ТАЛВАСА

ТАЛВАСА

ҳикоя



Негадир яқинлашиб келаётган вагон ичидаги машинистнинг кўзлари таниш кўринди. Қаерда кўргандим уни деб бир лаҳза ўйлагунча метро жойида тўхтади. Улгурмади. Метронинг тагига ўзини ташлашга улгурмай қолди. У сал орқароқ чекинди, вагон қаҳатмиди, деб ўйлади, беш дақиқа ўтмай кейингиси келади. Лекин машинист? Барибир, у таниш. Балки синфдоши ёки болаликдаги қўшнисидир. Ўзини унинг кўз олдида релсларга ташламагани яхши бўлди. Балки у эркак ҳам аёлни танирди, э бу фалончику, дерди. Кейин уни босиб кетдим деб бир умр ўзини айблаб юрарди. Тағин бип бинойи қиз эди, иродали эди, тиришқоқлигига ҳавас қилардик, нега жонига қасд қилган экин, деб ўйланиб қолар. Балки юзи қонга беланиб кетса танимасди ҳам. Уни севган ошиқларидан бири бўлиб чиқса-я? Жасадини қучиб йиғлармикин? У охирги пайтларда қиёфалардан чарчаганди – ҳаммаси таниш кўринар, лекин кимлигини эслолмасди.

Аёл ҳафсаласизлик билан метрони тарк этиб ташқарига чиқди. Қоронғу тушиб бўлганди. Нега ҳам метрога тушди, шу ерда ўзига қасд қилишни ўйлади? Ўзингни ўлдиришга фақат одам сабаб бўлади. Қадрли одаминг, бегона эмас. Бегоналар озор бермайди одатда. Бу дунёда агар ҳеч киминг бўлмаса ва сени ҳеч ким ташлаб кетмаган бўлса ўзингни балки ҳеч қачон ўлдирмаган бўлардинг ёки аксинчами? Тамоман ёлғизлар ҳам танҳолик азобига чидай олмай жонига қасд қилса керак.

Аёл суициднинг сабабларини аниқлашдан боши ғовлаб бу хаёлни тарк этди. Унга сабаб эмас, натижа керак. Бугунми – бугун. У балиқ ови бароридан келмаган чол каби уйга яна сўппайиб қайтишни, яна ўша совуқ ва одамни эзувчи ётоқхонасига киргиси келмади. Шу атрофда анҳор борлиги ёдига тушди. У ерга баҳорда сувлар тошиб оққан кезлари кўп борарди. Бир йигит билан. У бир зум тўхтаб, ўша йигитнинг кимлигини эслашга уринди. Лекин ғира-шира. Эслолмади. Аммо анҳор ёнида ўсиб ётадиган улкан мажнунтоллар чиройли эди ўшанда. Қиз унга бошқача ҳайрат билан тикиларди ҳар сафар. Мана, анҳор кўринди, унинг ёнидаги мажнунтоллар ҳам. Улар бирам қари, бирам зерикарли ва бирам хорғин тизилиб туришарди. Кузнинг охири бўлгани учундир балки. Шубҳасиз. Баҳор ўтди. Куз келди. Аёл умрининг кеч кузида турганини ҳис қилди. У қишга кириб боришни ва юраги муздек қотишини истамайди. Юрак тириклиги, юрак ниманидир ҳис қилиб турганида барига нуқта қўйган маъқул. Анҳор узра қурилган кўприкка чиқди. Ҳеч ким йўқ. Кўча совуқ, бу ерда ким ҳам манзарадан баҳраманд бўларди? Ёқимли манзаранинг ўзи йўқ. Қарғалар қағиллаяпти. Аёл кўприкнинг энг тепасига чиқиб пастга қаради: анҳорда сув жуда саёз эди. Ҳатто ҳарсангтошлар бўртиб турибди. Аёл у ерга ўзини ташлаб сувда чўкиб ўлмаслигига ишончи комил эди. Ёки бирор тошга урилиб боши ёрилади, умуртқаси синади. Сўнг бир умр ногиронлик аравачасида умрини ўтказишга тўғри келар. У йиғламоқдан бери бўлиб кўприкнинг нариги тарафидан тушди ва йўлак бўйлаб кетаверди. Қаерга эканини билмас, муҳими бу йўл уйга элтмаса бас эди. Кун эса тобора совиб борарди.

