўрида осилиб турди. Секин-аста Кириллнинг ҳаяжонлари босилди. Кейин эса санъат ихлосмандлари оқиб кела бошлади. Менинг хонамдаги ҳамма гап-сўзлар меҳмонхонада баралла эшитилар, пировардида мен ҳамма янги картиналар тарихини сувдай ёдлаб олдим.
Менинг Пиросмани билан танишувим Тифлисга келган илк кунимоқ рўй берди.
Боя ҳам айтдим, хонамнинг деворларига бошдан-оёқ Пиросманининг мушамбалари осилган эди.
Келган куним уларга бир қур назар солдим. Тифлисда қиш ҳукмрон, шу боис хонам олақоронғу. Негадир тушуниксиз бир ҳаяжон қамраб олди: мени худдики қўлимдан тутиб ҳайратланарли, мўъжизалар мамлакатига оборишган, у жойлар менга олдиндан маълум ёки тушимда кўрганману, у мамлакатга бориш, уйғониб ҳаммасини ўз кўзларим билан кўришга ошиқар эдим. Қалбимда ўша ғалаён билан ухладим – номаълум картиналар туғдирган ғалаён билан; улар мени жимгина ўраб олган ва менга кўз узмай тикилаётгандек туюларди.
Жуда эрта уйғондим. Қуёшнинг тиғдор нурлари қаршидаги деворга қия тушиб турибди. Ўша деворга қарадим ва ўрнимдан сакраб турдим. Юрагим қаттиқ-қаттиқ, тез-тез ура бошлади.
Девордан аллақандай бир жонивор менинг кўзларимга безовта ва саволомуз қаттиқ тикилиб турар, у нимадандир худди азоб чекаётгандек, бу азоб бамисли тордек таранг, бироқ жониворнинг ул изтиробни сўйламоққа рағбати етмасди. Бу жирафа эди. Оддийгина жирафа. Пиросмани уни Тифлисдаги эски молхонада кўрган бўлса керак.
Мен чирт ўгирилдим. Лекин жирафа менга қаттиқ тикилаётганини, қалбимда нималар кечаётганини билиб турганини ҳис этдим.
Бутун уйга ўлик жимлик чўккан. Ҳамма ухлаб ётибди. Мен жирафадан нигоҳларимни четга олдим ва шу заҳотиёқ у эски ёғоч чорчўпдан чиқиб, мен билан ёнма-ён тургандек бўлди; у менинг оддий, аммо муҳим бир нимани айтишимни ва шу билан сеҳр-жодуни ечиб, уни қуруқ, чанг босган мушамбага кўп йиллик кишанбандликдан озод қилиш ва унга жон бағишлашимни кутар эди.
Ногаҳон ҳовлидан одамникига ҳеч бир ўхшамаган қичқириқ эшитилди: “Мацони!! Мацони!!” Мацони, яъни кавказча қатиқ сотадиганларнинг ҳаммаси бир хилда бўкириб-қичқирар эдилар. Улар мацони кўзалари солинган хуржунларни эгарга юклаб шаҳар бўйлаб тарқатар, эшаклари бўлса қоп-қора, исқирт – худди пойгага тўшалиб, ҳар ким оёғини артиб ўтган тўшамага ўхшарди.
Қатиқфурушнинг қичқириғидан қалтираб кетдим, томоғимдан ингроқ отилиб чиқди. Лекин қалтироқ ўтиб кетмади. Ўзимни тутишга ҳаракат қилдим, яна инградим. Жирафа ҳам хира тортган мушамбасига кетди. Кахетиянинг бўзранг қуёши дераза кесакисига нур отарди. Шундоқ ёнгинамда қўрқиб кетган Марияни, унинг қия кесилиб, ёноқларига тушиб турган каштанранг ялтироқ соч тутамини, кейин эса Валентина Кирилловнани[9] кўрдим. Кирилловна менга кўзойнак устидан син солиб қарар эди. Шундагина безгак – энди Тифлисда ҳам – қаттиқ хуруж қилаётганини тушундим.
