ТАРБИЯ ДОИМ НАСИҲАТ ЁКИ ИБРАТ БИЛАН БЎЛАДИ

ТАРБИЯ ДОИМ НАСИҲАТ ЁКИ ИБРАТ БИЛАН БЎЛАДИ

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси Матбуот хизмати

Болани тарбиялашда унга шафқат кўрсатиш, уни тақдирлаб бориш ҳам керак. Лекин бу хил ишлар: мақташ, мукофотлаш, ҳаддидан ошиб кетса, фақат зиён бўлади. Болага меҳрни ҳам, жазо беришни   ҳам меъёридан оширмаслик унинг яхши одобли бўлиши учун хизмат қилади. Одобнинг энг муҳим шартларидан бири ота ва она ҳурматини бажо келтиришдир.

 

“Бу икки зотнинг хизматларини бир хил бажаргин, бу хизматларни қанча кўп адо қилсанг, шунча оз”, деб берилган тарбия яхши натижаларни беради. Олдингизда иссиқ нонингиз, совуқ сувингиз, тинч уйқунгиз, бениҳоя офият турса-да, уни ким сиз учун муҳайё қилди? Албатта, ота-онанинг тинимсиз меҳнати туфайли. Агар кишиниг қиблагоҳлари ҳаёт бўлса, улар уларнинг иззатларини ўрнига қўйиши, вафот этган бўлсалар, улар номидан яхшиликлар қилиш керак, деб айтилади қадриятларимизда. Кўп суҳбатларда: “Уйимизга отам ёки онам келдилар”,  деб айтадилар. Мен дарров тузатаман уларни, жумла асли бундай бўлиши керак: “Уйимизга отам ёки онам келдилар эмас, балки ташриф буюрдилар дегин, сенинг учун улар мўътабор зотлар, сен ота-онангни йўқлаб ҳузурларига борасан, сен ташриф буюрмаган бўласан, балки уларни зиёрат қилгани борасан, улар эса сеникига ташриф буюрадилар”, деб тўғрилайман. Бу одоб юзасидан албатта улуғ, мартабали инсонларни бирон жойга қадамлари етса ташриф буюрган бўладилар. Ота-оналар эса энг улуғ инсонлардир.

Агар ота хонадонга ташриф буюрганда ҳамма оила аъзолар ўрнидан туриб, жой бўшатиш лозим. Уйнинг тўри уники.

 

 Ота билан фарзанд йўлда кетаётганда унинг изнисиз ундан олдин юрмаслик керак. Агар бирон сабаб билан уни етаклаётган ёки йўл кўрсатаётган бўлса олдинда юриши мумкин бу мумкин. Шунда отадан олдинга ўтса одобдан.

 

Одатда, ота фарзанд учун бирон нарса мерос қолдирмаса ҳам, ундан номус қилинмайди. Ҳозир баъзи ёшлар отамдан ҳеч нарса қолмаган деб нолиб юришади. Нақадар беодоблик. Отанг сени дунёга келишингга сабабчи бўлди. Боқди, кийинтирди, оилали қилди, шуни ўзи меросдан афзал эмасми?! Безовта бўлиш ноўрин. Аслида, ихтиёрингиздаги саодат калити, ҳисобсиз яхшилик, иқтидор, неъмат ва бошқа эзгу нарсалар отадан мерос. Ота ёнида ёки у кириб келганда ёнбошлаб ётилмайди. Бу ўта беодоблик ва хунук манзара. Бир назар ташланг, бунга кўп ҳам эътибор берилмаяпти ҳозирги ёшлар, оилаларда отанинг ёнида бемалол оёғини чўзиб ётганлар бисёр топилади. Шуни ёшлигидан болаларга ўргатишимиз керак. Бу ҳам ўзбекона одоб. Ота уйда йўқ бўлиб қолинган ўринда истеъмол қилинган нарсалардан алоҳида унинг учун олиб қўйилиши фазилатдир. Шу ўринда йигитлар гап гаштак, зиёфатларга бориб келиб оила аъзолари ҳузурида меҳмонда тановул қилинган ноз-неъматлар ва дастурхонни мақтаб ўтирадилар. Бундай бўлиши ҳам шу оила аъзолари учун ҳурматсизлик. Ким режалаштирилган зиёфатларга борса, уша зиёфатда нима дастурхонга қўйилган бўлса шунга тенг нарсани оиласига ҳам илиниши керак, ёки меҳмонга кетишдан олдин оиласига ҳам тансиқ овқатларни ҳозирлаб кетиши одобдан. Агар бу қўлидан келмаса яхшиси бормагани маъқул. Гап-гаштак, кўча зиёфатларига сарфлаган маблағини оиласига ва ота-онасига сарфлагани афзал. Оиласи ҳузур топгани яхши эмасми? Бу ҳозир жуда жиддий муаммо. Ҳозир рўзғори ҳаминқадар, аммо кўчада овқатланиб юрадиган олифталар кўпайиб кетди.