***

Кейин бекатда анча ўтирди. Начора, уйига қайси автобус боришини эслашга уринди. Бир пайт ёнига машина келиб тўхтади.

– Қаерга борасиз? – деди эркак ойнани тушираркан. – Олиб бориб қўяман.

Аёл нигоҳларини унга қаратмай секин машинага ўтирди. Эркак у томонга ўгирилди. Машина иссиқлигини баландлантирди. Аёл бир нуқтага тикилганча қотиб турарди. Исиниб олиши керак, ўйлади эркак индамай. Бир оз ўтиб сўради:

– Қаерга?

Аёл енгил сесканди. Қаерда эканини англолмай кўчага аланглади. Машинада эканини тушунгач, тин олди. У таксичига қараб, секин деди:

– Тўғрига.

Аёл кўзларини юмди ва бугунги қарори ҳақида ўйлаб кетди. Нақадар бемаънилик. Ахир ота-онаси бунга қандай чидайди? Наҳотки, уларгаям шу оғриқни раво кўрсанг? Ўзинг ҳис қилаётган изтиробни улар ҳам чекишини истасанг? Нима бўлди ўзи? Анча ўзига келиб қолганди. Дориларини ичмай қўйиб бекор қилди. Лекин негадир бугун эрталабдан ёмон руҳда уйғонди. Бунга туши сабаб бўлди. Жуда ёмон туш. Тушида боласи сувга чўкиб кетибди. Қутқариш учун югурай деса оёқлари ўзига бўйсунмайди. Уйғониб ҳайрон бўлди, ахир у бола туғмаган-ку? Нега бунчалик изтироб чекяпти? Ўзини сайёрада қолган охирги одам каби сезди.

– Қаерга борасиз? – таксистнинг саволи уни яна реалликка қайтарди.

– Бирор тинч жойга, меҳмонхона бўлса ҳам майли, – деди у уйга боришни истамай.

Эркак машинани ортга бурди. Манзилга етиб келгач орқага ўгирилиб қараса, аёл кўзларини юмиб ётарди. Машина тўхтагач ҳам кўзларини очмади. Ухлаб қолибди, ўйлади эркак. Билагидан секин туртди.

– Келдик.

Аёл аранг машинадан тушди.

– Бу қаер? – сўради.

– Хонадон.

Аёл иккиланиб тўхтаб қолди.

– Истасангиз шу ерда тунаб қолишингиз мумкин.  

– Ўзингизнинг уйингизми?

– Ҳа.

Эркак дарвозадан ичкарига кирди. Аёл остонада тураверди.

– Киринг, – деди эркак унга. – Ижарага олишингиз мумкин исталганча.

– Калитни менга ташлаб, бу ердан кетасизми? – сўради у.

– Шундай. Уйни бир таништириб қўяман.  

Аёл иккиланиб ичкарига кирди. Эркак беихтиёр унинг билагидан тутиб дарвозани ёпди.

– Менга яқинлашманг. Эшикни очинг, – деб бақирди аёл. Эркак шунда хато бўлди деб ўйлади, ҳайиқиб чироқни ёқди. Атроф ёришди: боғдаги гулзор аёлнинг эътиборини тортди. 

– Ҳаммаси жойида… тинчланинг.  

Аёл қошларини чимирди. Кейин нафасини ростлаб, паст, аммо қатъий оҳангда деди:

– Мен сен ўйлаган аёл эмасман. Кетаман. Йўлимдан қоч.

– Яхши, – эркак сокин тортди. – Мени нотўғри тушундингиз. Майли. Унда… сизни элтиб қўяман.

