ТАЪЛИМ ФИДОИЙЛАРНИ УНУТМАЙДИ
Мамлакатимизда “9 май - Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Халқ таълими тизими раҳбар ва педагог ходимлари томонидан меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиш ҳайрия тадбирлари давом эттирилмоқда.
Хусусан, Халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан Тошкент вилоятида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳамда фронт ортида хизмат қилган, узоқ йиллар таълим соҳасида фидокорона меҳнатлари билан эл-юрт хурматига сазовор бўлган 10 га яқин меҳнат фахрийлари холидан хабар олиниб, улар билан оғир ва машаққатли йилларда олиб борган меҳнатлари, ўқувчи-ёшларга берган билим ва кўникмалари ҳақида дилдан суҳбатлар уюштирилмоқда.

Жумладан, Халқ таълими бошқармаси томонидан вилоятда истиқомат қилаётган иккинчи жаҳон урушининг даҳшатлари ва аянчли оқибатларига гувоҳ бўлган ҳамда совуқ уруш даврида узоқ йиллар педагог касбига содиқ қолиб, ёшларга таълим ва тарбия бериб келган устоз фахрийларнинг рўйхати шакллантирилиб, жорий йилнинг 1 май куни вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н.Рахмонкулова ҳамда вилоятдаги туман, шаҳар Халқ таълими бўлими мудирлари томонидан ушбу устоз фахрийлар ҳолидан хабар олинди.

Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Н.Рахмонкулова Юқори Чирчиқ ҳамда Бекобод туманларида бўлиб, туман халқ таълими бўлими мудирлари билан биргаликда Бекобод туманидаги Юнусов Мирсаид ва Шерматов Ином оталар ҳамда Юқори Чирчиқ туманидаги Баймурзаев Бексеит ота хонадонларида бўлишди.
Уруш қатнашчилари ҳамда таълим фидойилари бўлган ушбу мўътабар нуронийлар ўзларининг таълим соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашишди. Нуронийларимиз ташрифдан бошлари осмонга етганлигини таъкидлаб, давлатимиз, халқимиз фаравонлигини, таълим соҳасини ривожи учун дуои фотиҳалар қилишди. Кекса ва нуронийларни эъзозлаш, уларни ватан олдидаги буюк хизматларини ёд этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ушбу ҳайрли ишлар вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан барча туман (шаҳар)ларда давом эттирилмоқда.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