ТАЛАБАЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР

ТАЛАБАЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР


Менга Халқаро муносабатлар факультетининг 1- ва 2-курс талабалари менга халқаро ҳаётда юз бераётган айрим муҳим воқеалар юзасидан бир қатор саволлар билан мурожаат қилишди.

Уларнинг саволлари бугунги халқаро муносабатларнинг энг долзарб масалаларини қамраб олгани билан эътиборли. Шу боис, уларга жавобларни кенгроқ изоҳлашни мақсадга мувофиқ деб билдим.

Савол: Устоз, Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси бошланди. Бу галги сессия олдингиларидан нимаси билан фарқ қилади?

Жавоб: БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси 2026 йил 8 сентябрда Нью-Йоркда ўз ишини бошлади. У 2027 йил 7 сентябрга қадар давом этади.

БМТнинг барча 193 аъзо давлати Бош Ассамблеяда иштирок этади ва ҳар бир давлат битта овозга эга. 81-сессияга Бангладеш ташқи ишлар вазири Халилур Раҳмон раислик қилмоқда. Сессиянинг расмий шиори — «Ишончни тиклаш, трансформацияни бошқариш: барча учун натижа берадиган БМТ сари».

Бу галги сессияни оддий навбатдаги дипломатик анжуман сифатида баҳолаш қийин. Чунки у халқаро тизимда жиддий ўзгаришлар кечаётган, давлатлар ўртасида ишонч инқирози кучайган, қуролли можаролар ва геосиёсий рақобат кескинлашган, иқлим ўзгариши, пандемия хавфлари, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги каби масалалар долзарб бўлиб турган бир шароитда ўтмоқда.

Шу нуқтаи назардан, 81-сессиянинг муҳим жиҳатларидан бири — БМТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ва самарадорлиги масаласининг янада кескин қўйилаётганидир. БМТни ислоҳ қилиш, кўп томонлама дипломатияни кучайтириш, Хавфсизлик Кенгашининг вакиллик даражаси ҳамда ишлаш механизмларини такомиллаштириш каби масалалар кун тартибидан тушмаяпти.

Айни пайтда 22–28 сентябрь кунлари Бош Ассамблеянинг юқори даражадаги ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. 22–26 ва 28 сентябрь кунлари умумий мунозараларда давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда юқори мартабали вакиллар иштирок этиб, жаҳон ҳамжамияти олдида ўз мамлакатларининг позиция ва устувор вазифаларини баён қилмоқдалар.

Бу йилги сессия доирасида иқлим ўзгариши, денгиз сатҳининг кўтарилиши, пандемияларга тайёргарлик, ядровий қуролсизланиш, тараққиёт ҳуқуқи каби масалаларга бағишланган қатор юқори даражали тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.

Шу маънода, Бош Ассамблея минбари нафақат давлатларнинг ўз миллий позицияларини баён қиладиган, балки халқаро ҳамжамият олдида глобал муаммоларга умумий ечим излаш учун мулоқот майдони бўлиб қолмоқда.

Савол: Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг АҚШга ташрифи ҳозир жуда шов-шув бўляпти. Шу ҳақда ўз фикрингизни билдирсангиз.

Жавоб: Аввало, бу ерда бир муҳим аниқлик киритиш лозим. Масъуд Пезешкиённинг АҚШга ташрифи икки томонлама Эрон–АҚШ муносабатлари доирасидаги давлат ташрифи эмас. У Нью-Йоркка БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида иштирок этиш ва нутқ сўзлаш учун келди.

Унинг куни-кеча 23 сентябрдаги Бош Ассамблея нутқи Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда кескинлашган шароитда бўлиб ўтди.

Пезешкиён АҚШ сиёсатини кескин танқид қилгани ҳолда, дипломатия ва музокараларга эшикни бутунлай ёпмаслигини ҳам билдирди. Хусусан, у куч ишлатиш тилисиз дипломатия ва музокараларга тайёрлик ҳақида гапирди.

Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Эрон ва АҚШ вакиллари ўртасида мулоқот ҳам ўтказилгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Бу, албатта, икки давлат ўртасидаги барча муаммолар ҳал бўлди, дегани эмас.

Аммо дипломатиянинг муҳим хусусияти шундаки, энг кескин қарама-қаршиликлар шароитида ҳам мулоқот каналини сақлаб қолиш мумкин.