Валентина Кирилловна кетди. Мария бўлса пешанамга совуқ сочиқ босди, устимга эгилиб, иссиғимни ўлчаш учун юзини лабларимга теккизди. Худди узоқдан эркалаганга ўхшаб кетадиган ҳамшираларча бу қурбатни миннатдорлик ила ҳис этдим.
Ҳадемай Пиросманининг деярли ҳамма картиналари билан ошно бўлиб қолдим. Улар менинг Кавказни – мураккаб ва айни чоқда мозаикадай гўзал Кавказни англашим, севиб қолишимга восита бўлди.
Мусаввир мен учун Гуржистон, унинг халқи, тарихи, табиатининг пиросманиёна идрок этилган гўзал ва сарбаст қомусига айланди. Кавказнинг Тифлис узра ёйилган афсунвор ойдин кечаларидан тортиб, Шомил этагидаги тоғларнинг қуёш қовжиратган манзараларигача менинг хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди.
Пиросманининг юзлаб қоқсуяк деҳқонлари, қувноқ боғбонлари, камбағал ва серҳадик аёллари, балиқчилари, қалин мўйловли димоғдор бойлари, соқолллари қўлидаги супургисига ўхшаб ҳурпайган тифлислик фаррошлари, лоқайд мусиқачилари Зданевичнинг квартирасида озгина чанг ўтирган мушамбаларда тўда-тўда бўлиб уймаланишарди. Дамба-дам кимдир-биров ҳали у, ҳали бу картинани эслаб қолар ва ўша ҳақда қизиқарли бирон нимани сўзлаб берарди.
Пиросмани картиналарининг аксарида одамлар тасвирланган, айни чоқда шер, кийик, буйвол, жирафа, туя ва рассомнинг забонсиз дўстлари бўлмиш эшаклар сингари турли-туман ҳайвонлар ҳам уларда алоҳида ўрин тутади.
Санъат ҳамиша қалбга таъсир қилади ва уни бирозгина маъюслантиради ҳам. Гўзалликнинг бу шоён қурбати хотирдан асло ўчмайди.
Инсон ўз қалбининг самовий ва қанотли лаҳзасини ҳеч қачон унутмайди, бу лаҳзани унга улуғвор шеърнинг биргина – ҳа биргина! – сатри ёки тасвирий санъатнинг ўз гўзаллигини бизга етказиш учун асрлар оша етиб келган намунаси ҳадя этади.
Башарти, Пиросманини билмаганимда, Кавказ менга фотосуратга – ранг ва сояларсиз, тафсил ва тарҳларсиз, яримшарқий ва яримовруповий кенгликларининг мовий туманларисиз – хира фотосуратга ўхшаб кўринган бўларди.
Пиросмани Кавказни мен учун мева шарбатлари ҳамда қуруқ рангларнинг ўткирлиги билан тўлдирди. У мени қалбни қувонч ва аллатавр ноаён ғусса бир вақтнинг ўзида чулғайдиган ошёнга ошно этди. Гуржи гўзалларининг кўзи худди шу хил шодлик ва қайғу ила порлайди. Улар воқеан тез ва осонгина одамлар тўдаси ичига кириб ғойиб бўладилар; ваҳоланки, шоирнинг ушмундоқ дилгир илтижоси уларга қаратилгандир:
Менга бир боқ, генацвале![10]
Генацвале, менга бир боқ!
