ТАРОВЕҲ НАМОЗИ НЕЧА РАКАТ?

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ НЕЧА РАКАТ?

@Muxlisuz


Рамазон ойида хуфтон намозидан сўнг адо қилинадиган таровеҳ намози суннати муаккададир. Эркаклар масжидда жамоат билан ўқиса, аёллар уйида адо қилади. Баъзи фуқаҳолар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда айтган Рамазондаги тунги ибодатдан мақсад таровеҳ намозидир», дейишган.

Таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ушбу йигирма ракатни ўнта салом ва бешта тарвиҳа (дам олиш)да адо қилинади. Ҳар икки саломдан сўнг дам олинади.

Тўрт мазҳаб уламолари таровеҳнинг йигирма ракат эканлигига бу ҳадисларни далил қилишган: Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Рамазон ойида саҳобалар таровеҳни йигирма ракат ўқишарди» (Имом Байҳақий ривояти).

Абдулазиз ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинада Убай ибн Каъб Рамазон ойида одамларга йигирма ракат (таровеҳ) намозини ўқиб берарди ва витрни уч ракат ўқирди».

Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ «Муғний» номли китобларида таровеҳ намозини йигирма ракатлигига ижмо қилинганини келтиради ва Имом Моликнинг «Таровеҳ ўттиз олти ракатдир», деган сўзларига раддия сифатида бундай ёзади: «Рамазон ойида қоим бўлиб ўқиладиган таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ушбу намозни биринчи ўқиган одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Ушбу намозни Умар розияллоҳу анҳу жорий қилган, дейилишининг сабаби эса, у киши Убай ибн Каъбни имом қилиб, бу намозни жамоат бўлиб ўқишни жорий қилган биринчи шахс ҳисобланадилар.

Али розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Рамазон ойида масжидлар олдидан ўтиб кетаётганларида уларнинг шамчироқлар ила ёритилганини кўриб: «Бизнинг масжидларимизни ёритган Умарнинг қабрини Аллоҳ ёритсин», деб дуо қилганлар. (Яъни Умар (розияллоҳу анҳу)нинг қилган ишларини маъқуллаганлар.)»1

Икки улуғ масжид – Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавийда саҳобалар давридан бошлаб то ҳозирги кунимизгача таровеҳ йигирма ракат қилиб ўқилади.

Миср, Мағриб, Ливия, Қувайт, Қатар, Сурия, Покистон, Ҳиндистон каби ўлкалардаги деярли барча масжидларда таровеҳ намозини йигирма ракат ўқишади.

Юқорида айтиб ўтилган маълумотлардан ер юзидаги барча мусулмонлар таровеҳни йигирма ракат ўқишлари аён бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак ҳадисларида: «Менинг умматим залолатда жамланмайди», деганлар. Демак, таровеҳни йигирма ракат ўқиш суннат ҳисобланади.

Устоз Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

1 Ибн Қудома. “Муғний фи фиқҳил Ҳанбалий”. 2-жуз. 167-бет.


Устоз Одилхон қори Юнусхон ўғлининг расмий Теlegram каналига обуна бўлинг
👉https://telegram.me/Muxlisuz

Report Page