Шунинг учун М.Пезешкиённинг Нью-Йоркка келиши ва БМТ минбаридан дипломатия ҳақида гапиришига фақат икки давлат ўртасидаги зиддият нуқтаи назаридан қараш тўғри бўлмайди. БМТ каби универсал халқаро майдонлар қарама-қарши давлатлар учун ҳам бир-бирини эшитиш, ўз позициясини халқаро жамоатчиликка етказиш ва зарур ҳолларда билвосита мулоқот олиб бориш имконини беради.

Савол: Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаганида Исроил делегацияси залдан чиқиб кетди. Бу нимани англатади? Зални тарк этиш дипломатик амалиётга қачон кирган?

Жавоб: Делегация вакилларининг мажлис залини тарк этиши — дипломатик муносабатларда рамзий сиёсий норозилик шаклларидан бири. Бундай ҳаракат орқали давлат муайян нутқда ифодаланган позицияни қабул қилмаслигини ёки уни тинглашда иштирок этишни истамаслигини намойиш этади.

Бу ҳаракатнинг муҳим хусусияти шундаки, у дипломатик муносабатларни автоматик равишда узишни англатмайди. Делегация зални тарк этганидан кейин ҳам ўша давлат БМТ аъзоси бўлиб қолаверади ва ташкилотнинг бошқа мажлисларида иштирок этиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, бундай ҳолатлар БМТ тарихида анча олдин ҳам бўлган. Масалан, 1955 йилда Франция ташқи ишлар вазири Антуан Пине Бош Ассамблея Алжир масаласини муҳокама қилишга қарор қилганидан кейин Франция делегацияси билан зални тарк этган.

Кейинчалик бу усул турли давлатлар томонидан қўлланилган. Масалан, 1980 йилда АҚШ вакили Эрон делегацияси нутқи вақтида зални тарк этган, бу ҳаракат Теҳронда гаровда ушлаб турилган америкаликлар масаласи билан боғлиқ норозилик сифатида изоҳланган. 2009 йилда эса АҚШ, Австралия ва яна бир қатор давлатлар Маҳмуд Аҳмадинажод нутқи вақтида залдан чиқиб кетган.

Замонавий дипломатияда бундай ҳаракатнинг мазмунини шартли равишда қуйидагича ифодалаш мумкин:

«Биз ушбу нутқда ифодаланаётган позицияни қабул қилмаймиз ва ўз норозилигимизни залдан чиқиб кетиш орқали намойиш этмоқдамиз».

Савол: БМТ Бош котиби лавозимига сайловлар қандай ўтмоқда? Қайси номзоднинг сайланиш имконияти кўпроқ?

Жавоб: Бу саволга жавоб беришда, аввало, БМТ Бош котиби лавозимига сайлов механизмининг ўзига аниқлик киритиш керак.

БМТ Низомининг 97-моддасига мувофиқ, Бош котибни Хавфсизлик Кенгашининг тавсияси асосида Бош Ассамблея тайинлайди. Шунинг учун Хавфсизлик Кенгаши ушбу жараёнда муҳим роль ўйнайди.

Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзоси мавжуд бўлиб улардан бештаси АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Франция доимий аъзо ҳисобланади ва вето ҳуқуқига эга. Шу сабабли номзод ушбу беш давлат томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши зарур.

2026 йилги жараён аввалги сайловларга нисбатан очиқроқ кечмоқда. Жами саккиз нафар номзод БМТ Бош котиблиги учун курашмоқда. Улар қуйидагилардир: Ребека Гринспан (Коста-Рика), Каролин Родригес-Биркетт (Гайана), Рафаэль Мариано Гросси (Аргентина), Маки Салл (Сенегал), Мария Фернанда Эспиноса (Эквадор), Олара Отунну (Уганда), Ивонн Баки (Эквадор) ва Мишель Бачелет (Чили).

Ҳозирга қадар барча номзодлар ўз сайловолди дастурларини тақдим этдилар. 2026 йил 18 сентябрда ўтказилган норасмий сўров натижаларига кўра, Коста-Рикадан Ребека Гринспан 9 та «қўллаб-қувватлайман» овози билан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Гайанадан Каролин Родригес-Биркетт 8 та овоз тўплаган.

Бироқ бу ҳали охирги натижалар эмас. Барчаси Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларининг позициясига боғлиқ.



Report Page