...Ёзнинг зикр этилаётган тонги аввал-бошда ўз турдошларидан ҳеч бир фарқ қилмасди. Ҳаммаси ўша-ўша: қуёш ҳаммаёқни ёндирганча Кахетиядан кўтарилиб келар, телеграф симёғочларига боғлаб қўйилган эшаклар ҳамон ўшандоқ ҳанграр, қора мўйловли одамлар ўшандоқ баджаҳл тусда катта-катта бидонларни кўтариб ва уй бекаларига керосин таклиф қилиб “Нафт! Нафт!” деб қичқирганча кўчалардан ўтиб борар эдилар. Ҳа, ҳаммаси ал-мийсоқдан қолгандек: Кура дарёси Эшаккўприк яқинидаги тегирмон ёнида гувиллайди, яккам-дуккам йўловчини олиб кетаётган трамвайлар баралла жиринглайди. Тонг Сололакининг торкўчаларидан бирида мудрайди, соялар эса вақт ўтиши билан ёғочлари кулранг тусга кирган пастак уйларда чўзилиб ётади.
Шунақанги уйларнинг бирида, иккинчи қаватдаги кичкина деразалар ланг очилган, бу уйда кўзларини қизғиш киприклари билан тўсган Маргарита ухлаб ётибди. Сололаки устида эса Давид тоғи, фуникулёр[11] ва Грибоедовнинг қабри ялтироқ сатҳда акс этгандек кўриниб турибди. Қабр печакўт билан қопланган. Мен Давид тоғига, муқаддас Мтацминдага тез-тез бориб турар, у ерда буюк гуржи шоирлари бўлмиш Илья Чавчавадзе ва Акакий Церетелининг қабрларини кўргандим. Бу шоирлар услубида лиризмнинг сарказмга уйғунлашиб кетиши гуржи адабиётига алоҳида чуқурлик бахш этган ва уни мумтоз тиниқликнинг кескину нозик ҳавоси билан чирмаган эди. Кейин Мтацминда тоғи гуржи Некрополига айланди. У ерда тафаккурининг кенглиги ва инжалиги билан ҳайратга соладиган замондошимиз Тициан Табидзе дафн этилган.
Дарвоқе... мен чалғиб кетдим.
Башарти бугун Нико Пиросманишвилининг туғилган куни эканини ва айнан шу тонгда Сололокининг торкўчасида ҳафиф ва ноодатий юк ортилган аробалар пайдо бўлганини ҳисобга олмасак, тонг, умуман, мутлақо одатий эди.
Юк шу қадар сабуквор эдики, аробалар ҳатто ғижирламас, фақатгина кўприкнинг тошлари устидан сакраганда эшитилар-эшитилмас гумбурларди.
Аробаларга сув сепилган гуллар тоғ қилиб уюлган, сувлар боис гуллар худди юзлаб мўъжаз камалакчалар билан қопланганга ўхшаб кўринарди.
Юклар Маргаританинг уйи олдида тўхтади. Аравакашлар ўзаро пичирлашиб олганча, гулларни тушириб йўлак ва кўприкдан уй бўсағасигача сочиб чиқа бошладилар.
Илк аробалар қайтиб кета бошлагач ва бутун кўприк гуллар билан кўмилгач, уларнинг ўрнида бошқалари пайдо бўлди. Бу аробалар гўёки нафақат Тифлис, балки бутун Гуржистон гулларини шу ерга ташиб келар, Сололаки кўчаларини нозик ифорлар тутиб кетган эди.
Деразалар ортида аёллар кўрина бошлади. Улар қатрон сурилган сочларини ошиғич тарар ва ғаройиб манзарага ҳарислик билан боқардилар: аравакашлар – йўқ, “Минг бир кеча”даги афсонавий туякашлар эмас, оддийдан-оддий арвакашлар бутун кўчани – худди уйни иккинчи қаватигача ҳам гул билан ўрайдигандек – чечакларга тўлдириб ташладилар. Болаларнинг кулгиси ва уй бекаларининг қий-чуви Маргаритани уйғотиб юборди. У тўшакка ўтирди, хўрсинди. Ҳаво гул ифорларининг бус-бутун денгизи – мусаффо, майин, ёрқин ва инжа, фараҳли ва қайғули ифорлар денгизига чўмган эди. Бу, эҳтимолки, она Заминимиз устидаги тунги юлдузлар мамлакатидан оҳиста сузиб ўтган самовий жисмлар қолдирган ифор; эҳтимолки, оддий гул уруғи қобиғида узоқ фурсат қамалиб ётган ва сув, иссиқлик ҳамда тупроқнинг кучли минераллари таъсирида озодликка чиққан куртакнинг ҳиди эди.