– Шарт эмас, – аёл эҳтиёткорлик дарвозага қўл чўзди. Эркак йўл бўшатди. – Ўзим етиб оламан.

– Қоронғуда яна бир бошқа таксистга йўлиқманг. Бунинг устига совуқ кўча. Қаерга олиб борай? Мусофирмисиз? Тунашга жой керакми?

– Уйим бор. Ўша ерга бораман.

– Майли, юринг, – эркак эшикни очди. Аёл шошилиб ташқарига чиқди. Эркак ҳам ортидан борди. Катта йўлга чиқишгач, аёл енгил тин олди. Ён атрофга қараб, ўзини хавфсиз ҳис қилди. Гарчи кўчада ҳеч ким бўлмасада, барибир энди у тинчланганди.

– Узр сўрайман.

Эркак ҳам энди оддий рисоладаги одамдек кўринди кўзига. У машинасига имо қилди.

– Элтиб қўяман. Манзилни айтинг.

Аёл айтди. Сўнг машинага ўтириб жўнашди.

Аёл йўл бўйи ўзини қоралаб кетди. Энди фикри тиниқлашиб, ҳаёт қадри оша бошлади. Анави эркак уйига қамаб, зўрлаб сўнг ўлдириб бирор зовурга ташлаб кетганда нима бўларди? Ҳа, ўлишни истаганди – ниятига етарди. Изсиз йўқолиб кетарди бу дунёдан. Оҳ… яшаш керак, яшаш шарт. Шунчаки ўлиб кетиб бўлмайди. Жонингдан тўйган бўлсанг ҳам қасдма қасд узоқ яша. Кўзига балодек кўринаётган уйи ўша он бирам азиз туюлди. Мана, етай деб қолди. Эркак йўлдан кўз узмай, аёлга қарамай хотиржам ҳайдаяпти машинани. Энди унга разм солди – ёш йигитча деб ўйлаганди, йўқ ўзига тенгқурга ўхшаяпти. Сочлари ўсиқ, қошларини ёпиб турибди, бироз соқол ўстирган, кўзлари аллақандай маҳзун.

Манзилга етиб келгач, аёл қуруққина қилиб раҳмат айтиб тушиб кетди. Эркак ҳам индамай жўнади. Аёл хонасига кираркан, қаттиқ чарчаганини ҳис қилди. Кийимларини алмаштирмай ётоққа ўзини ташлади.

***

Эркак ташқарида бир муддат тамаки тутатди. Тунни шу ерда, машинада ўтказганим маъқул, деб ўйлади. Аёл анчадан бери кўчага чиқмасди, бугун бирдан метрога тушиши эркакни сергаклантирди. Ортидан пойлади. Кутилмаганда севишган пайтлари бирга кезган анҳорга бориши эркакнинг умидини ёқди. Машинасини тўхтатиб унга гапиришга жазм қилди, бироқ аёл уни бу гал ҳам танимади. Ўйлаб қўйганидек, беш йил аҳил-иноқ бўлиб яшашган, илк фарзандлари тетапоя қилган уйига олиб борди. Яхшики, танимади, аммо қўрқувга тушди. Йигирма кунлар аввал супермаркетда аёлнинг ёнидан ўтаётиб, қўлидаги пакетни «тушириб юборганда», аёл унга хушмуомалик билан олмаларни теришга ёрдам берган, ҳатто қаҳва ичишга ҳам рози бўлганди. Бироқ эсидан чиқиб келган шекилли, эртасига уйи ёнидаги қаҳвахонага чиқмади. Эркак у билан «қайта» танишолмади.

Бугун эса унда ёқимсиз таассурот қолдиргани аниқ.

