ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИЗ МАНЗИЛГА ЕТА ОЛМАЙМИЗ...

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИЗ МАНЗИЛГА ЕТА ОЛМАЙМИЗ...





Сўнгги йилларда барча соҳалар каби ёшлар ва уларнинг таълим-тарбияси йўналишида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар самараси, аввало, аждодларимиздан қолган бой маънавий мерос ҳамда эзгу таълимотни ёшлар онгига сингдириш, уларни имон-эътиқодли, Ватанга садоқатли, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш мисолида яққол намоён бўлмоқда. Зеро, ёшларимизнинг аждодларимиз каби дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган инсонлар қилиб камолга етказиш бугунги кунимизнинг энг долзарб масаласидир.


Юртимизда одоб-ахлоқ, таълим-тарбия масалаларига азал-азалдан катта аҳамият бериб келинган. Олимларимиз қадимдан адаб илмини чуқур ўрганиб, уни ривожлантириб келганлар. Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғларнинг ўгитларида инсон маънавий камолотининг асоси бўлган одоб-ахлоқ ва тарбиянинг барча жиҳатлари ўз ифодасини топган. Ёшларга илм-маърифат, чиройли одоб-ахлоқни ўргатиш савобли амал сифатида шарафланган. 

Зеро, фарзандларимиз барча соҳада илғор бўлишлари учун, албатта, гўзал одоб-ахлоқли бўлишлари лозим. Кишида одоб бўлса, илм ҳам бўлиши лозим. Чунки одоб ақлга боғлиқдир. Ақл устига одоб ҳам қўшилса, нур устига нур бўлади. Улуғликка эришиш учун ақлу одоб жуда зарур. Чунки одобли, тарбияли инсон табибга ўхшайди, у билан суҳбатлашиш кўнгилдаги ғамни қувади.

Президентимизнинг ёшларга қарата айтган қуйидаги фикрларида ҳам ана шу умрбоқий даъват мужассамдир: “Биз Янги Ўзбекистонни бунёд этишда соғлом ва баркамол ёшларимизни ҳал қилувчи куч деб биламиз. Шу мақсадда уларнинг билим, маданият, санъат ва спорт бўйича салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш борасида ҳам янги тизим яратамиз. Такрор ва такрор айтаман: Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни – билим, таълим ва тарбия бўлади!” 

Бу даъват, айниқса, бугун, ёшларимизнинг турли ғайриинсоний ва ғайриқонуний иллатлар тузоғига тушиш хавфи кучайган бир шароитда такрор-такрор кун тартибига чиқмоқда. Жумладан, бугун ўзини юрт тақдирига дахлдор деб билган ҳар бир инсон биз қуйида санаб ўтадиган муаммолардан ташвишга тушмоқда: 

– ёшларимиз виртуал ҳаётга берилишлари натижасида реал ҳаётдан узилиб қолишяпти; катталарга ҳурмат, кичикларга иззат каби шарқона фазилатлар йўқолиб боряпти;

– ота-она, ўқиш ёки юмушларидаги муайян масъулиятдан қочишлари, мустақил фикрга эга эмасликлари, жамоат жойларида ўзларини идора эта олмасликлари натижасида ёшлар хулқ-атворида кўпчиликка хуш келмайдиган хатти-ҳаракатлар кучайиб боряпти;

– ота-оналар моддият ортидан қувиб, фарзандларига кам вақт ажратишяти, назоратни сусайтириб юборишяпти. Оила даврасида самимий суҳбатларнинг йўқлиги, ота-оналарнинг ўзлари ижобий намуна бўла олмаётганлиги бу жараённи авж олдиряпти;

– аксарият ёшлар медиа оламидаги “машҳур”ларнинг ҳаёт тарзига кўр-кўрона тақлид қилишмоқда, бу эса уларни ҳақиқий мақсаддан чалғитиб, ора йўлда қолдиряпти. 

Юқорида саналган муаммоларни бартараф этиш учун ёшлар билан доимий мулоқот қилиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида уларни турли хил тўгарак ва қўшимча дарс машғилотларига жалб этиш, китобхонликни тарғиб қилиш ниҳоятда зарур. Бу жараёнда буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг қуйидаги фикри ҳар биримиз учун дастуриламал бўлмоғи керак: “Боланинг хулқ-атворини яхшилашга, тегишли парваришни амалга оширишга, боланинг теварагида у ёқтирмайдиган бирорта нарса ёки ҳодисанинг бўлмаслигига эътибор қаратилиши даркор”.

Бинобарин, жадид маърифатпарвари Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласи” экан, бу борада сусткашликка йўл қўйишга асло ҳаққимиз йўқ.


Ҳофиз РАҲИМБОЕВ,

Олий мажлис Қонунчилик палатаси 

ҳузуридаги ёшлар парламенти аъзоси

Report Page