Кўчанинг ҳар икки бошида тўпланган одамлар шовқин-сурон солар, зотан, улар тушуниксиз бир манзаранинг гувоҳи бўлаётирлар. Бу тушуниксизлик уларни довдиратиб қўйган, шунинг учун ҳам одам тиззагача ботадиган бу гул-гиламга қадам босишга ҳеч бир кимса журъат этолмади. Болалар-чи? Улар бу гул ғарамлари ичида ҳатто йўқолиб қолишлари ҳеч гапмас. Шу боисдан ҳам дабдаласи чиқиб кетган, ҳар битта ёриғигача таниш остоналарига пешвоз келган ғаройиб асрорни англаганларидан завқу ғурур туйган аёллар эса – ҳадеб юваверганларидан улар остоналарнинг ҳар битта ёриғини жуда яхши биладилар – жужуқларининг қўлидан маҳкам ушлаганча, қўйиб юбормас эдилар.
Бу ерда йўқ гулнинг ўзи йўқ! Санаб адоғига етолмайсан!
Кузги Эрон ёсумани. Унинг ҳар бир митти гулкосачасида қум заррасига ўхшаган тотли жимит томчи яширинган.
Кумуш япроқли қуюқ акас.
Ёввойи дўлана – у ўсган замин қанча тошлоқ бўлса, ҳиди шунча ўткир бўлади.
Нафис гунафшаранг фариштагуллар, бегония ва ранг-баранг айиқтовонлар.
Пушти тутун ичидаги нозик учқатлар, қизил карнайгулли искандарпечонлар, нилуфарлар, бир томчи бўлса-да қушнинг қони тўкиладиган чўққиларда ўсадиган қизғалдоқ, настарин, саллагул ва атиргуллар, атиргуллар!
Атиргуллар! – рўйи арзда қандай ранглиси, қандай ҳидлиси бўлса, ҳамма-ҳаммасидан бор – қорасидан тортиб оқигача, тиллойисидан тортиб тонг ёғдусига ўхшаган оч пуштисигача.
Ва яна минглаб хил гуллар...
Ҳаяжонланиб кетган Маргарита ҳеч нимага тушунмаган бўлса-да, тез кийинди. Энг чиройли, энг қиммат кўйлагини кийди, оғир билагузукларини тақди, оловранг сочларини турмаклади ва кийина туриб ўзи ҳам нимагалигини билмаган ҳолда жилмайди. Кейин баралла кулиб юборди. Кетидан эса кўзкосаларида ёш айланди, бироқ қиз у ёшларни артмади, фақатгина шиддат билан бошини ирғади. Бу шиддатдан кўзёш томчилари ҳар тарафга сочилиб кетди. Сочилиб кетди-ю, узоқ вақт кўйлагида ялтираб турди. Бу тантана ўзига аталганини сезди. Лекин ким қилди бу ишни? Қандай муносабат билан? Бугун Пиросманининг туғилган куни эмасмиди, деган ўй ялт этди шуурида. Эҳтимолки, бу гул хирмонларини қарийб хаёлдан кўтарилган ўша кун муносабати билан эсдалик учун Пиросмани юборгандир?
Лекин нима учун Маргаританинг эмас, ўзининг туғилган кунида жўнатади?