 

Яна бир оғриқли масала. Мансабли шахс бўлсанг ҳам отанг чақирганда отингдан тушиб, олдида ҳозир бўлишга шошил! Сен иш устида мансаблисан, отанг устида эмас! Бирон иш қўлидан келиб қолганда ёки мансабга ўтирганда отани менсимай қўйганлар ҳам йўқ эмас. Кўпинча фарзандлар ота-оналарга совға беришни яхши кўришади. Ажойиб одоб бу. Совғани катта-кичиги бўлмайди. .Ҳадяни аввал онага, сўнг отага берилиши маҳбубдир. Чунки онанинг ҳаққи болада отага нисбатан уч ҳисса кўпдир. Ҳатто ота-она бир вақтда чақириб қолсалар ҳам биринчи навбатда онага лаббай дейилади.Ота-оналар ҳаёт бўлсалар ҳам, вафот топиб кетган бўлсалар ҳам уларнинг ҳақларига доимо дуода бўлмоқ зарур. Фарзанд ҳамиша ота- оналарнинг юзларига тушган ажинлар, қўлларининг қадоқлари – ўзини ва ака-укалари, опа-сингиллари сабабли эканлигини идрок этиши керак. Улар фарзандларни боқаман деб не кўйларга тушмайдилар.

 

Онанинг фарзандга берган оқ сути лутфу – хурсандлик биландир, аммо фарзанднинг унга берган таоми баъзида миннатли ва озорли бўлиши беодобликдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун берган ҳар бир луқма лутфли бўлиши учун фарзанд камтарин бўлиши, меҳрибон бўлиши даркор. Баъзида иш кўплигидан, рўзғор ташвишидан ота-онани йўқлаш кечикади. Унга фарзанд ҳар куни кўриниш бериши, чунки унинг боласини кўриши фарзанднинг унга бир хум тилло туҳфа қилганидан ортиқроқдир. Ҳеч бўлмаганда телефон ёки телеграмм орқали боғланиб туриши керак.

 

Шунда ота-онанинг тириклигида бор имкониятинг ила унга тавозеъли ва ширин сўзли бўлиши, қачонки агар уни йўқотсанг армондан холи бўлади фарзанд.

 

 Ҳар куни бағрингга босиб, ҳаёт ота-онангни қучиб, у ҳам сени ҳар куни тўйиб қучса, ҳидларингдан, гўдаклигингда завқ олганини фарзанд эсидан чиқармаган бўлса ўзини зурриётларидан ўзига ҳам қайтади.

 

Тарбия доим насиҳат ёки ибрат билан бўлади. Шунинг у доим эслатиб турилиши керак. Гарчи, юқорида тилга олинган одоблар маълум бўлса ҳам уларни ўқитувчи-тарбиячи сифатида эслатиб ўтдик. Оила даврасида Сиз ҳам болаларингизга айтинг, бу фойдадан ҳоли бўлмайди.

 

Бахтиёр КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси.



Report Page