ТАН ОЛИШ

ТАН ОЛИШ

Акром Малик

Бир инсон бор эди – бой ва келишган,

Қўлида мол-мулки ажириқдай гап:

Душманлар ҳар ёқдан тортиб-талашган,

Аммо камаймагай давлати ҳеч вақт.

 

Унга маҳлиёдир қанча ақллар,

Парвонадир юзлаб мулозим, маддоҳ.

Афсонадек тарқаб турфа нақллар,

Ҳар ким тамаъ билан унга хайрихоҳ.

 

Болалари эрка, хотини эрка,

Жиянлари тантиқ, аммаси инжиқ.

Гўё қўлларида жонларин эрки –

Ажаб, атрофида ҳамма қизғанчиқ.

 

Егиси келмайди қўй гўштини ким,

Афтин буриштирар ким оппоқ нонга.

Кечагина олган яп-янги кийим –

Бугун ёқмай қолар фалончижонга.

 

Уловнинг тури кўп – ранго-ранг, қиммат,

Қанотсиз учади кўчалар бўйлаб.

Масжидга ҳам бориб олифта уммат,

Саждага эгилар обрўсин ўйлаб.

 

Пули кўп, моли кўп, ошна-дўсти кўп,

Ҳар кимнинг тилида офарин, олқиш.

Ялоқилар пой-у патагин ўпиб,

Зўрман деб ўйлайди қанча бояқиш.

 

Ўзининг тоғ каби баланд, серҳашам

Бойлик салтанатин тафаккур этиб,

Сукутга чўмарди, гўё чекиб ғам,

Гоҳида бойвачча хаёлга ботиб.

 

Кузата-кузата бобонинг холин,

Набираси берди савол ажойиб:

“Бобожон, йиғдингиз дунёнинг молин,

Нечун дилингизда ҳаловат ғойиб?”

 

Саволдан ҳайратга тушди бойбобо:

“Бу қадар синчковсан, Худо ёр, болам.

Сўзни бу саволдан қилдинг ибтидо,

Сўйлай, дилдан кетса, шоядки, алам.

 

Сен каби навқирон йигит эдим мен,

Пул дея елардим кечаю кундуз.

Тун-кунни кўрардим бир-бирига тенг,

Офтоб қўлимдаю, қўйнимда юлдуз.

 

Ҳеч ким-ла йўқ эдим, ишим, хаёлим,

Фақат тоқ тангамни дедим, жуфт қилай.

Истардим – кўп бўлса давлату молим,

Дердимки, фаровон, тўқ ва бой бўлай.

 

Худо меҳнатимни қилмади зое,

Не истадим – барин айлади ато.

Даштдек текис бўлди қошимда қоя,

Даштлар қўл остимда мулк бўлди, ҳатто.

 

Бора-бора қанча пулу мулким бор –

Ҳисобини билмай, қолдим лол-ҳайрон.

Лекин юрагимга секин-аста қор,

Ёғиб ҳаловатим қиларди вайрон.

 

Шунча мол ким учун? Кимга бу сарват?

Худди йиртқич каби ҳамма ёнимда –

Боримни талашга қилгай ҳаракат,

Шайтон ғингшиб турар жисму жонимда.

 

Барча топганимга боққанда ногоҳ

Муваққатлик мени қўрқитгай беҳад.

Зурриёдим, бўлгил ҳақ сўздан огоҳ:

Ҳаётда маъносиз яшаш мушаққат!

 

Бойликни гар ёқсанг, ёқиб қилсанг кул,

Сўнг бу кулни елда совурсанг, сочсанг;

Ҳолингга назар қил, бироз оқил бўл,

Ўзинг қабр сари югуриб қочсанг!

 

Бу қандай яшашдир, қандай ҳаёт бу,

Қандай тутум бўлди – ҳар не ўткинчи!

Ичингни тўлдирар исмсиз қўрқув,

Эзар аямасдан зулмат қўрқинчи.

 

Аммо бу ҳоллардан мастлар бехабар,

Ақлини бойлиги қилмиш занжирбанд.

Дунёни ҳар недан кўриб мўътабар,

Мастлик оғушида телбавор хурсанд.

 

Қанийди, сен каби бўлганимда ёш,

Чумоли сингари ўзимни асло

Бойликка урмасдим, токи осий бош

Бугун қилмас эди оҳу вовайло!..

 

Яъни топгай эдим устоди комил,

Ундан сўргай эдим маъно не эрур!

Умрим дарахтида надомат ҳосил

Тугмасин деб ундан тилар эдим нур.

 

Унга ўзлигимни этардим таслим,

Унга айлар эдим буткул сирим фош.

Токи ҳақиқатдан берсаю таълим,

Токи зулматимда порласа қуёш!..

 

Токи ишондимми, энди ҳар не иш,

Ҳар не ҳукм айласа, ўгирмасдим юз.

Қалбимда ихлосни қилиб парвариш,

Қошида муҳаққир чўккай эдим тиз.

 

Аминман, дилимнинг розини Худо

Ҳаммадан яхшироқ билгай, тинглагай.

То ихлос шартини айласам адо,

Тангрим устозимни ҳар дам ўнглагай.

 

Устоз агар урса, дердим ун ошим,

Сўкканини сўк ош дея ичардим.

Йўлларида қурбон ғариб бу бошим,

Сўзи учун дарё, денгиз кечардим.

 

Устоз ҳам кечмагай шогирдидан ҳеч,

Ҳеч дам ташвишини қилмас фаромуш.

Дуолар қилгайдир, тун-кун, саҳар, кеч,

Шогирднинг қалбини қўймагай хомуш.

 

Қутурган нафсимни жиловлаб мудом,

Шайтонимни ҳайдаб солгай эди у.

Бўғзимга адашиб кирса гар ҳаром,

Қустириб, чиқариб олгай эди у.

 

Мабодо ташласам қадам ножўя,

Тўғирлаб қўярди оёғимни у.

Мабодо йиқилсам, елкамдан суяб,

Кўрсатган бўларди маёғимни у.

 

Маърифату ирфон болини тутиб,

Ҳар недан кўнглимни тўқ қилар эди.

Кўзимнинг олдини мунаввар этиб,

Ваҳму даҳшатларни йўқ қилар эди.

 

Афсус, англамадим бундай сирларни,

Ҳар дам ҳақир кўрдим насиҳат аҳлин.

Қалбимга тўлдириб турфа кирларни,

Ўйладим: “Ҳар кимдан устундир ақлим”.

 

Бугун ёшим келди қайсидир жойга,

Бойлигу сарватга кўмилдим, мана.

Узатсам, етгайдир қўлим ҳам ойга,

Шон-шуҳрат майига чўмилдим, мана.

 

Лекин кўринмайди умримда маъно,

Лекин ҳис этмасман – яшамоқ недир.

Шул боис, эй болам, сен ҳам мабодо

Йўлга чиқсанг аввал йўлбошчи қидир.

 

Ҳамда этагини қўйиб юборма,

Сўзидан қилча ҳам чиқмагил, болам.

Дунё деб ўзингни сўйиб юборма,

Қалбинг иморат йиқмагил, болам.

 

Унутма, инсоннинг ўзи бир давлат,

Ақли тож, пок қалби тахтидир унинг.

Ҳамиша эшитса, ҳақ йўлга даъват

Ва ҳақда юрмоғи бахтидир унинг.

Report Page