Шу маҳалда оппа-озғин ва рангпар одам – ягона шу одам гуллар ҳосил қилган чегарани кесиб ўтишга ва гуллар устидан юриб Маргаританининг уйи томон боришга журъат этди. Одамлар уни танидилар ва тилларини тишлаб қолдилар. Бу камбағал рассом Нико Пиросманишвили эди. Бунча гулни сотиб олишга у ақчани қаердан олдийкан? Шу-уунча пул ахир!
У деворларга қўли билан суяна-суяна Маргаританинг уйига томон борди.
Одамлар Маргарита унинг пешвозига югуриб чиққанига гувоҳ бўлдилар – унинг бу қадар очилиб кетганини ҳозиргача ҳеч-ҳеч кўрган эмасдилар! – қиз Пиросманининг қоқсуяк ва хаста елкаларидан қучиб, эски чакмонига юзларини босди.
– Нега, – деди Маргарита бўғилиб, – нега ўзингни туғилган кунингда менга дунё-дунё бу гулларни совға қилдинг? Ҳеч нарсани тушунмаяпман, Нико...
Пиросмани жавоб бермади. Лекин ўша жавобсиз ҳам Маргарита бутун борлиғи билан, бутун руҳи ва томирларида оқаётган бутун қони билан муҳаббатнинг чўнг қудратини ҳис этди ва илк бор Никони қаттиқ ўпди. Қуёш ва осмон гувоҳлигида, оддий одамлар – Тифлиснинг Сололаки квартали аҳолиси олдида уни ўпди. Айримлар кўзёшларини яшириш учун юзларини ўгириб олдилар. Одамлар ўйлар эдиларки, улкан муҳаббат бир куни севгилингга, қалби тош бўлса-да, барибир йўл топади. Чунки ҳамма Пиросмани Маргаритани севишини, бунинг эса унда мутлақо кўнгли йўқлигини, фақат аччиқ ва омадсиз қисмати учун унга ачинишини биларди...
Пиросманининг севги қиссасини ҳар ким ҳар хил сўйлаб юради. Мен ўшалардан бирини ҳикоя қилдим. Бу ишқ қиссасининг ҳақиқатига у қадар аҳамият бермай мухтасаргина қилиб ёзиб олдим. У ёғи билан энди инжиқ ва синчи одамлар шуғуллана қолишсин. Лекин бир нарсани айтмасам бўлмайди. Иллоки, бу – рўйи Заминдаги заҳри қотилдай аччиқ ҳақиқатлардан биридир: ҳеч қанча фурсат ўтмай Маргарита ўзига бой-бадавлат жазман топиб олди ва ўша билан қочиб кетди.
Рус тилидан Нодира ОФОҚ таржимаси
Нодира ОФОҚ, 1966 йилда туғилган.
[1] Мушамба – клеёнка. . «Клеёнка» сўзининг таржимаси учун турк тилидан олинди.
[2] Кафе-шантан – ашула ва рақслар ижро этиладиган очиқ саҳнали кафе ёки ресторан.
[3] Мингреллар – гуржи халқи таркибидаги этник гуруҳ. Гуржистоннинг ғарбида яшашади.
[4] Кирилл Зданевич – гуржи рассоми, 1892-1969 йилларда яшаган. Шоир, ёзувчи ва драматург Илья Зданевичнинг акаси.
[5] Духан – Кавказда кичкина ресторан, қовоқхона.
[6] Тирасполь – ҳозирги Моловадаги шаҳар.
[7] Мария – поляк рассоми, Зданевичлар билан бирга яшаган.
[8] Қария – Зданевичлар оиласи бошлиғи, гимназиянинг собиқ фаранг тили ўқитувчиси.
[9] Валентина Кирилловна – катта Зданевичнинг хотини, Илья ва Кириллнинг онаси.
[10] Генацвале – жон дўстим, азизим, балонгни олай маъноларида.
[11] Фуникулёр – одамлар ва юкларни ташиш учун тепадаги осма рельслардан юрадиган транспорт тури.