ТАРИХНИНГ МАШҲУР ФИРИБГАРЛАРИ

ТАРИХНИНГ МАШҲУР ФИРИБГАРЛАРИ


 

АҚШлик Жозеф Уэйл XX асрнинг энг машҳур қаллобларидан бири. У ҳатто «фирибгарлар қироли» лақабини олган.

Бир куни Ж.Уэйл Мунсидаги Миллий савдо банки бошқа жойга кўчиб ўтаётганидан хабар топади. Шундан кейин у ўша бўшаган бинони ижарага олиб, сохта клерк (ҳужжатларни расмийлаштирувчи кичик хизматчи) ва мижозлар гуруҳини тузади ҳамда қизғин банк фаолияти кўринишини «саҳналаштиради».

Ушбу бутун бошли шоу ер майдонларини тўрт баравар қимматга сотиш таклиф этилаётган бир маҳаллий миллионер учун уюштирилганди. Бунда мижоз банк хўжайинини кутган маҳалда кассадаги навбатлар, қоғоз кўтарган ходимлар ҳамда қўриқчиларни кузатиш, телефонда суҳбатлашаётган «мижозлар»нинг сўзларини беихтиёр эшитиш имкониятига эга бўлганди.

Хуллас, “банк бошлиғи” харидорни толиққан ҳолда ва норози кайфиятда кутиб олди, бироқ ўзини савдо-сотиққа кўндиришларига йўл қўйиб берди...

Ер майдонларининг олди-сотди шартномаси сохта бўлиб чиққанини англаб етган миллионернинг аҳволини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Кейинги куни эса ўша манзилда банкдан асар ҳам қолмаганди.

***

Ака-ука Гохманлар XIX асрда Одессада яшаган. Уларнинг қадимий ва ноёб буюмлар сотиладиган дўкони бўлиб, у ерда мижозларга ҳақиқий тарихий ва антиқа маҳсулотлар билан бирга қалбакилари ҳам таклиф этиларди.

Кунлардан бирида бойликка ўч Гохманлар енгил пул топиш иштиёқида чиндан-да мислсиз бир тадбирни ташкил этишга қарор қилишди. 1896 йилда улар Лувр музейига скифлар шоҳи Сайтафарннинг нодир тиараси (бош кийими)ни 200 минг франк эвазига сотишга эришишди. Етти йил давомида ушбу мўъжизани кўриш учун Парижга бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюришди. Саккизинчи йили эса Монмартрдан келган моҳир рассом ва ҳайкалтарош Эллин Майенс унинг сохта эканини фош этди.  

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.

Report Page