Эркак машинасига ўтириб бўлмачадан сурат чиқарди. Унда аёл, ўзи, жажжи ўғли жилмайиб турарди. Ўша оғир кунлар эсига тушиб эзилди. Ўғилчаси соғлом эди, биринчи марта шамоллаб қолди. Поликлиникага олиб чиққанда, бир нечта дори ёзиб беришди. Суюқ дорини ичгач, бола анча тинчланиб ухлаб қолди. Бир неча кун ичиришди. Болакай тузалгандек инжиқлик қилмай қўйди. Лекин бир оқшом лаблари чети кўкариб, бадани совиб кетгач, эру хотин зудлик билан шифохонага олиб боришди. Жонлантириш бўлимида ётди. Жажжи жон ҳаёт учун курашди. Оддий шамоллашдан вафот этиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Бироқ унинг ўлимидан кейин бу каби ташхис билан касалланган болалар сони кўпайиб, охир оқибат иситма туширувчи дори нобоп таркибда ишлаб чиқарилгани ва ўнлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлгани маълум бўлди. Суд ҳам бўлди, эркак буларга аралашмади, у ўғлини йўқотганига кўникмай туриб, аёлининг телбасифат бўлиб қолганидан қаттиқ ташвишда эди. Боласининг ўлими унинг руҳиятини издан чиқарди. Талвасага тушган аёлни диспансерда узоқ олиб қолишди. У ердан чиққанида эса эрини ҳам, ўтмишини ҳам эслолмасди. Шифокорлар бу унга яхши бўлишини айтишди.

Аёл қизлик уйида, ота-онаси билан яшай бошлади. Хотирасидаги узуқ-юлуқ ўтмиш изларига таяниб кун кечирди. Олти ойки, эркак уни зимдан доим кузатиб юрар, қаршисига дадил чиқа олмас, уни кўрса боласи ҳам ёдига тушиб касали қўзғашидан қўрқарди. Бироқ кўчада тасодифан унга бир неча марта тўқнашиб кўрди, мана бугун суҳбатлашди – аёл уни мутлоқ танимади.

Эркак машинада пинакка кетди. Эрталаб аёл одатига кўра, нонга чиқса керак. Шунда уни гапга солади. Бугунги воқеа учун узр сўрайди. Балки гаплари қовушар. Сўнг бир неча кун ўтиб яна юзлашиб, қаҳвага таклиф қилади. Кўнглида илиқлик уйғотолса бас. Дўстлашиб олишади. Эркак уни магистратурада ўқишга ундайди – аёл шу билан чалғийди, мақсад пайдо бўлади, кейин ишга жойлашиб олар. Руҳияти изига тушиб кетса, унинг қўлини сўрайди. Яна турмуш қуради. Яна фарзандлари туғилади. Ўша бахт қайтади. Эркак энтикди. Сўнг ухлаб қолди.

Уйғонганда кун аллақачон ёришганди. У соатига қараб, нонвойхона томон юрди. Ярим соатча кутгач, аёлнинг келаётганини кўрди. Юраги илк учрашувлари пайтидек тез урди. Аёлнинг кайфияти яхши, тиниқиб ухлаган, қўшиқ хиргойи қилганча қадам ташларди. У тандирдан энди чиққан иссиқ нон олди. Эркак ҳам каловланиб унинг ортида туриб нонвойга пул узатди.

– Иккита беринг.

Аёл унга ўгирилиб қаради. Эркак ҳам тасодифан учрашиб қолгандек ҳайрон бўлиб боқди.

– Вой, келдингизми, дадаси. Юринг, уйга кира қолайлик. Хизмат сафарингиз тугадими ниҳоят?

Эркакнинг юраги шув этиб унга тикилиб қолди. Аёл эса унинг қўлидан судради.

– Бўла қолинг, дедим. Кечаси билан иситмалагани учун боя ўғлимизга дорисини ичириб чиққандим. Бувисига ҳам тайинладим. Келганингиз яхши бўлди, бугун уйга қайтамиз.

Аёл эркакка нон солинган пакетни тутқазиб, билагидан қўлтиқлаб олганча уй томон шошарди. Эркак эса музлаб қолганидан аёлнинг илиқ қўлларини ҳам, иссиқ нонни ҳам ҳис қилмасди…

 

Нодирабегим Иброҳимова

2024

 

 

 

 


Report Page